Меню
Қашқадарё
УФҚҚА ТУТАШ МАНЗИЛЛАР
Еттинчи осмонни “банд” қилиб юрган дамларим эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди: ўша куни эрталаб ишхонада мажлис ўтказилаётган, мен эса бунга 15 дақиқа кечикиб келганман. Хуллас, мажлисни ўтказувчи раис менга қарата, “Нега кечикиб келдинг, ахир мажлис бошланганига қанча бўлди? Чиқиб кет залдан”, дегани учун у кишига қарата, ҳали иш вақти бошланишига анча вақт бор, мени кечикиб келганликда ёки бошқа важ билан айблашга, бунинг устига менга нисбатан бошқаларнинг олдида ҳурматсизлик қилишга ҳаққингиз йўқ, дегандай ўжарлик ва қайсарлик билан жавоб қайтарганман.
Хуллас, мажлис тугаб, ҳамма ўз ишига киришиб кетди. Шунда Холмамат ака мени ёнига чорлаб, шундай деди: “Нега бунча шошма-шошарлик қилдингиз, ука, ахир бу ишингиз, гарчи ҳақ бўлсангиз-да, одобсизликдан бошқа нарса эмас. Сиз ўзингиздан каттага гап қайтардингиз, у киши суд-ҳуқуқ соҳасида билим салоҳиятига, нуфузга, ҳурмат-эъзозга эга бўлган инсон. Ёшини, ҳеч бўлмаса, босиб ўтган йўлини ҳурмат қилиб, бир гапдан қолсангиз бўларди-ку. Шошманг, сўзимни бўлманг. Гапингизни кейин гапирасиз. Мана қаранг, сиз катта йўлга чиқдингиз, дейлик, муҳим юмуш юзасидан узоқ йўлга отланиб кетаяпсиз, елкангизда юк, манзилдан эса дарак йўқ. Бу манзилга етиб боришингиз учун узоқ йиллар, балким устозлар кўмаги ҳам керак бўлади. Олдинда сизни нималар кутаяпти, биласизми? Ёки манзилга соғ-омон етиб олишингизни англаб етдингизми? Шуни унутмангки, ҳали йўлнинг бошидасиз! Манзил эса жуда узо-о-оқ...”
Билмадим, негадир устознинг бу сўзларидан кўзим ярқ этиб очилгандай бўлди. Шу куни уйга келиб роса ўйладим. Қанча китобларни ўқимай, ўзимча билимдон бўлмай, устознинг шу бир ўгитида келтирилган ҳаёт ҳикматидан бехабар эканман.
У киши жиноят ишлари бўйича вилоят судига раис этиб тайинлангандан сўнг биринчи навбатда амалга оширган ташкилий ишларидан бири судда маънавий-маърифий ишларни жадаллаштириш бўлганди. Шу мақсадда, вилоят судида “Маънавият ва маърифат хонаси”ни ташкил этиб, унга ўзларининг кўп сонли китобга эга бўлган шахсий кутубхонасини ҳадя қилдилар. Бу шахсий намуна тезда қанот ёйиб, бу ерда қисқа фурсатда жаҳон ва миллий адабиётимиз дурдоналари, миллий энциклопедия, Президент асарлари, амалдаги қонун ҳужжатлари тўплами, даврий матбуот ва суд тарихига оид материаллардан иборат катта бир фонд тўпланди.
Холмамат ака вилоят судига раис бўлиб келгунига қадар суд биносидаги ертўланинг бир қисми алоҳида камераларга ажратилиб, темир панжаралар билан тўсилиб, маҳбусларни сақлашга мослаштирилган, маҳбусларни вақтинча сақлаш хонаси сифатида фойдаланиб келинаётган эди. Маҳбуслар нам ва захлик юқори, табиий ёруғлик ва ҳаво циркуляцияси кам, иситиш ва санитария тармоғига эга бўлмаган, санитария-гигиена талабларига мутлақо тўғри келмайдиган шароитда сақлаб келинарди.
Холмамат ака дастлабки иш кунидаёқ бунга кескин муносабатда бўлди. Маҳбусларни вақтинча бўлса-да, бундай шароитда сақлаш инсон ҳуқуқларига зидлиги, бу ҳолатга мутлақо муроса қилиб бўлмаслиги ҳақидаги қатъий фикрини ваколатли идоралар олдида ҳимоя қила олди. Бунинг натижасида 2008 йилда вилоят судининг асосий биносидан алоҳида ҳолда барча замонавий шароитларга эга кенг камералардан иборат судланувчиларни вақтинча сақлаш хонаси қурилиб фойдаланишга топширилди. Маҳбусларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармон, тиббий жиҳозлар ҳамда кундалик янгиликлардан бохабар бўлиб туришлари учун турли хил газета, журналлар билан таъминланди. Албатта, булар бир қарашда ғалати туюлиши мумкин, лекин барчаси инсон манфаатини ўйлаб қилингани билан эътиборлидир.
