Меню

Қашқадарё

15.04.2017 2777

Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси: ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ ВА БУЮРТМАЧИ УЧУН МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК МАЙДОНИ

Мазкур йирик тадбир бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш, шу асосда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Бу галги форумда иштирокчилар сони ва улар томонидан таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматлар салмоғи аввалги йилга қараганда анча ошганидан билиш мумкинки, ушбу саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўртасида манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ва мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳудудий ярмарка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 мартдаги "2017 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида юқори савияда ташкил этилган.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда хусусий секторни янада ривожлантириш, маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга устувор эътибор қаратилмоқда. Хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти. Юқоридаги каби тадбирларнинг ташкил этилиши натижасида кичик бизнес вакиллари ўзлари учун буюртмалар портфелларини шакллантириб олиш, харидорлар билан маҳсулот  етказиб бериш бўйича келишувларга эга бўлмоқда.

- Биз ушбу ярмаркада ўзимиз ишлаб чиқарган 10 турдан ошиқ текстиль маҳсулотлари билан қатнашаяпмиз, - дейди  Қарши шаҳридаги "Эъзоз инвест" хусусий корхонаси раҳбари Рухсора Чориева. - Харидорларга таклиф қилинаётган махсус иш кийими, кўрпа-тўшак, чойшаб каби буюмларни намойиш этаяпмиз. Айни вақтда маҳсулотларимизга асосан таълим ва тиббиёт муассасаларидан қизиқиш бўлаяпти. 2015 йилда ҳам ярмаркада иштирок этиб, қиймати 300 миллион сўмдан кўпроқ шартнома имзолагандик. Келишувлар доирасида зиммамизга олган мажбуриятларимизни тўлиқ бажардик, маҳсулотларни ўз вақтида буюртмачиларга етказиб бердик. Тадбирнинг илк кунида ҳам бир қанча шартномалар туздик.

Қайд этиш жоиз, ушбу кўргазма бозорга янги кириб келаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳам қаратилган бўлиб, улар учун маҳсулот ва хизматларни реклама қилишнинг айни фурсати. Мисол учун, Қарши туманилик якка тартибдаги тадбиркор Аброр Кенжаев асосан қурилиш материаллари, хусусан, томёпқич материали - профнастил ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бироз аввал ишбилармон янги маҳсулот - ички бозорда анчайин харидоргир бўлган жалюзи тайёрлашни йўлга қўйди. У ярмаркада мазкур жиҳознинг бир қанча турларини тақдим этди ва харидорлар эътиборига тушди.

Аҳамиятлиси, кўргазмада тайёр буюм, асбоб-ускуна ҳамда хомашёни қўшимча тендер савдолари ўтказмасдан харид қилиш ва етказиб бериш, хизмат кўрсатиш юзасидан шартномалар тузиш имкони мавжуд. Шунингдек, бу ерда харидор ўзига маъқул келган маҳсулотни танлаши ва унинг сифатига баҳо бериши мумкин. Бу қулайликдан Косон туманидаги "Косон саховат" масъулияти чекланган жамияти вакиллари жуда мамнун. Улгуржи савдо соҳасида фаолият юритувчи ушбу тадбиркорлик субъекти раҳбари Ором Мамашарипов ярмаркада озиқ-овқат ишлаб чиқаришга ихтисослашган маҳаллий тадбиркорлар билан шартномалар имзолади. Хусусан, ишбилармон Яккабоғ туманидаги "Кумуш куз файзи" корхонасидан умумий қиймати 20 миллион сўмлик тухум харид қилишга келишиб олди.

- Шу имкониятдан биз ҳам фойдаланаяпмиз, - дейди Яккабоғ туманидаги 25-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Дилафрўз Хушвақтова. - Боғчамиз 140 ўринга мўлжалланган. Маълумки, юртимизда мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш масаласи доимий эътиборда. Шу боис боғчамизни зарур жиҳозлар билан таъминлаш ҳаракатидамиз. Авваллари биз учун керакли буюм ва маҳсулотни электрон биржа орқали сотиб олардик. Бунда танлаш имконияти камаярди. Аксинча, бугунги ярмаркада ишлаб чиқарувчи кўп, ўзимизга маъқул бўлган, сифатли маҳсулотни танлай оламиз. Қўш қаватли каравот, кўрпа-ёстиқ, совуткич ва газ плитаси каби жиҳозларни сотиб олиш режамизда бор. Маҳсулотлар билан обдан танишдик, эндиликда  тадбиркорлар билан шартнома тузамиз.

Айтиш ўринлики, вилоятимизда ўтказиладиган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этиш истагида бўлган бошқа вилоятлар тадбиркорлари сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Улар таклиф этаётган маҳсулотлар хилма-хиллиги ҳам ошаяпти. Ушбу тадбирда Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилоятларидан келган кўплаб  саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари  вакиллари ўз маҳсулот ва хизматларини фаол намойиш этишмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган "Solar Nature" масъулияти чекланган жамиятининг қуёш батареялари ва сув иситиш коллекторлари, "Ашимов" хусусий корхонаси эса 70 турдан ортиқ миллий ва жаҳон чолғу асбоблари, Сирдарё вилоятидан қатнашаётган "Жиашили-Гулистон кимё саноати" қўшма корхонасининг бўёқ материаллари харидорлар эътиборини тортди.

