Меню
Қашқадарё
Уй учун 500 миллион сўм пул олиб, кейин уни бошқага сотиб юборди
“Ваъдага вафо – марднинг иши”, дейилади халқ мақолида. Қарши шаҳридаги Беклар маҳалласида яшовчи К.Ш. эса субутсизнинг ишини қилди.
Гап шундаки, у анча вақт олдин шаҳардаги Наво маҳалласида яшовчи А.И.га ўзининг Алишер Навоий маҳалласида жойлашган ҳовлисини сотмоқчи эканлигини айтади. Икки томон ўзаро келишиб, уйнинг пулини 2 йилга бўлиб-бўлиб тўлашга келишилади.
Натижада А.И. 2015 йилнинг ёз ойларига қадар 500 миллион сўм пулни уй эгасига беради ва энди хонадонни ўз номимга расмийлаштириб олсам бўлар, деган умидда қоғоз тўғриламоқчи бўлганида, Ш.К. уйни бошқа бировга сотиб юборганидан хабар топиб қолади.
Шундан сўнг у берган пулларини қайтиришни талаб қилади ва айни кунгача 150 миллион сўм пулини қайтариб олишга эришади. Аммо Ш.К. пулнинг қолган қисмини қайтаришни пайсалга солиб келаётгани боис фуқаро Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Вилоят ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, мазкур ҳолат бўйича Ш.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу ҳолат тимсолида “Ёлғон айтиб фойда кўрсанг, охири зарар топарсан” деган нақлнинг ҳаётдаги ифодасини кўрса бўлади...