Улуғлар айтишича, инсон қисматининг ўзи бир китоб. Бизга маънавий озуқа берувчи китобларни аллома, давлат арбоби, ёзувчи, шоирлар ёзса, қисмат китобини ҳар бир инсоннинг ўзи битади. Гап инсон бу китобни шунчаки ёзиб тўлдиришида эмас, унга қанчалик мазмун кирита олишидадир. Шу мазмунгина унинг эл ичида эъзозланишига, қадр топишига сабаб бўлади. Кўп йиллар суд-ҳуқуқ тизимида самарали меҳнат қилиб, ҳам ижодда ўз йўлини топа олган юрист ва шоир Холмамат Ҳасанов (Хол Муҳаммад Ҳасан) ҳаёт китобини ана шундай мазмундор қилган инсонлардан биридир.
* * *
Хол Муҳаммад Ҳасан шеърлари олисларни кўзлаган карвонга ўхшайди. У ўзига керакли ҳикмат бисотини ажратиб ола билган, абадият йўлини ихтиёр қилган карвондир. Қанча саҳролар, дашту биёбонлар, тоғу тошлар, азим бўстонларни кўрган бу карвон сафида турфа табиат рикобу ибли манзум боради. Аммо барчасида бир хил зангу бонг таратаётган қўнғироқлар осилган. Уларнинг садолари бир хил, таниш... Муаллиф юрак зарбларидан ларзага келиб, сас беради бу қўнғироқлар. Онг англамлари, туйғулар мавжи, руҳ тебранишлари ҳосил қилади бу зарбларни...
Ҳақиқий ижодий ишда онг ва туйғулар қаърида яширин руҳ реал борлиқ каби намоён бўлади. Шунинг учун ҳам руҳнинг бадиий шаклда намоён бўлиши уни озиқлантирган онг ва туйғулар ҳаракат тарзи ёки уларнинг фаоллигига боғлиқ. Фақат ҳаракатдаги фаол онг ва туйғуларгина бадиий асар шакли ва мазмунида муаллиф қалбини, руҳи ва кайфиятини зоҳир қилади. Бизга таниш бўлиб кўринадиган мисралар шоир ижодий услубининг барқарорлашувидан далолат сифатида таассурот уйғотса ҳам, аслида, у ижодкор руҳий қувватининг сезгиларимиз ва ҳиссиётларимизга урилиб, унинг мувозанатига дахл қилишидир. Бинобарин, у ижодкор онг ва туйғулари тўплаган бадиият қувват имконидир. Руҳда ўша имкон даражасида беҳисоб картиналар, ҳадсиз ранглар жилваси ҳамда унча кўп бўлмаган самовий оҳанглар аккордлари бирор- бир аниқ ва равшан тасаввур ҳосил бўлмагунча биқиқ ҳолда яшайди. Аниқ ва равшан тасаввур пайдо бўлганда ўша картиналар, ранглар ва аккордлар ёрдамида лаҳзалик туғёни билан ўзининг муносиб ҳайкалини бунёд қилади...
Хол Муҳаммад Ҳасаннинг исталган бир шеърини олиб, бу айтганларимизга мисол сифатида келтириш мумкин:
Кетди ёр омон-омон,
Оловланиб-олланиб,
Белида қирқта илон
Соқчиликка ёлланиб...
Ёр кетиб бориши унинг барини (этагини) гуллар тутгани, пойини йўллар ўпгани, сочини сунбуллар силаган, товуслар куйиб, патини юлиб, кийиклар кўзини юмиб, шамшод чапак чалиб қаддини букиб қолгани, сой тоши фарёд чеккани каби образли ифодаларда, ёниқ сатрларда ифода тизимига тортилади. Шоир мисралари фақат унинг ўзигагина хос услубда намоён бўла боради:
Хушбўй кезди ҳавода,
Сўл югурди самога,
Мажнун мисол шаббода,
Жонсизланиб-жолланиб...
