Меню
Қашқадарё
ҚУДРАТЛИ ДАВЛАТГА ТАЯНГАН, ҚОНУНЛАРИ МИЛЛИЙ ВА УМУМИНСОНИЙ ҚАДРИЯТЛАРГА УЙҒУН, ИНСОН ҚАДРИ БАЛАНД, ФАРОВОН ЖАМИЯТ ҚУРИШ - БОШ МАҚСАДИМИЗ!
"Миллий тикланиш" демократик партияси, аввало, халқимиз манфаатлари, партия ғоя ва мақсадларидан келиб чиқиб, шунингдек, ватанпарвар номзодлар ва халқчил дастур сайловда ғалаба қозонишнинг асосий мезони эканлигини чуқур англаган ҳолда ўзининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурини ишлаб чиқди ва сайловчилар эътиборига ҳавола этди. Янги Ўзбекистон ислоҳотлари мазмунига ҳамоҳанг бўлган мазкур ҳужжат партиянинг навбатдаги қадамлари учун стратегик дастур вазифасини ўтайди.
ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ - МИЛЛИЙ ТАРАҚҚИЁТ ПОЙДЕВОРИ
Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим тизимини ҳам замонавий талаблар асосида ривожлантириш имконини беряпти.
"Миллий тикланиш" демократик партиясининг Сайловолди дастурида энг устувор вазифа сифатида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни замон талабларига жавоб берадиган шахслар этиб вояга етказиш учун зарур бўлган барча чора-тадбирларни кўриш ва назорат қилиш белгиланган.
Биз ўтган йиллардаги тажриба ва ҳаёт талабидан келиб чиқиб, миллий тарбия асослари ва миллий таълим дастурларини ривожлантириш, узлуксиз тарбия ва таълим уйғунлигининг ҳуқуқий асосларини кафолатлаш чораларини кўриш учун "Янги авлод тарбиячиси ва педагогларини тайёрлаш Давлат дастури"ни қабул қилиш, шунингдек, педагогикага лаёқати бор мактаб битирувчиларини саралаш ва давлат буюртмаси асосида ўқишини ташкил этиш, уч ёшгача бўлган болалар учун уларнинг ёшига мос миллий видео маҳсулотлар контентини яратиш, тарбиячи ва ўқитувчиларни ишга қабул қилиш ва фаолияти жараёнида уларнинг олдинги иш фаолиятини ўрганиш, психологик тестлардан ўтказиш тартибини жорий этиш ҳамда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун малакали педагог кадрларни саралаб олиш мақсадида мактабларда педагогларни танлов асосида ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини жорий этиш лозим деб ҳисоблаймиз.
МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТНИ ТАЪМИНЛАШ, МАДАНИЯТ СОҲАСИНИ БОСҚИЧГАОЛИБ ЧИҚИШ ЧОРАЛАРИНИ КЎРАМИЗ
"Миллий тикланиш" демократик партияси гарчи истиқболли ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватласа-да, бироқ миллийлик, урф-одат, анъана ва қадриятлар масаласида консерватив ғоялар тарафдори бўлиб қолаверади. Шу боис, партия янги сайловолди дастурида "Қадриятларга таянган тараққиёт" шиори остида миллий қадриятларни сақлаш ва тараққиётни таъминлаш мақсадида миллий маданият ва маънавиятни ривожлантириш, қадриятларни сақлаш ва бойитишга алоҳида эътибор қаратиш билан бирга, маданий мерос муҳофазаси, ундан фойдаланиш, ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратишни асосий вазифа сифатида белгилаб олди. Шунингдек, партия ўзбек тилининг нуфузи ва обрўсини сақлаш юзасидан давлат тили мақомини ошириш, кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратади.
Ушбу йўналиш доирасида партия маданий меросимизни асраб-авайлаш, ундан эҳтиёткорона фойдаланиш ва келажак авлодларга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, маданий мерос объектларини ижарага бериш тизимини тартибга солиш ташаббусини илгари сурмоқда. Дастурда "Давлат тили ҳақида"ги Қонунни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Афсуски, мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини ошириш йўлидаги тизимли ишларга қарамай давлат тилини менсимаслик, уни бузиб гапириш каби ҳолатлар кўп учраяпти. Шу боис, партиянинг ушбу ташаббуси миллатнинг маданияти ва ўзлигини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, миллий тилдан узоқлашиш миллатнинг ўз маданий қадриятларидан узоқлашишига сабаб бўлади.
