Меню

Қашқадарё

27.03.2020 1589

УЙДА ҚОЛИНГ, АММО ВАҚТИНГИЗ БЕКОР КЕТМАСИН

Томорқа - даромад ва саломатлик манбаи

Коронавирус инфекцияси оммавий тарқалиб кетмаслиги учун, имкон борича уйда қолинг! Уйда ўтириб ҳам ишлашингиз, синовларни енгиб ўтишингиз, даромадли ва соғлом бўлишингиз мумкин. Бунинг энг қулай ва самарали йўли - томорқани гуллатиш эканлигини вилоятимиздаги бир неча оилалар мисолида яққол кўриш мумкин.

Мисол учун, Нишон туманидаги Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилувчи бир қатор оилалар хонадонига кирсангиз, бу ерларга баҳор анча эрта келганга ўхшаб туюлади. Атрофдаги яшилликдан баҳри дилингиз очилади.

Масалан, фахрий ўқитувчи Зоя момо Атакулова хонадонида ўсаётган анжирлар барг чиқармасидан бурун ҳосил солганга менгзайди. Чунки барглари эндигина миғжа урмоқдаю ҳосили данакдек келиб қолган. Пакана нок дарахтининг оппоқ гуллари кўнгилга ҳузур беради.

Хонадон аъзолари 1,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилишиб, помидор, бодринг, булғор қалампири каби экинларни экишган. Улар ҳам, ташқарида экилган эртаки картошка ҳам томчилатиб суғорилади. Зоя момонинг ўғли Худойберди Атакуловнинг айтишича, экинларга энг аввало меҳр керак. Шунда баравж ривожланади. "Иссиқхонада сокин мусиқалар оғушида меҳнат қиламан. Бу ғайратимга ғайрат қўшишдан ташқари, экинлар ривожи учун ҳам кони фойда", дейди у.

Қора шаҳзода, фикус, Хитой атиргули, Канар палмаси, алоэ, герань... Зоя момонинг ён қўшниси Мурод Иватов хонадонида шу каби ўнлаб турдаги бири-биридан гўзал ва жозибадор гуллар етиштирилмоқда. Унинг мўъжазгина гулхонасида бир донаси бозорда 100-150 минг сўмдан сотиладиган ноёб гуллар ҳам сероб. Турмуш ўртоғи Ҳалима Шерхонова билан мана беш йилдирки гулчилик билан шуғулланишади. Ҳар йили минглаб гул ва гул қаламчаларини парваришлаб, сотувга чиқаришади. Даромад ҳам шунга яраша.

- Юзга яқин гул турларини парваришлаймиз, - дейди Мурод Иватов. - Тўғри, ҳар бирининг ўзига яраша инжиқликлари бор. Ҳар бири алоҳида парвариш, меҳнат талаб қилади. Лекин даромади чакки эмас. Ҳар йили 2,5-3 мингта гулни гултувакка ўтқазиб сотамиз. Қолаверса, 10-12 мингта гул қаламчаларини бозорга чиқарамиз. Шунинг ортидан рўзғоримиз бут. Ерга меҳр бериб меҳнат қилган, изланган одам, албатта, унинг роҳати, самарасини кўради.

Навбаҳорлик Аваз Ражабов хонадонидаги тўкин-сочинликка ҳам кўпчиликнинг ҳаваси келади. Бунда томорқадан келаётган даромад катта аҳамиятга эга. Аваз бобо бундан 3 йил илгари пенсияга чиққанди. Фарзанди Асад билан кенгашиб, томорқанинг 3 сотихча жойида иссиқхона барпо этишди. Иссиқхонада помидор, бодринг етиштириб, ҳар йили уч мартадан ҳосил олишмоқда. Уста деҳқонлар томонидан иликузилди пайти, деб таърифланадиган айни кезларда Аваз бобо хонадонида помидор ғарқ пишган. Бобонинг айтишича, ҳар бир ҳосилдан 15-20 миллион сўмдан даромад олишади.

