Меню

Қашқадарё

29.05.2018 1721

УЙДА ТОВУҚ БОҚИБ, МЕҲНАТ СТАЖИГА ЭГА БЎЛИШ МУМКИН...МИ?

Ушбу саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Искандар БЕКНАЗАРОВ жавоб беради:

- Чиндан ҳам юртимизда кимдир уйида пилла боқади, яна биров ҳовлисида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиради, қорамол ёки товуқ парваришлаб, уни даромад манбаига айлантиради. Хуллас, бекор ўтирмайди. Унинг бу фаолиятидан давлатга ҳам маълум маънода наф келади. Бироқ бу тоифадаги шахслар пенсия ёшига етганда асосий муаммога дуч келишади. Чунки вақтида турли солиқлар тўланмаган, стаж эса йўқ.

Бу борадаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг   2011 йил  8 сентябрдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талаблари асосида тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, энди пилла боққан кишининг ҳам ушбу фаолияти стажга ўтади. Фақат...

Барчамизга маълумки, пилла қурти кўпи билан бир ой давомида парваришланади. Тирик пилла қуртини парваришлаган шахслар, ипакчилик тармоғи корхоналари ва фермер хўжалиги ишчилари бўлиши ёки улар билан шартнома тузиб, касаначи сифатида  ишлаган бўлиши керак.

 Бундай ишчилар пиллани боқиб, ипакчилик тармоғи корхоналарига топшириб, шу учун олган иш ҳақлари (пилла пули)дан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлаган бўлсалар, бир ой пилла боққан даври бир йил меҳнат стажи сифатида ҳисобга олинади.

Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб деҳқон хўжалиги ва   4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд  50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар, белгиланган тартибда бир йилда энг кам иш ҳақининг камида 1 баробари миқдорида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадали тўласалар, ушбу давр бир йил қилиб меҳнат стажи сифатида ҳисобга олинади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 8-моддасига асосан камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган фуқароларга тўлиқсиз ёшга доир пенсия тайинлаш назарда тутилган.

Бу тоифадаги фуқароларимиз бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги  Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганда суғурта бадали тўланган даврлари меҳнат стажига қўшилади.

Деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнат дафтарчаси уларнинг доимий яшаш жойи бўйича пенсия жамғармаси бўлимида фаолиятни амалга оширишнинг бутун даври давомида сақланади ва юритилади. Агар деҳқон хўжалигидаги меҳнат фаолияти фуқаро учун қўшимча ҳисобланса, унинг меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида юритилади.

Ш.БОЗОРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!