ОИЛАНИ МУСТАҲКАМЛАЙМИЗ, АЁЛЛАР ВА ЁШЛАРГА МУНОСИБ ШАРОИТЛАР ЯРАТАМИЗ
Биз учун "Оила - муқаддас қўрғон!". Оналик, оталик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши, аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли, деб эътироф этилиши, уларга жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳамда барча соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши партиянинг устувор мақсадларига уйғундир. Шундан келиб чиқиб, партия оила шаъни ва шавкати ҳимоячиси - эркакларнинг оиладан, бола тарбиясидан узоқлашишининг олдини олиш, "Оталар куни" - ижтимоий-сиёсий кун сифатида байрам қилинишини жорий этишни таклиф қилмоқда.
Биз жамиятнинг барча жабҳаларида аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини янада оширишни қўллаб-қувватлаймиз. Бу борада меҳнат жамоаларида гендер тенглигини таъминлашга оид таълимни ривожлантириш, мослашувчан иш вақтини жорий қилиш, аёлларнинг оилада кўпроқ бўлишлари учун шароитлар яратиш ва талаба оналар фарзандлари учун олий таълим муассасалари ҳузурида махсус болалар хоналари ёки боғчалар ташкил этиш каби ташаббусларни илгари суряпмиз.
Шу ўринда партиянинг никоҳдан ажралишлар оқибатида уй-жойсиз қолган аёллар ва уларнинг фарзандлари манфаатларини ҳимоя қилиш ташаббуси давр талабига айланди десак, муболаға бўлмайди.
Бугунги ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ватанпарварлик, инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик каби ҳислатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Партия шуларни инобатга олиб, "Ёш миллатпарварлар" шиори остида ёшларнинг бирлашиши, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбия топиши, қалбида шу юрт фарзанди эканлиги ҳамда халқимизнинг буюк тарихи ва бой маданий меросидан фахрланиш туйғусини изчил шакллантириш тарафдоридир.
МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ ВА ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРАМИЗ
Миллий иқтисодиёт ва унинг асосий драйверларидан бири бўлган туризмни ривожлантириш ҳам асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, қадриятларга асосланган бозор иқтисодиёти асосларини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётда эркин бозор муносабатларини шакллантириш, хусусий мулк дахлсизлиги, эркин ва ҳалол рақобат муносабатларини сўзсиз таъминлаш, замонавий, адолатли пенсия ва тиббий суғурта тизимларини яратиш сингари ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Иқтисодий рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги шароитда маҳаллий ишбилармонлар ва тузилмалар манфаатини оқилона ҳимоя қилиш бозор муносабатлари шароитида "Саховатли тадбиркор" ва "Ҳалол мансабдор" мезонлари асосида фуқароларни рағбатлантириш ва уларни кенг жамоатчиликка таништириш орқали жамиятни қадриятлар атрофида бирлаштириш каби партия дастуридаги вазифаларни миллий иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида баҳолаш мумкин.
Бунда энг муҳим истеъмол товарларининг бозор нархлари барқарорлигини таъминлаш, китоб ишлаб чиқариш ва китоб сотувида қўлланиладиган қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар жорий этиш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, қазиб олинадиган ёқилғиларга босқичма-босқич боғлиқликни камайтириш, яшил энергияга ўтишни рағбатлантириш ва миллий валютанинг қадрини ошириш, миллий суғурта тизимини кенг жалб қилиш каби аниқ таклиф ва ташаббуслар таклиф этилаётгани партиянинг миллий иқтисодиётни ҳар томонлама ривожлантириш каби ғоялар билан сайловларга жиддий кириб келаётганлигини кўрсатади.
Шунингдек, туризмни ривожлантириш ҳам партиянинг асосий ташаббусларидан бўлиб, партия бу соҳасини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, "очиқ эшиклар" сиёсатини юритиш, визасиз кириш тизимини кенгайтириш, "Туризм ассамблеяси" коллегиал-консультатив Кенгаши фаолиятини ташкил этиш ҳамда туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегияни ишлаб чиқиш ташаббусларини илгари суряпти.