Маҳалладаги Баҳодир Худойназаров хонадони эса мўъжазгина мажмуани эслатади. Хонадонда паррандачилик йўлга қўйилган. 100 бош товуқдан бир кунда йўқ деганда 50-60 та тухум бор. Қолаверса, хонадондаги инкубаторга бир мартада 1500 тагача тухум қўйилади. Жўжалар 19-21 кунда очиб чиқади. Хонадон соҳиби жўжаларнинг бир қисмини парваришлаш учун олиб қолиб, қолганини пуллайди. Қолаверса, уч ойча илгари харид қилган бир дона қуёни бугун 25 тага етибди. Икки бош қўйнинг ёнига 6 ойда яна беш бош қўшилибди.

Турмуш ўртоғи Майсара Раҳматова эса томорқада кўчатчилик билан шуғулланади. Ҳар йили эрта баҳорда помидор, қалампир, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини етиштириб сотади. Буларнинг ҳаммаси уларнинг рўзғорига барака бўлиб инади.

- Кафтдек ердаги кўчатларнинг ўзидан ҳар йили 5-6  миллион сўмлик сотамиз, - дейди Майсара Раҳматова. - Карантин пайтида барчага уйда ўтириб, бир қарич ерингиз бўлса ҳам унга ишлов бериб, нимадир экишни тавсия қиламан. Томорқада ишлаб ҳам соғлом бўласиз, ҳам даромад топасиз.

Меҳнат қилган олтин теришини Китоб туманидаги Бештерак маҳалласида яшовчи томорқачилар ҳам яхши англайди. Улар томорқасидан унумли фойдаланиб, нафақат оиласига даромад келтирмоқда, балки бозорлар тўкинлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Жўра бобо Абдуназаров ана шундай омилкор томорқачилардан бири. У 14 сотих томорқасининг 3 сотихида иссиқхона ташкил этган. Эрта баҳорда дастлабки ҳосил - кўкатлардан яхшигина даромад топаяпти. Иссиқхонада иккинчи ҳосил - помидор, бодринг ва булғор қалампири кўчатлари дуркун ривожланмоқда. Ўтқазилган лимон кўчатлари ҳам баравж.

У томорқасининг бир қаричини ҳам бўш қолдирмаган. Бир қисмига эртапишар, бир қисмига эса ўртапишар картошка уруғи қадаган. Бир томонда қулупнай, бошқа томонда эса пиёзнинг қимматбаҳо навидан етиштирмоқда. Бобонинг айтишича, пишиқчилик чоғида узумлар ишкомга сиғмай кетади. Доимий меҳнат билан машғуллиги туфайли соғлом, тетик.

- Ўтган йили фақат узумнинг ўзидан 10 миллион сўмдан зиёд даромад олганмиз, - дейди хонадон соҳиби.  - Узумни майиз қилиб сотдим. Бошқа экинлардан ҳам фойда чакки эмас. Рўзғордан ортганидан ҳар йили 40-50 миллион сўм даромад оламан.

Унинг қўшниси Болта бобо Ҳусайинов хонадонида ҳам баҳри дилингиз очилади. Саришта хонадон томорқасида йўқ экиннинг ўзи йўқ. 4 сотихли иссиқхонада помидор, бодринг кўчатлари парваришланмоқда. Уларнинг орасида турли кўкатлар етиштирилган. Иссиқхонага ёндаш ерда тўқсонбости усулида картошка етиштирилмоқда. Ўрик, олма, ёнғоқ, нок, узум, бодом, анор каби мевали дарахтлар ҳовлига янада файз бағишлаб турибди. Шунингдек, ҳовлида қорамол, қўй ва парранда ҳам боқилади. Даромаддан данғиллама уй қуришган, орзу-ҳаваслари рўёбини кўришмоқда.

Боболарнинг ғайратидан уларнинг яна бир ҳамсояси Давлат Шарипов ҳам ғайрат олаяпти. У ҳам томорқасида ихчамгина иссиқхона барпо этган. Ҳар йили 3 мартагача ҳосил олаяпти. Кўркам хонадонга томорқа экилган экинлар янада зеб берган.

Бир сўз билан айтганда, бу маҳаллаларда "Ерни боқсанг, ер сени боқади" деган пурмаъно ҳикматнинг мағзини чаққан, бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам бундан яхшироқ бўлмаслигини чуқур англайдиган кўплаб одамлар яшайди.

Толиб ТЕМИРОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!