Меню

Қашқадарё

04.03.2017 2169

УЙ-ЖОЙ ҚОНУНИЙ БЎЛСА, КЎНГИЛ ХОТИРЖАМ

Аслида ҳужжат ҳам мулкнинг бир қисми. Уй қанчалик шинам бўлмасин, унга эгалик ҳуқуқи йўқ экан, кўнгил хотиржам тортмайди. Эртага бу мулкнинг тақдири қандай кечиши маълум эмас. Қолаверса, бу ҳолат келгусида турли чигалликларни, муаммоларни келтириб чиқариши аниқ. Мисол учун, эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган уйни сотиш, ҳадя қилиш, мерос қолдиришнинг қонуний йўли мавжуд эмас. Қонунчилигимизга кўра, доимий яшовчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ҳам уйга эгалик ҳуқуқи бўлиши лозим. Бундан ташқари, эгалик ҳуқуқи рўйхатга олинмаган ёки кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган кўчмас мулк объектлари давлат учун ҳам турли муаммоларга сабаб бўлади. Аввало, бу ҳол фуқаролардан асосланган мулк солиғи ундиришни таъминлаш имконини бермайди. Бу борадаги ҳисоб-китобни аниқ ва тўғри юритишни қийинлаштиради.

Шу нуқтаи назардан 2016 йил 3 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга асосан, туман ва шаҳарлардаги барча кўчмас мулклар хатловдан ўтказилиб, ер участкалари, бинолар, иншоотлар, улардан фойдаланувчилар бўйича аниқ маълумотларни шакллантириш, ўзбошимчалик билан эгалланган ва қурилган иморатларни аниқлаш, ер эгалиги, ердан фойдаланиш ва ижара соҳасида ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш кўзда тутилган. 

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, вилоятимизда ҳам тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳ томонидан кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

- Айни вақтга қадар вилоятдаги аксарият жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотлар ялпи хатловдан ўтказилди, - дейди вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ахборот таҳлил маркази бош мутахассиси Асадбек Сайфуллаев. - Йил охирига қадар хатлов ишлари тўлиқ якунланиб,  барча объектлар тўғрисидаги маълумотлар  кадастр ахборот тизимига киритилади.

Хатлов ишлари доирасида ҳудуддаги барча маҳаллаларда ер участкаси ҳамда бино ва иншоотларнинг параметрлари аниқланиб, кадастр ҳужжати расмийлаштирилади. Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулкларга эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги, қонунийлиги ва айни дамдаги ҳолатнинг кадастр ҳужжатларига мувофиқлиги ўрганилади, ер участкалари суратга олиниб, бино ва иншоотларнинг ташқи ва ички ўлчамлари ўлчанади, кўп йиллик дарахтларнинг турлари ва сони аниқланади. Шундан сўнг, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси хатлов натижасини пухта таҳлил қилиб, мулкка эгалик ҳуқуқини белгилаш, қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш ёки бузиб ташлаш каби масалаларни ҳал қилиш бўйича таклиф тайёрлайди. Таклиф маҳаллий ҳокимлик ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, ҳоким томонидан тасдиқланади. Ҳоким қарори асосида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шу ўринда савол пайдо бўлиши мумкин. Фуқароларга тегишли ер ва кўчмас мулк объектларининг ҳужжатлари мавжуд бўлмаса ёки сақлаб қолинмаган бўлса, унда нима бўлади? Чунки қишлоқ ҳудудларидаги кўпчилик уйларнинг ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ шакллантирилмаган.

Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси мутахассислари берган маълумотга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, бироқ жисмоний ва юридик шахслар томонидан узлуксиз фойдаланилаётган ер участкалари агар бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса, маҳаллий ҳокимлик қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида берилиши мумкин. Бундай вазиятда махсус комиссия масалани қуйидаги омилларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқади. Яъни, фуқаронинг мазкур ер участкасига узоқ йиллар давомида ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келаётгани, солиқларни доимий равишда тўлаб боргани ва ушбу ер ёки объектнинг муҳофазаланган зоналар ҳудудига тушмаслиги.

Таъкидлаш жоизки, мана шундай босқичлардан ўтганидан сўнг фуқаронинг уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилади.

-  Илгари уй-жойларимиз ўлчаб берилган, аммо ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган эди, - дейди Чироқчи туманининг Пахтачи қишлоғида яшовчи Сафар Нуриллаев. - Бунга ортиқча югур-югурлардан қочганимиз, қолаверса, ҳужжат ишларини тўлиқ тушунмаганимиз сабаб бўлган. – Мана, мутахассислар уй-жойимизни тўлиқ ўлчаб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришди. Бу биз учун катта қулайлик бўлди. Яна бир маъқул томони, уй-жойни рўйхатга олишда далолатномага мутахассис билан биргаликда солиқ идоралари, маҳалла вакиллари ва қўшнилар ҳам қўл қўйишлари лозим экан. Бу келгусида улар билан чегаралар бўйича муаммолар келиб чиқмаслигини кафолатлайди. Қолаверса, нима учун ва қанча солиқ тўлашим кераклиги аниқ билиниб туради.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш кўчмас мулкни кадастр ҳисобига олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимини модернизациялаб, автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш, тўлиқ маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради. Натижада фойдаланувчилар билан тезкор ахборот алмашиш, кўчмас мулк объектлари бўйича интернет орқали маълумот олиш мумкин бўлади. “Электрон ҳукумат” тизимини самарали йўлга қўйишда бу жуда ҳам муҳим.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!