Меню

Қашқадарё

31.01.2017 1989

УЙ-МЕҲМОНХОНАЛАР

Айниқса, хорижий сайёҳларни воҳанинг қадим шаҳри - кўҳна Кеш ўзига кўпроқ жалб этмоқда. Бинобарин, бу юрт буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизга бешик бўлган, унда ўзбек халқининг ўтмиши, бой маданияти ва меъморчилик услубларини ўзида акс эттирган обидалар, осори атиқалар жамланган. Айни шу жиҳатлар шаҳарнинг туристик қиёфасини белгилаб бермоқда. Шунингдек, ҳозирги кунда ҳудудда замонавий туристик хизматлар кўрсатувчи субъектлар ҳам сайёҳлар сўровларига лаббай деб турибди. Хусусан, улар томонидан таклиф этилаётган уй-меҳмонхоналар ўзида миллийликни, қадриятларни акс эттиргани билан  саргузаштсевар чет элликларни бефарқ қолдирмаяпти.

- Ушбу уй-меҳмонхоналарнинг ўзига хослиги шундаки, улар жойлашган биноларнинг аксарияти бир неча юз йиллик тарихга эга, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг минтақавий бўлими бошлиғи Отабек Олимжонов. - Бу уйларда ўша давр одамлари яшаган, уй авлоддан-авлодга ўтиб келган. Тадбиркорлар уйларнинг кўринишини сақлаб қолган ҳолда уларни реставрация қилиб, меҳмонхонага мослаштиришди, турли миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва зарур жиҳозлар билан безатишди. Ҳозирги пайтда Шаҳрисабзда 20 та шундай уй-меҳмонхонада хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатилмоқда. Ҳеч шубҳасиз, аксарият сайёҳлар ўзи саёҳатга келган мамлакат ҳақида кўпроқ билишни, халқининг маънавий сарчашмалари, урф-одатлари, анъана ва маросимлари билан яқинроқ танишишни истайди. Уй-меҳмонхоналар эса бунинг учун айни муддао.

- Уй-меҳмонхонамизни 2015 йилда ташкил қилганмиз ва ўтган йили 500 нафардан ортиқ туристга хизмат кўрсатдик, - дейди "Kesh rubintur" МЧЖ раҳбари Ойбек Қўчқоров. - Бу ерда маълум вақт яшаган сайёҳ ота-боболаримизнинг турмуш тарзи, машғулоти ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлади, миллий ҳунармандчилигимиз  дурдоналарини томоша қилиб баҳра олади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: Шаҳрисабз шаҳридаги “Kesh rubintur” МЧЖга қарашли уй-меҳмонхона.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!