Меню

Қашқадарё

30.11.2020 1482

Уч вилоят ҳокимлиги ва уч ИИБга нисбатан иш қўзғатилди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси уч вилоят ҳокимлиги ва ўша ҳудудлар ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди. Улар орасида Қашқадарё ҳам бор. 

Қўмитанинг antimon.gov.uz сайти орқали маълум қилинишича, ушбу идорага хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўрнатилган тартибда харид қилинган пахта чигитини бир вилоятдан (шаҳардан) бошқа вилоятга (шаҳарга) олиб чиқишда муаммоларга дуч келаётганлиги юзасидан норозиликлар билдирган кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мазкур мурожаатларга асосан вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ички ишлар органлари ходимларига вилоят ҳудудларидан пахта чигитини чиқармаслик тўғрисида топшириқ берилганлиги ва шунга кўра чегара пост хизматларидан чиқарилмаётганлиги билдирилган.

Ваҳоланки, биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар ушбу маҳсулотни сотиб олишлари мумкинлиги қонунчилик билан белгиланган бўлса-да, ҳокимликлар томонидан чигитни фақатгина ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетмасдан ишлатиши бўйича кўрсатма берилмоқда.

Мазкур ҳолат Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, барча вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва вазирликнинг вилоят бошқармаларига бундай ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан мурожаат қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда қўмита томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!