Меню
Қашқадарё
“УЧИНЧИ ЎҒИЛ” ЁХУД ОСИЁЛИК СУПЕРМЕН
Бу таърифлар Осиёнинг энг бадавлат кишиларидан бири, 89 ёшли машҳур ишбилармон Ли Кашинга тегишли. Камбағал оилада туғилган, мусофирлик азобларини бошидан кечирган ва 14 ёшида отасидан айрилиб, оилани боқиш учун турли ишларга ўзини ура бошлаган болакай ишбилармонлиги, тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлиги билан улкан ютуқларга эришди. Унинг таржимаи ҳоли ва бизнесда эришган ютуқлари Гарвард университети талабаларига дарс сифатида ўтилади.
БОЛАЛИК МАШАҚҚАТЛАРИ
Ли Кашин 1928 йилнинг 13 июнь санасида Хитойнинг Чаочжоу шаҳрида, оддий қишлоқ ўқитувчиси оиласида дунёга келган. 1940 йилда япон аскарларининг Хитойга ҳужуми камбағалликда кун кечираётган ушбу оила бошига ҳам мислсиз уқубатларни келтирди. Оила жон сақлаш учун Гонконгга қочиб ўтишга мажбур бўлади. Мусофирликдаги ҳаёт, қашшоқлик азоблари эса янада оғир эди. Бу мусибатларни кўтара олмаган Ли Кашиннинг отаси сил касаллигига чалинади. Даволаниш учун эса пул топилмасди. Натижада ота вафот этади ва ҳали мактабнинг бешинчи синфини ҳам битирмаган ўсмир онаси билан бирга оила юкини зиммасига олади. У аввалига соатсозлик ҳунари билан кун кечирадиган бобосига ёрдамчи бўлди, кейин соат тасмаларини сотиш билан шуғулланиб кўрди. Бироқ ўша вақтда бу ишлар билан кун кечириш қийин эди. Шу боис Ли Кашин пластмасса гуллар ишлаб чиқарувчи заводга ишга киради. У кўпроқ маош олиш учун кунига 16 соат ишлар, ишдан сўнг кечки мактабга борарди.
“СОХТА АТИРГУЛ”ЛАР САВДОСИ
Ли Кашин заводда қанчалик кўп ишламасин, бу ерда олаётган маоши билан оиласини тўла-тўкис таъминлай олмаслигини биларди. Шу боис мустақил савдо билан шуғулланиш фикрига келди.
У заводдаги иш жараёнида атиргуллар савдосига қизиқиб кўрганди. Ўша даврларда бу гуллар энг сўнгги моданинг бир кўриниши ҳисобланиб, талаб жуда кучли эди. Буни англаган Ли бобосининг соат тузатадиган кичик дўкончасини “универмаг”га айлантириб, “сохта атиргул”лар савдосини йўлга қўйди. У ҳар куни савдо қилар, орттирган арзимаган пулларини эса йиғиб борарди. Ли Кашин янги иш бошлашдан ҳам, турли тажрибалар ўтказишдан ҳам умуман чўчимасди. Савдо орқали бироз пул йиғиб олгач, ҳеч иккиланмай ўзининг шахсий пластмасса буюмлар заводчасини ҳам очишга муваффақ бўлди. Бу вақтда у эндигина 22 ёшни қарши олганди.
Лининг кичик заводида сунъий гуллардан ташқари пластмасса ўйинчоқлар, совун идишлари ва тароқлар ҳам ишлаб чиқарилар, бу маҳсулотлар ички бозорда анча харидоргир эди. Бироқ ёш Лини бу ютуқлар қониқтирмади. У компанияни янада ривожлантириш учун экспортни ҳам йўлга қўйиш кераклигини биларди. У худди шу ниятда ишлаб чиқараётган маҳсулотларига хориждан харидор излай бошлади. Ниҳоят бунга эришди ҳам. Компания ўз пластмасса буюмларини АҚШга экспорт қилишни йўлга қўйди.
Аммо иш юришган сари муаммолар ҳам ортиб борарди. Лининг заводи яхши пул келтираётганини кўрган ер хўжайини (У завод қурган ерини ижарага олганди) ижара ҳақини тез-тез ошириб турарди. Ижара ҳақининг бу қадар юқорилашидан ранжиган Ли Кашин заводни кўчириш учун янги жой излай бошлади. Қидирув жараёнида у Гонгконгда ер нархи кўтарилиб бораётганини ва энди фаолиятини ўзгартириши кераклигини тушунди ва ҳеч иккиланмай пластмасса заводини сотиб юбориб, пулларини кўчмас мулк бизнесига йўналтирди.
