Меню

Қашқадарё

10.09.2021 1896

УЕФА раҳбари жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда ўтказишга қарши чиқди

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) раҳбари Александр Чеферин жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда ўтказиш ғояси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

"Кўпроқ - ҳар доим ҳам яхшироқ экани ифодаси бўлмайди. Футбол бўйича жаҳон чемпионатларининг марвариди - терма жамоалар ўртасидаги   халқаро мусобақа ўзининг муайян даврийлиги билан ҳам қадрли.  Уни ҳар икки йилда ўтказиш турнирнинг ишончлилиги ва мавқейига путур етказади", дея ўзининг Twitter каналида Чеферин сўзларидан иқтибос келтиради  журналист Саймон Стоун.

Айни вақтда футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Май ойида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) турнирни Саудия Арабистони таклифи билан ҳар икки йилда ташкил қилиш вариантини кўриб чиқишни кўзда тутаётгани хабар қилинганди.

Навбатдаги жаҳон биринчилиги 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтади. Унда сўнгги бор 32 та терма жамоа иштирок этади. 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида ташкил этилиши белгиланган навбатдаги халқаро мусобақага эса 48 та давлат термаси қатнашишига имкон берилиши кутилаяпти.

Аввалроқ ФИФА келажакда футболни тубдан ўзгартириши мумкинлиги хабари берилганди. Бинобарин, ташкилот потенциал янги ўйин қоидаларини амалда синаб кўришни аллақачон бошлаб юборган. Жумладан, 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Future of Football Cup турнирида янгиланган ўйин қоидалари тажриба тариқасида қўллаб кўрилди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!