Меню

Қашқадарё

10.09.2021 233

УФА Шевченко билан келишув нега амалга ошмаганига ойдинлик киритди

Украина футбол ассоциацияси (УФА) мамлакат терма жамоаси собиқ бош мураббийи Андрей Шевченко билан ўртадаги шартнома муддати нега узайтирилмаганига ойдинлик киритди.

"УФА бош мураббий ва унинг вакилларидан амалдаги шартнома муддатини узайтириш ҳақида ҳеч бир расмий хат ёки хабар олмаган. Ташкилот томонидан эса ҳамкорликни давом эттириш бўйича расмий таклиф жўнатилган эди", дейилади ассоциация сайтига жойлаштирилган баёнотда.

Шевченко Украина терма жамоаси бош мураббийлиги лавозимини 1 августда тарк этганди. Унинг қўл остида ўтган турли даражадаги футбол баҳсларида миллий жамоа 25 бор ғалаба қозонган, 13 марта дуранг ўйнаган ва 14 та учрашувда мағлубиятга учраган.

Европа-2020 мусобақасида мамлакат термаси чорак финалгача етиб бориб, Англия жамоасига 0:4 ҳисоби билан ютқазиб қўйганди.

 Аввалроқ Россия давлат думаси депутати Дмитрий Свишчев мамлакат терма жамоаси атрофида кечаётган фикрларга муносабат билдириб, "Шевченко ўз даврининг энг зўр футболчиларидан бири бўлганини яхши эслаймиз, ҳозир эса у биз учун энг муносиб мураббий. Аммо Андрей Россияга ишга келса, Украинанинг мафкуравий босимига учраши мумкин", деганди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!