- Қашқадарёда бўлаётган ярмаркага биринчи марта келишим, - дейди Фарғона вилоятидаги "Моҳигул" хусусий фирмаси раҳбари Мукаррам Юсупова. - Корхонамизда асосан тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Элита пардалари, махсус иш кийимлари, миллий либослар, кўрпа-тўшак, ёстиқ ва ёстиқ жилдлари шулар жумласидан. Бу йўналишда кўпдан бери фаолият олиб бораяпмиз. Айтишим мумкинки, бизда катта тажриба тўпланган. Ўтган йили 1 миллиард 300 миллион сўмлик маҳсулот реализация қилгандик. Шунинг асосий қисми мамлакатимиз миқёсида ўтказилган саноат ярмаркасида қўлга киритилган буюртмалардир. Ишонаманки, вилоятингизда ҳам доимий ҳамкорларга эга бўламиз.

Ярмаркада ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган стендларнинг ўзгача жойлашуви ва улардаги ранг-баранглик ҳамкорларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Айниқса, мебель ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ташкил этилган стендлар барчанинг диққатини тортди. Улардан жой олган ётоқхона, офис ва ошхона мебеллари мижозларга шу ернинг ўзида маҳсулот турлари билан яқиндан танишиш, буюртма қилинажак жиҳознинг ранги ва дизайнини танлаш имконини бермоқда.

- Кўргазмага корхонамизда ўтган йилдан бошлаб тайёрлаш йўлга қўйилган 13 турдаги дори воситаларини қўйганмиз, - дейди "Қашқадарё дори-дармон" акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Қаҳрамон Сайдуллаев. -  Уларни ишлаб чиқаришда вилоятимиз ҳудудида ўсадиган 7 хил доривор ўсимликдан фойдаланаяпмиз. Хомашёни Ҳиндистоннинг "ULI Exports Pvt.Ltd" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган технология асосида қайта ишлаяпмиз. Лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Мавжуд ускуналар бир кунда ўртача 500 килограмм хомашёни қайта ишлаб, ундан   тайёр маҳсулот олиш имконини бермоқда. Аҳамиятлиси, келгусида жамиятимиз томонидан яна бир қанча лойиҳаларни рўёбга чиқариш мақсад қилинган. Хусусан, яқин орада корхонамизда чет эл технологияси асосида доривор ўсимликлардан тиббий  ёғ олиш ва уни қадоқлаш ташкил этилади. Лойиҳа амалга ошса, яна 14 турдаги фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқариш имкони юзага келади. Шунингдек, 2017 йилда қиймати 5 миллион долларлик лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Бу бўйича корхонада истиқболда 15 хил антибиотик ишлаб чиқариш режалаштирилаяпти.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бу галги  ярмаркада қатнашаётган, хизмат кўрсатиш билан  шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари сони ҳар қачонгидан ортган. "Муборак лаззат файз" масъулияти чекланган жамияти видео кузатув тизими  ва турникетлар ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатишни таклиф этаётган бўлса, Қарши шаҳридаги "Газкомсервис" масъулияти чекланган жамияти хизматларидан вилоятимиздаги йирик саноат корхоналари фойдаланиш истагини билдиришмоқда. Шунингдек, кўргазмада "Азизбек Офсет барака" масъулияти чекланган жамияти кўрсатаётган полиграфия хизматларига ҳам қизиқиш юқори эканини қайд этиш лозим. Албатта, бу ҳудудда сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривож топаётганидан дарак беради.

Таъкидлаш жоизки, ҳар йили мунтазам равишда ўтказилаётган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида тузилаётган шартномалар сони тобора ортиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркасида вилоятимиздан ҳамда Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилоятларида фаолият юритаётган кўплаб саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари 600 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этган ва маҳсулотлар хариди ҳамда ҳамкорликка оид умумий қиймати 43 миллиард сўмлик манфаатли шартномалар имзоланганди. Бу кўрсаткич 2015 йилгига қараганда икки баробар кўп экани аҳамиятга моликдир. Жорий йилда ўтказилаётган форум доирасида ҳам салмоқли қийматдаги кўплаб келишувларга эришилиши кутилмоқда.

 Шу ўринда айтиш жоизки, ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси жорий йил 2 ноябрдан 8 ноябргача, шунингдек, 15 ноябрдан 19 ноябргача Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ"да ўтказилиши кутилаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи бўлади. Иккинчи босқичда ҳам вилоятимиз вакилларининг фаол иштирокини таъминлаш кўзда тутилган.

Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси давом этмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратларда: ярмарка фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!