Меню

Қашқадарё

25.10.2022 3169

Ҳудудларни комплекс ривожлантирмасдан сайёҳлик салоҳиятини ошириб бўлмайди

Бугун Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган халқаро давра суҳбати доирасида Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг стратегик мастер-режалари тақдимоти ўтказилди.

Бу ҳақда хабар тарқатган вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси тадбирда мазкур мастер-режаларни амалга оширишга маҳаллий вазирлик ва идоралар билан бирга халқаро ташкилотлар, жумладан, молия ташкилотларини жалб қилиш имкониятлари, уларнинг иштирокида лойиҳаларни руёбга чиқариш бўйича фикр алмашилганини ҳам маълум қилмоқда.

“Ҳудудларни комплекс ривожлантириш асосида Қашқадарё вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш: муаммолар ва истиқболлар” мавзусига бағишланган давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирликлари томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

Унда сўзга чиққанлар пандемия даврида Ўзбекистонда туризм соҳаси жуда катта зарар кўрганини таъкидлаб, тармоқни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилганини эътироф этишди. Шу билан бирга давра суҳбати иштирокчилари ҳудудда транспорт, алоқа ва туризм инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмагани, унинг халқаро стандартларга мос келмаслиги, туризм корхоналарида кадрлар малакаси талаб даражасида эмаслиги каби долзарб муаммоларни бартараф этиш йўлларини ҳам муҳокама қилишди. Шунингдек, халқаро ва маҳаллий экспертлар туристик ва транспорт хизматларини кўрсатиш жараёнларига АКТ технологияларини кенг жорий этиш ҳақида ҳам батафсил фикр юритишди.

Тадбир якунлари бўйича ҳудудларни комплекс ривожлантириш асосида вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!