Меню

Қашқадарё

29.12.2016 2113

ҲУДУДИЙ САНОАТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ ЛОКОМОТИВИ

 

Чунки бунинг учун катта сармоя, салоҳият ва ресурс, энг асосийси, улкан жасорат талаб этилади. Ана шу омилларнинг жамулжамлиги ортидан юртимиз истиқлолга эришгач, иложсиздек кўринган қанчадан қанча орзулар ушалди. Хусусан, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан  мамлакатимизда қисқа муддатда кўплаб гигант саноат объектлари қуриб фойдаланишга топширилди. Вилоятимизнинг одам бормас, чўл ҳудудида бунёд этилган Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳам машаққатли ва мислсиз саъй-ҳаракатлар мевасидир. 2001 йил 20 декабрь куни ушбу мажмуа очилишига бағишланган    тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлаб, мажмуа мамлакатимиз иқтисодиёти фахри эканини таъкидлаган ва унинг рамзий калитини корхона меҳнат жамоасига топширганди.

Бугун мазкур корхонанинг мамлакатимиз иқтисодиётида тутган ўрнига баҳо бериш учун рақамларга эътибор қаратиш етарли. 2002 йилдан то ҳозирги вақтга қадар Шўртан газ-кимё мажмуасида 56,7 миллиард куб метр хомашё гази қайта ишланган ва истеъмолга 48,6  миллиард куб метр товар гази етказиб берилган. Бундан ташқари, шу  даврда корхонада 2 миллион 263 минг тонна суюқ углеводородлар – суюлтирилган газ ва газ конденсати ишлаб чиқарилган. Бутун ишлаб чиқариш жараёнида 1 миллион 739,5 минг тонна полиэтилен грануласи ва 16,4 минг тонна олтингугурт олинган.

Корхонада мавжуд қувватларнинг техник ва технологик жиҳатдан муттасил янгиланиб бориши натижасида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари йилдан-йилга яхшиланмоқда. Қиймати бир неча миллион долларга баҳоланган истиқболли лойиҳаларнинг босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши маҳсулдорликни янада оширишга хизмат қилаяпти. Энди корхона ҳар йили 4 миллиард куб метр газ хомашёсини қайта ишлаб, 3,5 миллиард куб метр метан гази, 125 минг тонна полиэтилен грануласи, 100 минг тонна суюлтирилган газ, 100 минг тонна газ конденсати, 1,5 минг тонна олтингугурт грануласи ва 2,5 минг тонна тайёр қувур ва уларни туташтирувчи қисмлар ишлаб чиқаришга қодир.

Таъкидлаш жоиз, корхонанинг асосий маҳсулоти полиэтилен ҳисобланади. Мажмуада биринчи полимер этилени 2002 йилда олинган, бунинг самарасида бироз ўтиб UzClear® товар белгиси остида илк ўзбек полиэтилени ишлаб чиқарилди. Бу юртимиз нефть-газ саноати учун ўта муҳим янгилик эди.

Бугунги кунда полиэтиленни ишлаб чиқариш жараёни SCLAIRTECH компанияси технологияси асосида АҚШнинг NOVA Chemicals компанияси лицензияси бўйича амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда корхонада 150 турдаги юқори, ўрта ва паст босимдаги линияли полиэтилен ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бундай усулда тайёрланган полиэтилендан инсон саломатлиги учун зарарсиз бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Полиэтилен грануласи бугун нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир маҳсулот ҳисобланади.

Шўртан газ-кимё мажмуаси маҳсулотларининг кенг кўламлилиги мамлакат иқтисодиётининг кўплаб тармоқлари барқарор ва самарали ривожланиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти гуллаб-яшнашига хизмат қилмоқда. Корхона фаолиятининг дастлабки йилларида полиэтилен асосан давлат буюртмаси учун ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги пайтда қайта ишлашга ихтисослашган кўплаб корхоналар ушбу хомашёнинг харидори ҳисобланади. Сўнгги йилларда мажмуада тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш салмоғини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Корхона цехларида тайёрланаётган турли ўлчамдаги қувурлар, уларни боғловчи қисмлар, алюмин композитли панеллар, томчилатиб суғориш тизимларига аҳоли орасида талаб ўсиб бормоқда.

