Меню
Қашқадарё
УЧРАШУВЛАР САМИМИЙ ЎТАЯПТИ
Халқ билан юзма-юз мулоқот руҳида ташкил этилаётган тадбирларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли китобида илгари сурилган ғояларни одамларга ҳаётий мисоллар асосида, содда ва самимий усулда кенгроқ етказиш мақсад қилинган.
Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида юртимизнинг таниқли актёрлари, шоир ва адиблар, истеъдодли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган учрашувга вилоятимиз ҳудудидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари таклиф этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда барча соҳаларда юксак ютуқлар қўлга киритилмоқда. Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Бунда юрт осойишталиги, чегаралар дахлсизлигига жавобгар ҳарбий хизматчиларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатлари ҳам юксак эътирофга лойиқ.
Мулоқот руҳида кечган тадбирга хонандалар томонидан ижро этилган шўх тароналар, сўз усталари ва кино актёрларининг ҳазил-мутойибага бой чиқишлари янада шукуҳ бағишлади.
– Тинч ва осойишта юртга мана шундай кўтаринкилик ярашади, – дейди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тарбиявий ишлар бошқармаси ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Тамара Маманова. – Ушбу учрашув нафақат ҳарбий хизматчилар, балки уларнинг оила аъзолари учун ҳам эсда қоларли бўлмоқда. Айниқса, жажжи фарзандларимизнинг қувончлари, саҳнада рақс тушишларини кўриб, тинчлик ва осудаликнинг қадри қанчалик қимматли эканига яна бир бора амин бўлдим.
Таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, ҳарбийлар, кино ва театр актёрлари, эстарада хонандалари ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзоларининг жойларда бўлаётган халқ билан юзма-юз мулоқотлари ҳам қизғин кечмоқда. Уларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртдошларимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида дилдан ва самимий суҳбатлар қурилмоқда.
- Куни кеча тарғибот гуруҳи аъзолари Китоб, Деҳқонобод, Муборак ва Миришкор туманларида бўлишиб, мактабларда, касб-ҳунар коллежларида учрашувлар ташкил этишди, - дейди вилоят маданият бошқармаси мутахассиси Фарҳод Турсунов. – Кечқурун эса ўша туманлардаги стадионларда концерт дастурлари намойиш этилди. Бугун эса тарғибот гуруҳи аъзолари Яккабоғ, Ғузор, Касби ва Косон туманларида бўлишади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида уюштирилаётган ушбу тадбирлар 26 майгача давом этиб, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларини қамраб олади.
Сўнгги куни Қарши шаҳрида тадбирнинг якуний гала концерти ўтказилиши режалаштирилган.
Ж.БОЙМУРОДОВ, А.НОРОВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.