МИЛЛИЙ ВА УМУМИНСОНИЙ ҚАДРИЯТЛАРГА ТАЯНГАН ЖАМИЯТ БАРПО ЭТАМИЗ
Давлат бошқаруви ва жамоатчиликда қонунийликнинг устуворлиги бу миллий тараққиётимиз кафолати, аслида. Шундан келиб чиқиб, партия қонун устуворлиги давлат бошқарувининг асосий тамойили бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Бунда айниқса, қонун олдида барчнинг тенглиги, давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари ишлашини таъминлаш энг муҳим жиҳатдир. Шу билан бирга, суд тизимида адвокат ва прокурорнинг тенг ҳуқуқлилиги адолатли суд жараёнларини таъминлашга имкон беради. Натижада, давлатнинг ҳуқуқий тизими фуқаролар учун таянчга айланади.
Маълумки, коррупцияга қарши курашиш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Бу жараёнларни изчил давом эттириш учун "Миллий тикланиш" демократик партиясининг сайловолди дастурида "Давлат хизматчисининг ҳалоллик текшируви" институтини жорий этиш, давлат хизматчилари сонини мунтазам камайтириб бориш таклифи илгари суриляпти.
"Миллий тикланиш" Парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратади. Давлат бошқарувида парламентнинг ролини кучайтириш, қонун ижросини назорат қилиш, давлат ҳамда ижроия органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш давлатнинг барқарор ва адолатли ривожланишини таъминлайди. Бунда асосий мақсад - ҳукумат фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш ва ҳар бир қонуннинг ҳаётга тўғри татбиқ этилишини кафолатлашдир.
Оилани мустаҳкамлаш, уни жамиятнинг асосий бўғини сифатидаги аҳамиятини ошириш ҳам диққат марказимиздаги масаладир. Шу муносабат билан партия дастурида оилавий низоларни кўриб чиқиш бўйича судьяларни ихтисослаштириш ишларини давом эттириш, яраштирув институтининг қўлланиш доирасини томонлар розилиги билан кенгайтириб бориш, оила, мерос, уйжой даъвоси ва турмушдаги бошқа низоларни ҳал этишда қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда муроса йўлини излаш, ишларни судгача олиб бормаслик каби вазифалар белгиланган.
ХАВФСИЗЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА БАFРИКЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ УСТУВОР ВАЗИФАМИЗ
Партиямиз хавфсиз миллий ахборот маконини ривожлантириш масаласига "ХХI аср - ахборот асри" эканлигидан келиб чиқиб ёндашади ва "Янги Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати" концепцияси ва унинг асосида "Ахборот хавфсизлиги" доктринасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суради.
Шунингдек, партиямиз аҳоли ҳаётига хавф солаётган офатларнинг олдини олиш, глобал иқлим ўзгаришларига қарши туриш, фавқулодда вазиятларда аҳоли муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтириб боришни маъқуллайди. Шу билан бирга, сув ресурсининг давлат муҳофазасига олинганлигини қўллаб-қувватлайди ҳамда "Сув истеъмоли маданиятини юксалтириш" дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари суради.
Партиямиз "Биз - бирмиз, Ўзбекистонликмиз!" ғоясини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёти ҳамда бирдамлигини мустаҳкамлаш, уларни дўстлик, аҳиллик, ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъуллик ва дахлдорлик туйғуси атрофида жипслаштиришни илгари сурамиз.
Партиямиз Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни тинимсиз яхшилаб бориш, туркий дунё билан алоқаларни янада кучайтириш тарафдори ва ташқи сиёсатда миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Ўйлаймизки, юқорида партиямиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимиз тараққиётига янги илҳомлантирувчи куч бўлиб қўшилади.
"Миллий тикланиш" демократик партияси 2025-2029 йилларга мўлжаланган Сайловолди дастурида халқимиз ва Ватанимиз манфаатига хизмат қилувчи таклиф ва ташаббуслар ҳаётийлигини таъминлашда Сиз, азиз сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашингизга таянади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда партиямизга ва партиямиздан кўрсатилган номзодларга берган овозингиз Сизнинг бизга ишончингиздир!
"Қадриятларга таянган тараққиёт!" ғояси атрофида бирлашиб, мамлакатимиз тараққиётини биргаликда таъминлаймиз!
Миродил АБДУРАҲМОНОВ,
"Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари