Меню
Қашқадарё
УЕФА маошнинг энг юқори чегарасини белгилаш ва ҳашамат солиғи жорий этишни мўлжаллаяпти
Европа футбол ассоциацияси (УЕФА) сентябрь ойида ўтадиган ташкилот саммитида молиявий fair play (ҳалол ўйин) қоидаларини бекор қилишга алоқадор таклифини эълон қилиши кутилаяпти, дея хабар қилади Daily Mail манбаси. Тадбирда, шунингдек, Европа суперлигасини ташкил этишга йўл қўймаслик чоралари ҳам муҳокама қилинади.
Таклиф - молиявий fair play ўрнига футболчилар маошининг энг юқори чегарасини белгилаш, уни қайси клуб ошириб юборса, ҳашамат солиғига тортиш ҳақида. Унга кўра, Еврокубок мусобақаларига чиққан клублар умумий олган маблағларининг 70 фоиздан ортиқ бўлмаган қисмини маошлар учун сарфлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Қайси жамоанинг кўрсаткичлари ўрнатилган мазкур лимитга мос тушмаса, қўшимча солиқ тўлаши керак бўлади. Яъни, агар энг юқори чегара 20 фоиз ва ундан камроқ оширилса, клуб ана шу белгиланганидан ортиқча сарфланган суммага мос миқдорда солиқ тўлашига тўғри келади. Маошларга сарфланиши мумкин бўлган миқдор 20 фоиздан ошириб юборилган тақдирда эса ортиқча харажат қилинган суммадан бир ярим-икки баробар кўпроқ тўлаш мажбурияти юзага келади.
Молиявий fair play қоидаларини УЕФА футбол клублари ўзлари ишлаб топган маблағларидан кўпроқ харажатларни амалга оширмасли учун 2011/12 йилги мавсум бошида жорий қилган. Шу тарзда уларнинг узоқ вақт барқарор фаолият кўрсатишини хавф остига қўйиши мумкин бўлган молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолиши олдини олиш кўзланган.