Меню

Қашқадарё

11.12.2018 2219

"УЧТАСИ - БИРДА..."

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Шерзод Обиддинов кашф этган бу усул кўпчилик учун янгилик бўлди.

Қурилиш ишларида битумнинг ўрни беқиёс. Битум - тенгсиз изоляцион материал бўлиб, ер усти ва ер остида, ҳатто сув остидаги барча иншоотларни, қурилиш конструкцияларини, пойдеворлар ва магистраль қувурларни гидроизоляция қилишда, коррозия ва эрозиядан ҳимоя қилишда ишлатилади. Шу билан бирга, том ёпишнинг ва асфальт ишлаб чиқаришнинг асосий компоненти ҳисобланади. Дунё тажрибасида унинг ўнга яқин тури бор.

- Ҳозирги кунда ишлатилаётган нефть асосидаги битумларнинг сифати паст, - дейди  лойиҳа ассистенти Ҳусан Нурхонов. - Ўз хизмат муддатини ўтамасдан олдин чириши кузатилмоқда. Айрим чет мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган битумларнинг 70 фоизга яқини замонавий бозор талабига жавоб бермайди. Улар аралашмаси асосида қурилган асфальт йўлларнинг нари борса 3-4 йил хизмат қилиши бунга мисол.

Энди қўнғир кўмирдан битум олиш технологияси ҳақида икки оғиз сўз.

- Технологияси мураккаб эмас, - дейди талаба. - Иситиш печи, совутиш учун конденсатор ҳамда ҳосил бўлган битум, газ ва кокс (қолдиқ чўкма, ёнилғи) учун махсус идишлар керак бўлади. Асосийси, маҳаллий хом ашёдан фойдаланилади ва қурилмаларни уй шароитида тайёрласа бўлади.    

Мутахассисларнинг айтишича, дастлаб қўнғир кўмир ва ўсимлик чиқиндиси керакли катталикда майдаланади. Сўнг ўлчаниб, намлиги аниқланади ва махсус иситиш қурилмасига жойланади. Кейинги босқичда масса жипсланади. Қурилма ташқаридан ўралган спиралсимон мосламалар орқали қиздирилади. Юқори ҳароратда қиздирилиш жараёнида буғ ҳосил бўлади ва 50 фоиз бионефть ёки битум, 20 фоиз газ, 30 фоиз кокс ҳам ажралади. Улар махсус қувурлар орқали идишларга тўпланади. Газ ва коксдан келгусида ёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин.

Лойиҳада қурилмани электр энергияси билан қиздириш кўзда тутилган. Кейинчалик ишлаб чиқаришда чиқитга чиққан кокс билан ёки олинган газ ёрдамида иситиш мумкин. Шунингдек, кўмир билан ҳам қиздирса бўлади.

Талабанинг бу лойиҳаси асосида нефтсиз қурилиш битуми олиш мақсад қилинган. Маҳсулот таннархи ҳам пасаяди. Аҳамиятлиси,  бу йўл билан олинган битум нефтдан тайёрланадиган битумдан      10 марта сифатли. 

Дарвоқе, Тошкентда ўтган республика "Иқтидорли ёшлар форуми"да ҳамда Термизда ўтказилган "Ёш олимлар" республика конференциясида Шерзод Обиддиновнинг ушбу лойиҳаси долзарблиги мутахассислар томонидан эътироф этилди. Соҳа вакилларининг  маслаҳат ва тавсиялари талабанинг ўз ишига бўлган иштиёқини оширди. 

            С.АЛЛАЁРОВА

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!