Меню
Қашқадарё
Уй-жойи бузилган фуқаролар ва тадбиркорларга компенсация пуллари тўлаб берилади
Учрашув давомида ҳоким савдо дўконлари огоҳлантирилмасдан ва ҳеч қандай компенсация пуллари тўлаб берилмасдан бузилган 30 нафар тадбиркор, туман ҳокимлиги вакилларининг хўжасизларча ҳаракатларидан азият чеккан Низом Воҳидов, Дилфуза Боқиева, Фаррух Жабборов, Зафар Жўраев каби уй-жой эгалари билан суҳбатлашиб, муаммоларни муҳокама қилди. Натижада турар жойи бузилган 7 фуқарога ҳамда ҳовли деворлари бузилган 27 фуқарога 1 миллиард 700 миллион сўм компенсация пуллари тўлаб бериладиган бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, туман ҳокимлиги мансабдори ва маҳаллий тадбиркор ўртасидаги можаро юзага келишига сабаб бўлган икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйи ҳамда ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ўз ўрнида қолдириладиган бўлди.
Шунингдек, Эски Яккабоғ қўрғончасида "Обод қишлоқ" дастури асосида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини мувофиқлаштириш, юзага келаётган баҳсли масалалар ва муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимининг шахсан ўзи бошчилигида штаб тузилган.
Маълумот ўрнида: Эски Яккабоғ қўрғончаси ўзида Эски Яккабоғ, Мустақиллик ва Ибн Сино маҳаллаларини қамраб олиб, ҳудудда 15 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ер бир пайтлар туман маркази ҳам бўлган. Ҳудудда 1 та болалар оромгоҳи, 1 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 3 та умумтаълим мактаби, 2-сонли туман марказий шифохонаси, ветеринария бўлими, "Эски Яккабоғ" озиқ-овқат деҳқон бозори, оилавий поликлиника ва бошқа қатор ташкилотлар идоралари жойлашган. 220 нафардан зиёд тадбиркор шу ҳудудда фаолият юритмоқда.
Ўз мухбиримиз