Меню

Қашқадарё

24.01.2020 1621

ҲУДУДЛАРДАГИ ТУТЗОРЛАР ЭНДИ ОИЛАВИЙ ПУДРАТЧИЛАРГА ТАҚСИМЛАБ БЕРИЛАДИ... МИ?

Қарор ва шарҳ

Маълумки, ота-боболаримиз қадим-қадимдан ипак қуртидан сифатли "кумуш тола" олиб, ундан кўзни яшнатадиган матолар тўқиш борасида жуда катта тажриба тўплашган. Атлас ва адрас каби матоларимизни тайёрлашнинг қадимий технологияси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш рўйхатига киритилгани ҳам ўзбек ипакчилигининг довруғи қанчалик  баландлигидан далолат беради.

Шунга қарамай сўнгги йилларда юртимизда ипак тола тайёрлаш борасида мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмай келинаётган эди. Бунинг асосий сабабларидан бири озуқа захирасининг етишмаслиги бўлган. Шу боис ҳукуматимиз томонидан ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани замонавий талаблар асосида ривожлантиришга доир тизимли чора-тадбирлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси   Президентининг 2017 йил 29 мартдаги ҳамда 2018 йил  4 декабрдаги тегишли қарорлари ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатлар билан тармоқда янги  ислоҳотлар даври бошланди. 2017 йилда "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳамда "Агропилла" масъулияти чекланган жамияти вилоят ва туман филиаллари ташкил этилиб, уларнинг асосий вазифа ва функциялари белгиланди.

Шунингдек, ипак қурти учун озуқа захираларини яратиш, тут плантацияларининг унумдорлигини ошириш ҳам устувор вазифалардан бирига айланди. Ҳар йили катта-катта майдонларда янги тутзорлар яратилмоқда. Мисол учун, биргина ўтган 2019 йилнинг ўзида вилоятимизда қарийб 300 гектар майдонда янги тутзорлар барпо этилиб, у ерда ҳамда мавжуд тутзорларнинг хатосига экилганларни қўшиб ҳисоблаганда, 2,5 миллион дона тут кўчатлари экилди.

Президентнинг 2020 йил 17 январдаги "Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори эса бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга қаратилгани билан юқори аҳамият касб этади.

Қарорда яқин тўрт йил давомида мамлакатимизда тутзорларни кенгайтириш, тутчиликда сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш, соҳага инновацион ғоялар, илмий ишланмалар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилган.

Мазкур ҳужжатга асосан жорий йилда ҳудудлардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган 20 минг гектар майдон пиллачилик тармоғи ташкилотларига, янги тутзорларни барпо этиш учун кўп йиллик ижара шартномаси асосида ажратиб бериладиган бўлди. Шунингдек, умумий майдони 5790,6 гектарга тенг яроқсиз ҳолга келиб қолган тутзорларни қайта реконструкция қилиш бўйича амалга ошириладиган ишлар дастури тасдиқланди.

Янги барпо этиладиган тутзорларнинг 2250, реконструкция қилинадиганларининг 1525,5 гектари вилоятимиз ҳудудига тўғри келади. Жумладан, Китоб туманида 550, Шаҳрисабз туманида 100, Чироқчи ва Яккабоғ туманларида эса 800 гектардан янги тутзорлар ташкил этилса, яроқсиз ҳолга келиб қолганларини реконструкция қилиш ишлари барча туманларда амалга оширилади.

Бундан ташқари, 2020-2024 йиллар давомида мамлакат бўйича 12020 гектар (21988 туп), вилоятимизда эса 1045 гектар (1990 туп) тутзорлар қишлоқ хўжалиги экинларини шамол ва сув эрозияларидан ҳимояловчи иҳота тарзида барпо этилади.

Яна бир муҳим томони, айни пайтда ҳудудий "Агропилла" масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган мавжуд тутзорларни тажриба-синов тариқасида аҳолига бириктириб бериш кўзда тутилмоқда. Мисол учун, вилоятимиз бўйича 1750,9 гектар тутзорлар белгиланган тартибда сақлаш ва парваришлаш учун аҳолига оилавий пудратчилик тамойиллари асосида 1 гектардан 3 гектарга қадар тақсимлаб берилади. Масъул вазирлик ва ташкилотлар олдига бу борадаги ҳуқуқий механизмни ишлаб чиқишда аҳолига тутзорларни янгилаш учун тут кўчатларини, мавсумда ипак қурти уруғини бепул тарқатиш, аҳоли томонидан етиштириладиган пилла ҳосилини сотишдан ташқари тутзорлар орасига қўшимча экинлар экиш орқали олинадиган даромадларни уларнинг ўзларида қолдириш тартибларини киритиш вазифаси қўйилган. Табиийки, бу оилаларнинг тут плантацияларини парваришлаш ва пилла етиштиришдан манфаатдорлигини янада оширади.

Шунингдек, Президент қарори билан соҳада амалга ошириладиган лойиҳалар учун қатор имтиёзлар ҳам кўзда тутилмоқда. Жумладан, янги тартибга мувофиқ, 2020 йил 1 февралдан бошлаб пиллачилик ва тутчилик ташкилотлари томонидан янги ташкил этилган тутзорларда томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилганда, ҳар бир гектар майдон учун давлат бюджетидан 8 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Бундан ташқари, майдони 35 гектардан ортиқ бўлган тутзорда  бурғуланган қудуқ ёки бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга мўлжалланган насос станцияларини қурган ташкилотлар ҳам давлатдан 120 миллион сўмгача бўлган миқдорда субсидия олиши мумкин.

Пировард натижада ипак қурти боқиш ва хом ашё етиштириш ҳажмини йилма-йил кўпайтириб бориш кўзда тутилмоқда. Мисол учун, жорий йилда вилоятимизда 36 минг 364 қути ипак қурти боқиш режалаштирилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 38 минг 215 қутини ташкил этиши керак. Худди шунингдек, ипак қурти боқиш ҳажмини 2022 йилда 40 минг 172, 2023 йилда 42 минг 243, 2024 йилда 44 минг 434 ва 2025 йилда 47 минг 626 қутигача ошириш белгиланган. Бу яқин беш йил ичида вилоятда ипак тола етиштириш ҳажми қарийб 30 фоизга оширилишини англатади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!