Корхона мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшаяпти. Бугунги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган полиэтиленнинг асосий қисми хорижий мамлакатларга экспорт қилинаяпти. Польша, Венгрия, Литва, Латвия, Туркия, Эрон, Покистон, Хитой, Украина, Россия, Озарбайжон мамлакатлари шулар сирасига киради. 

Шўртан газ-кимё мажмуаси вилоятимиз минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам етакчилик намойиш этмоқда. Бу вазифа ишлаб чиқариш тармоқларига сармоя йўналтириш ҳисобига амалга оширилмоқда. Деҳқонобод туманида ишлаб турган макарон ва нон ҳамда энергия тежамкор лампа ишлаб чиқариш цехлари фаолияти бунга мисол бўла олади. Ушбу субъектлар ички бозорга сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни етказиб бериш баробарида ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнаяпти. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган “Полипропилен қувурлари” ва “Полиэтилен қувурлари” шўъба корхоналари ҳам мазкур саноат гигантининг инвестициявий сиёсати рўёбидир. Шунингдек, ушбу саноат корхонасига тегишли замонавий чорвачилик мажмуаси, “Мебеллар уйи”, “Геолог” маданий спорт-соғломлаштириш мажмуаси, “Эркатой” мактабгача таълим муассасаси, “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳи жамиятимиз ривожига хизмат қилаяпти. Қолаверса, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида Шўртан газ-кимё мажмуасининг ҳам катта ҳиссаси борлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Дарвоқе, Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан яқинда ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини оширишга қаратилган “Қаршитермопласт” цехида “Мастербач, яъни полиэтилен бўёғи ишлаб чиқариш” лойиҳаси муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Бу борада дунёнинг етакчи компаниялари билан музокаралар олиб борилди. Шунингдек, мазкур компаниялар ўртасида тендер савдолари ўтказилиб, замонавий ускуналар олиб келинди ва монтаж қилинди. Натижада цехда янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу эса субъект томонидан четдан импорт қилинадиган шу турдаги маҳсулот ҳажмини камайтириш ва катта миқдордаги валютани тежаб қолиш имконини бермоқда.

Яна бир лойиҳа асосида келгусида Яккабоғ туманидаги “Воҳа-текс” МЧЖда ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш белгиланган. Истиқболда ушбу корхона йилига    3000 тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Ҳозирги вақтда зарур ускуналар сотиб олиб келинди ва ўрнатилди. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши 100 нафар кишини иш билан таъминлаш имкониятини яратади. Тез орада мазкур корхонанинг ишга туширилиши кўзда тутилган.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, айнан юқорида келтирилгани каби саноат соҳасида истиқболли саналган лойиҳаларни амалга оширишдаги иштироки корхонанинг локомотивлик функциясини ўзида намоён қилади.

Яна бир жиҳати, Шўртан газ-кимё мажмуаси фаолияти кўплаб юртдошларимизнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига шароит ҳозирлаган. Ҳозирги кунда корхонада 4 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг кўпчилигини олий маълумотли мутахассислар, техник, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш ходимлари ташкил этади.

Бир сўз билан айтганда, Шўртан газ- кимё мажмуаси фаолияти аввал-бошдан билдирилган ишончни ҳар томонлама оқлади. Ушбу йирик саноат корхонаси нафақат вилоят, балки мамлакатимиз саноат салоҳиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини берди. Айтиш мумкинки, келгусида корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигининг ошиб бориши юртимиз иқтисодиёти жадал тараққий этиши, халқимиз фаровонлиги янада яхшиланишига ҳисса бўлиб қўшилиши билан муҳимдир.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!