Меню
Қашқадарё
УЧТАСИ БИРДА: САЙЁР ҚАБУЛ, ТИББИЙ КЎРИК ВА МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ
Вилоят ташкилотлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, секторлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб қилинган тадбирда 300 нафардан зиёд фуқаро турли ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга масалалар ва шахсий муаммолари бўйича мурожаат қилди. Ишга жойлашиш, ичимлик суви таъминоти, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит олиш, уй-жой, моддий ёрдам каби масалаларга оид 185 мурожаатнинг 54 таси жойида ҳал қилиниб, 8 таси бўйича тегишли тушунтириш берилди, 122 та масала ўрганиш ва ижрога йўналтирилди.
Хусусан, Катта араб қишлоғида яшовчи Сайдулла Авазов кўприкни таъмирлашда, Пахтаобод маҳалласилик Саттор Маллаев йўл ва 59-мактабга спорт зал қуриб бериш масаласида мурожаат қилди. Равотлик Қўзи Муқимовнинг қабристонга борадиган йўлни таъмирлаш бўйича мурожаати 2020 йилда "Обод қишлоқ" дастури асосида ҳал этилиши айтилди. Бойбўрилик ўқувчилар эса Тўқбойдаги мактабга қатнаб ўқишдан қийналаётир. Йўл узоқ, ёғин-сочинли кунларда нариги қишлоққа бориб келиш бир машаққат. Шунга асосан энди Бойбўрининг ўзида ҳам мактаб қуриладиган бўлди.
Гулобод қишлоғида яшовчи Дўстмамат бобо Узоқов ҳам йўл масаласида мутасаддилардан жавоб истаганлардан. Гап шундаки, маҳалладаги умумфойдаланишда бўлган, Тошкент-Термиз йўналишига олиб чиқадиган 3 километр йўл анча йиллардан буён абгор ҳолатда, йўловчи ва ҳайдовчилар учун турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Бунга жавобан ана шу 3 километрлик йўл тез орада таъмирланиши маълум қилинди.
- Қишлоқдаги 200 дан зиёд бола ўқиш учун 8 километр узоқликдаги мактабга қатнашига тўғри келаяпти, - дейди Меҳр маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳасан Нуримов. - Қабул пайти раҳбарларга шу масалани айтдим. Халқ таълими бошқармасидан лойиҳа қилиб, филиал қуришда ёрдам берамиз, дейишди. Бу иш амалга ошса, вақти тежаладиган болаларга ҳам, хавотири камаядиган ота-оналарга ҳам анча қулайлик бўларди.
Қабул давомида, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. 180 дан зиёд фуқаро қатнашган кўрикда 14 кишига стационар даволаниш учун йўлланма, айримларига амбулатория шароитида соғлиғини тиклаш бўйича тавсиялар, ногиронлиги бўлган ва соғлигини йўқотган бир гуруҳ кишиларга ногиронлик аравачаси, таянч воситалари берилди.
Шу куни меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, унда 82 ташкилот, корхона ва муассаса 413 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Кўпчилик ишга жойлашиш учун йўлланмаларга, айримлар муқим иш ўрнига эга бўлди.
Учрашув доирасида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва адлия бошқармаси ходимлари томонидан аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.