Меню

Қашқадарё

02.04.2016 2107

Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси: МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК ЎРНАТИШ МАЙДОНИ

Мазкур йирик тадбир бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш, шу асосда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

- Биз ушбу ярмаркада ўзимиз ишлаб чиқарган 10 турдан ошиқ текстиль маҳсулотлари билан қатнашаяпмиз, - дейди  Қарши шаҳридаги “Нилуфар Эъзоза Файз” хусусий корхонаси раҳбари Мукаррам Йўлдошева. – Ўтган йили махсус иш кийими, кўрпа-тўшак, чойшаб каби буюмларни намойиш этган бўлсак, бу сафар улар сафига болалар кийим-кечаклари ва спорт либослари ҳам қўшилди. Маҳсулотимизга асосан таълим ва тиббиёт муассасаларидан қизиқиш бўлаяпти. Бир қатор харидорлар билан келишувга ҳам эришдик. 2015 йилда ҳам ярмаркада иштирок этиб, қиймати 300 миллион сўмдан кўпроқ шартнома имзолагандик.

Қайд этиш жоиз, ушбу кўргазма бозорга янги кириб келаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳам қаратилган бўлиб, улар учун маҳсулот ва хизматларни реклама қилишнинг айни фурсати. Мисол учун, ярмаркада яккабоғлик якка тартибдаги тадбиркор Одилжон Ёров янги маҳсулот – экскаватор учун 3 хил ўлчамдаги ковшларни тақдим этди. Тадбиркор мазкур эҳтиёт қисмларни жорий йил бошида ишлаб чиқаришга киришган. Бундан ташқари, ишбилармон таклиф этаётган юқори босимга бардошли  шланглар ҳам харидорларга манзур бўлаяпти.

Аҳамиятлиси, кўргазмада тайёр буюм, асбоб-ускуна ҳамда хомашёни тендер савдоларисиз харид қилиш ва етказиб бериш, хизмат кўрсатиш юзасидан шартномалар тузиш имкони мавжуд. Шунингдек, бу ерда харидор ўзига маъқул келган маҳсулотни танлаши ва унинг сифатига баҳо бериши мумкин.

- Шу имкониятдан биз ҳам фойдаланаяпмиз, - дейди Талимаржон иссиқлик электр станцияси кимё цехи бошлиғи ўринбосари Отабек Раҳматов. – Цехимизда 155 нафар ишчи меҳнат қилади. Уларни махсус иш кийимлари билан таъминлаймиз. Бу кийимлар белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Мисол учун, биз харид қилмоқчи бўлган пойабзал анча пишиқ ишланган бўлиши лозим. “Савдоэнерго” акциядорлик жамияти  Самарқанд филиали бизга ана шундай маҳсулотни таклиф қилди. Ушбу тадбиркорлик субъекти билан қарийб 100 миллион сўмлик маҳсулот хариди учун шартнома туздик. Қолаверса, қурилиш материали ва офис жиҳозлари сотиб олиш бўйича ҳам келишувларга эришдик.

Кўргазмада мебель буюмлари, тиббиёт жиҳозлари,  озиқ-овқат, текстиль маҳсулотлари, қурилиш материаллари, бутловчи қисмлар намойиш этилмоқда.

Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бугун ҳам давом этади.

М.ЖЎРАЕВ.

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!