ЦЗЭДУН ИНҚИЛОБИ ВА ЛИ КАШИННИНГ ТАНЛОВИ
Ўша пайтларда кўчмас мулк бозорида фаолият юритиш учун жуда катта маблағ эгаси бўлиш талаб этиларди. Чунки бу вақтда Гонгконгда ернинг нархи қиммат, қурилиш ишлари учун ҳам озмунча сармоя сарфланмасди. Шу боис Ли бу борада жуда ақл билан иш юритди. У ерларни сотиб олар ва бирор нарса қуриш олдидан тадбиркорларга ҳамкорликни таклиф этарди. Яъни тадбиркорлар катта миқдорда ижара хақи тўлашдан қутилиб, қурилаётган объектга сармоя киритар ва шу билан ундан келадиган фойдадан ўз улушига эга бўлардилар. Тез орада Ли билан ҳамкорлик қилишни истовчилар сони ортиб кетди.
1966 йилгача Ли Кашин ерларни аста-секин сотиб ола бошлади. Аммо Хитойда “маданий инқилоб” даври бошлангач, Мао Цзэдуннинг сиёсатидан норози инглиз тадбиркорлари Гонгконгдан кўчиб кета бошлади. Ер нархи сув текин бўлиб қолди. Бундан фойдаланган Ли ерларни арзонгаровга сотиб олиб, арзон уй-жой қуриб, ижарага беришни йўлга қўйди. Ўша пайтда ҳамма Ли Кашинни аҳмоққа чиқарди. Аммо орадан ўн йил ҳам ўтмай унинг келажакни кўра билиш қобилияти иш берди. 1976 йил Мао Цзэдун вафот этди. Янги ҳукумат Цзэдун сиёсатини қоралаб, мамлакатда янги иқтисодий ислоҳотларни амалга ошира бошлади. Чет эл инвесторлари Гонгконгга жалб этилди. Ли Кашинга қарашли ерлар нархи эса ақл бовар қилмас даражада кўтарилиб кетди.
МИЛЛИАРДЛАР ОҒУШИДА
Кўчмас мулк бозоридаги фаолияти сабаб каттагина маблағ тўплаган Ли Кашин 1979 йили Гонконгдаги “Hutchison Whampoa” деб номланувчи Британиянинг йирик компаниясини сотиб олди. Компания савдо-сотиқ, кўчмас мулк, омборчилик, юк ташиш, салқин ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланарди.
Ли Кашин компанияни тубдан ислоҳ қилиб, самарасиз фаолият юритаётган тармоқлардан воз кечди ва келажаги бор соҳаларга янада катта эътибор қаратди. Деярли қайта ташкил этилган компания тез орада дунёдаги йирик порт оператори ҳамда савдо, қурилиш, телекоммуникация ва энергетика корпорациясига айланди. 1980 йилдан бошлаб у биржа операциялари ва иқтисодиётнинг янги соҳаларига сармоя киритиш билан ҳам шуғуллана бошлади. Ли Кашин келажакда даромад келтирувчи соҳаларни олдиндан кўра олар ва пул тикар, кейин эса бизнесини қиммат нархга сотарди. 1985 йили у “Hongkong Electric” энергетика компаниясининг акциядорига айланди.
1991 йили Буюк Британия мобиль алоқа бозорига кирган Ли Кашин инқирозга учраган “Rabbit” хизматини сотиб олиб, уни “Orange” бренди остида қайта шакллантирди ва 1999 йили 14,6 миллиард долларга сотди.
1996 йили Ли Кашиннинг компанияси Панама каналининг ҳар икки томонидаги портлар назоратини ўз қўлига олди.
ТУРЛИ КОМПАНИЯЛАРДАГИ САРМОЯЛАР
2000 йилларга келиб, бизнесда катта тажриба ва катта маблағ тўплаган Ли Кашин асосий эътиборини турли лойиҳаларга сармоя киритишга қаратди. У бу борада оламшумул, оғиздан-оғизга кўчаётган лойиҳалар эмас, балки ўзи келажагига ишонган соҳаларга эътибор қаратди. Масалан, 2005 йилда “Skype” хизматига, 2007 йили “Facebook” ижтимоий тармоғига, 2009 йили “Siri” компаниясига, “Spotify” мусиқий хизматига, “Magisto” видеоредакторига сармоя киритди. Ҳатто 15 ёшли компьютер дастурловчиси Ник Д`Алойзионинг ғояларини амалга ошириш учун пул тикишдан ҳам чўчимади.