Шаббоданинг гоҳ суст, гоҳ тезлашган ҳаракатининг “жонсизланиб-жолланиб”дан кўра дилга яқин, халқона ифодасини яратиш жуда мушкул. Шу аснода булбуллар тили боғланади, наргис дили доғланади, ғунча лаби болланиб, сир демоққа чоғланади. Бу гўзал тасвирлардан сўнг лирик қаҳрамон биргина тўртликда ўз аҳволини изҳор қилади:
Тушди қўлимдан қалам,
Эриб адо бўлди шам,
Қоғозга томдим мен ҳам,
Ҳолсизланиб-ҳолланиб.
Аслида аввалги олти банд ҳам кетаётган ёрнинг ортидан кузатиб қолаётган нолон ошиқнинг назаридаги олам манзараси эмас эдими?! Гуллар, йўллар, сунбуллар, товуслар, кийиклар, шамшод, сой тошлари, булбуллар, наргис, ғунча, шаббода – булар, агар ёр келаётган бўлса, қандай манзара кашф этиши мумкин эди? Албатта, мутлақо бошқача – шодлик симфониясини яратмас эдими? Ёр кетаётганда-чи, уларнинг ҳаммаси ғариб, ожиз, нотавон! Лекин, диққат қилинса, бу ғариблик, ожизлик ва нотавонлик учун нега мазкур поэтик образлар танланган? Бу туйғулар учун уларга мос образлар, масалан, тикан, қамиш, зоғ ва ҳоказолар кам эмасди-ку.
Бундай образларга бу ерда ўрин йўқ, чунки бу ерда оташин ишқ нури жилваланади. Айнан ана шу нур ёрнинг кетиши манзарасини ёритиб юборган. Яъни манзара шу қадар равшан ва дилбарки, бу ерда ғам зулматига асло ўрин йўқ. Ҳа, ғам-андуҳ ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мисралардаги кетиш мазмуни ва пафос бўртиб турган ифода ўртасида шоир шундай бир зиддият, драматизм яратганки, натижада моҳият бошқа томонга ўзгарган. Бинобарин, шеър фақат ёр нозию ошиқ истиғноси ҳақида, деган хулосага келиш мумкин. Образлар аслида ошиқ туйғуларининг манзаралари, руҳининг кайфиятлари, юрагининг турли зарблари! О, Ишқ! Сени кашф этолган руҳда қандай кашфиётлар зоҳир қилгансан-а!..
Хол Муҳаммад Ҳасан шеърияти ҳақида шуни таъкидлаш лозимки, у ўзининг табаррук уч илдизига эга. Улар ўзбек халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиёт ва янги шеъриятимиз тимсолига айланган Абдулла Орипов ижоди. Хол Муҳаммад Ҳасаннинг ҳар бир шеърида худди ана шу илдизлардан озиқланиб, янги бир Сўз, жозиб жило пайдо бўлганини кўриш мумкин. Бу жараён қандай кечади?
Биринчидан, шоир мумтоз шоирларимиз каби сўзга, шеърга шариф ҳодиса сифатида муносабатда бўлади. Унинг қадрини чуқур англайди ва юқори даражага олиб чиқишга ҳаракат қилади: “Вужуд титрар, дилим идрар, уним чиқмайди – бўзларман, Дийда суйи билан тинмай жигар-бағримни тузларман...”
Иккинчидан, халқ оғзаки ижодидаги сўз ўйинларини, нозик қочиримларни тўла ўзлаштиришга эришади:
Ана, келар қўлчасида ғўлчаси,
Қайрилади қадди – қилча белчаси,
Сув сўрасам бўлиб қули – қулчаси,
Отса камон мижгони, муғилчаси,
Теккан пайконларин териб тахтласам...
Учинчидан, Абдулла Орипов каби бадиий тафаккурни ривожлантиришга, шеърнинг ижтимоий ва эстетик моҳиятини юксалтиришга диққат қаратади:
Бозигар, бозинг гар, бозордур,
Харидоринг хароб бемордур,
Қароқчи қошида қадди дол
Даллолинг довдир бир дастёрдир...
Умуман, айни камолот ёшига етган Хол Муҳаммад Ҳасан босиб ўтган ҳаёт йўли, маънавий дунёси ва шахсий фазилатлари ўзининг “Қадимий қўшиқ” асарига ҳамоҳангдир. Таъбир жоиз бўлса, бу йўл ёшлар учун ҳаёт сўқмоқларида адашмаслик учун ўзига хос маёқ, унинг ижоди эса ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга ҳолда келгуси тадқиқотларга муносиб манбадир.
Хайруллохон КАМОЛОВ,
ҳуқуқшунос
Нафас ШОДМОНОВ,
филология фанлари доктори