Шу билан биргаликда, жаҳон бўйлаб турли компанияларни сотиб ола бошлади. Хусусан, 2010 йили Франциянинг “Electricite de France” компаниясини, бир йилдан сўнг Британиянинг “Northumbrian Water Group” (сув билан таъминлаш ва канализация), кейинроқ Австриянинг “Orange Austria” мобиль операторини сотиб олди. Шунингдек, Австралияда ҳам йирик савдоларни амалга оширди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва сотувчи “Peaty Trading Group”, туз ишлаб чиқарувчи “Cheetham Salt” компанияларини харид қилди.
Бугунга келиб эса бу лойиҳаларнинг барчаси машҳур брендга айланган. Улардан Ли Кашинга даромад сувдек оқиб келмоқда. 2017 йил бошидаги ҳисоб-китобларга кўра, Ли Кашиннинг бойлиги 29,6 миллиард долларни ташкил этади.
ШАХСИЙ ҲАЁТ ВА ХАЙР-САХОВАТ ИШЛАРИ
Ли Кашин муваффақиятининг асосий омилларидан бири унинг меҳнатсеварлик, интилувчанлик ва интизомлилик фазилатларидир. У оғир ва узоқ ишлайди. Ўта бадавлат бўлса-да, жуда оддий ҳаёт кечиради, ҳалигача арзон пойабзал кияди, пластмасса соат тақади, ўғли билан икки қаватли уйда истиқомат қилади.
Унинг хотини Лэй Чон Ютмин 1990 йили 56 ёшида юрак хуружидан вафот этган ва Ли қайтиб оила қурмаган. Унинг икки ўғли бўлиб, катта ўғли Виктор (1964 йилда туғилган) отасининг компаниясида раис ўринбосари, кичик ўғли Ричард (1966 йилда туғилган) эса “Pacific Century Group” деб номланувчи ўз корпорациясига эга.
Ли Кашин бошқаларга ниҳоятда меҳрибонлиги, саховатпешалиги туфайли “Учинчи ўғил” дея ном олган. Кўплаб нашрлар эса унга нисбатан “Осиёлик супермен” деган сифатни ишлатишади.
Ли Кашин ҳар йили жуда катта миқдордаги пулларни хайр-саховат ишларига йўналтиради. У бизнесда эндигина ўз ўрнига эга бўлган 1980 йилдаёқ хайрия жамғармасини ташкил этган эди. Бир йилдан сўнг ушбу жамғарма Шантоу университети қурилиши учун 3 миллион доллар пул ажратди, кейин Сингапур менежмент университети кутубхонаси, Сингапур миллий университети, Гонконг университети, Калифорниядаги Беркли ва Альберт университетларига катта миқдорда маблағ эҳсон қилди. Кашин шунингдек, Ҳинд океанидаги цунами (2004 йил), Чаочжоудаги сув тошқини (2006 йил) ва Сичуандаги зилзила (2006 йил) жабрдийдаларига дори-дармонлар ва илк ёрдам воситалари учун пул ажратди, уй-жойларни тиклаш ишларини молиялаштирди. Ли таълим, тиббиёт ва маданият учун жами 1,6 миллиард доллар маблағни грант сифатида сарфлади. Бугунги кунда ҳам ҳар йили миллиардлаб маблағларни хайрия ишларига йўналтирмоқда.
Агар яхши обрў қозонсангиз, қаттиқ меҳнат қилсангиз, ваъдангизда турсангиз, бизнесингиз гуллаб-яшнайди.
***
Мен учун энг роҳатланарлиси қаттиқ меҳнат қилиш ва катта даромад кўришдир.
***
Мен бугунги ишларни ҳал қилишдан кўра, эртанги кунимни режалаштиришга кўпроқ вақт сарфлайман.
***
Келажак кўплаб нарсалардан ташкил топади, аммо инсонлар қалби ва онгида пайдо бўлади. Шунинг учун фақатгина ўз мақсадига эришиш ҳақида ўйламасдан, бутун инсоният тақдири ҳақида ўйлаш керак.
Манбалар асосида ЖАҲОНГИР тайёрлади.