Меню

Қашқадарё

14.12.2017 1924

УЧ ОҒАЙНИ БОБОЛАРИМ

Нафақадаги шифокор Давлат бобо Бегимқуловникига кириб борганимда учовлон дўст ҳовлидаги мўъжазгина боғда айланиб юришган экан. Кексаларнинг серҳикмат суҳбатини суяман – бу мен учун айни муддао эди!

Боболар билан саломлашиб-сўрашиб, гурунгига қулоқ бердим. Сал ўтмай шу нарсага амин бўлдимки, “пири бадавлат” деган таъриф айнан шу инсонларга қарата айтилса арзийди. Ахир, Бобомурод бобо олти нафар фарзандни, Эркин бобо саккиз нафар фарзандни, Давлат бобо эса етти фарзандни ўстириб-улғайтириб, ўз таъбирлари билан айтганда “уяга қўндиришибди”. Бугунги кунда ҳар учала бобонинг кўнгли хотиржам, оиласи тинч, дастурхони тўкин - инсон учун бундан ортиқ саодат борми? Қолаверса, ёши етмишга яқинлашган бу нуронийлар ҳали кексаликни тан олишганича йўқ: Бобомурод бобо ва Эркин бобо фермер хўжалигига раис бўлишса, Давлат бобо хусусий корхона раҳбари. “Меҳнат инсонни қайраб ёшартиради, элнинг дуоси умрни узайтиради”, дейди бобоси тушмагурлар.

- Бобомурод бобо, - дейман саволим мухбирча чиқаётганидан сал ийманиб. - Дўстлашганларингизга неча йил бўлди? Шу орада бир-бирларингиздан нималарнидир ўргандик, деб ўйлайсизми?

Ийманишим ўринсиз бўлиб чиқди: саволимдан Бобомурод бобонинг чеҳраси ёришиб кетди.

- Дўстлашганимизга 30 йилдан ошгандир-ов, - дейди у сафдошларига бир қараб олиб. Гапини тасдиқлатгач эса давом этади. - У пайтларда мен механизатор бўлиб ишлардим, Эркин бобонг колхозда иш юритувчи, Давлат бобонг эса шифокор эди. Иш юзасидан бир-биримиз билан танишиб, қалин дўстларга айланиб кетганмиз-да, улим. Ўрганишга келсак, элда “қовун қовундан ранг олади”, деган гап юради – ҳақиқат бу! Кексами-ёшми, инсон ҳамиша атрофидаги одамлардан нимадир ўрганади, ён-веридагиларга ўхшашга интилади. Шахсан мен икки дўстимдан елкадош бўлишни ўргандим, меҳнаткашликни ўзлаштирдим. Ким билсин, балки булар дангаса бўлганида, амаллаб нафақага чиқиб олдик, энди невараларга белни уқалатиб ётаверсак ҳам бўлади, дейдиганлардан бўлганида, ҳозир мен ҳам бунчалик тетик бўлмасмидим...

- Шуни тан олганинг ҳам яхши, - кулиб луқма ташлайди Давлат бобо. Мен энди унга қарайман:

- Дўхтир бобо, инсон кексая бошлаганини неча ёшларда ҳис этади, нима деб ўйлайсиз?

- Уйида тинчлик бўлса, фарзандлари оқибатли бўлса, фойдали меҳнат билан шуғулланиб турса, инсон ҳеч қачон кексаймайди, - деркан, Давлат бобо бирдан жиддий тортади. - Тиббиётдаги узоқ йиллик тажрибамдан, ҳаётнинг ўзидан олган сабоғимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳаракат ва хотиржамлик инсонни эрта қаришдан сақлайдиган асосий нарса. Менимча, ҳожи бобонг билан Эркин бобонг ҳам гапимни маъқуллашса керак...

 Бу гапдан сергакланаман.

- Э, ҳали Ҳаж зиёратини ҳам ўтаб қайтганмисиз? – сўрайман Бобомурод бободан. Сўровимга эса Бобомурод бобонинг ўзи эмас, Эркин бобо жавоб беради:

- Ҳа-да! – дейди гўё Ҳажга ўзи бориб келгандай ғурурланиб. – Бобомурод бобонг мана шу йил Ҳаж қилиб қайтди. Яна киройи эмас, “Ҳожи Акбар” бўлди!

- “Ҳожи Акбар” дегани нима? – ҳайрон бўламан мен.

Эркин бобо менга тушунтиришга уринади:

- Ҳожи Акбар – улуғ ҳожи, дегани, улим. Бир неча марта ҳажга борганларга, Ҳаж зиёрати Қурбон ҳайити кунига тўғри келганларга қарата айтилади...

Гап шу ерига келганда бирдан хаёл олиб қочади. Анча вақт олдин бир китобда ҳаж зиёратига машаққат тортиб, пиёда борилса, чин зиёратга айланиши ва бу ибодат қабул бўлиши ҳақида ўқиганимда ҳозирги кунда давлатимизнинг ҳожиларга яратаётган енгилликлари зиёратчиларнинг савобга дахлдорлигини камайтириб қўймасмикан, деб ўйлаб қолганим ёдимга тушади. Бу саволга жавоб топишнинг айни фурсати келгандай тўлқинланиб кетаман.

- Бобожонлар, - дейман беихтиёр. – Эски бир китобда ҳажга пиёда бориш кераклиги ҳақида ўқиган эдим, шунга нима дейсизлар-а? Пиёда борилмаса Ҳажи мақбул эмас, дейилганди ўша китобда...

Боболар кулишади-ю, мени хижолатга туширишади.

- Аввало ҳозир ҳажга пиёда боришнинг асли имкони йўқ, - биринчи бўлиб Бобомурод бобо жавоб қайтаради юзидан табассум ёғилиб. – Қолаверса, Ҳажга борган одам машаққат тортиши кераклигига ишора қилаётган бўлсанг, йўл азоби – гўр азоби дейди эскилар, олис манзилга йўл тортган одам хоҳ самолётда бўлсин, хоҳ эшакда бўлсин, чамамда, барибир қийинчиликка учрайди. Бу масаланинг биринчи томони. Ундан кейин ҳукуматимиз зиёратни тинч ва қийналмасдан ўтаб келишимиз учун шундай қулайликлар яратиб қўйган бир пайтда, мен сурувдан адашган серкадай Ҳажга пиёда йўл солсам, улим, бу савобталаблик эмас, ғирт ношукрлик бўлиб қолмайдими?

Бобомурод бобонинг содда ва жайдари қилиб берган ҳаққоний жавобидан энди ўзим ҳам яйраб куламан.

- Дўхтир бобо, нега сиз ҳажга боришни кечиктириб келаяпсиз, ахир бунга имкониятингиз тўлиқ етади-ку? – сўрайман Давлат бободан.

- Ўзингга маълум, шу икки-уч йил ичида Қизилтепа қишлоғининг йўлини таъмирлатдим, қишлоғимиз қабристонини, бозорини баҳоли қудрат обод қилдим. Шу ишларни ниҳоясига етказай, мен ҳам Ҳажга бораман, албатта, - дейди Давлат бобо.

Ҳа, Давлат бобонинг бу хайрли ишларидан хабардорман. Айниқса, у киши йўлни таъмирламоқчи бўлганидаги бир воқеа эсимдан чиқмайди...

Ўшанда Давлат бобом йўлга тўктириш учун Ғузордан қатновчи катта юк машинасига шағал орттириб, қишлоққа жўнатган, машинани бобонинг ўғли Умрзоқ ака иккимиз кутиб олган эдик. Лекин, афсуски, шу шағални қишлоқ кўчасига ёйишга ёрдамлашишга келганда одам топилиши қийин бўлиб қолди. Ёрдамга чиқишларини қишлоқ аҳлига илтимос қилиб борсак, айримлар вақти йўқлигини айтди, айримлари кейинроқ бораман деб, чиқишмади... Ниҳояти эса Умрзоқ ака ёрдамчи ёллашга мажбур бўлдилар. Бироқ “беш қўл баробар эмас”, деганларидек, орадан кўп ўтмай йўлдан ўтаётган улов соҳиблари тўхтаб, ёрдамга кела бошлашди ва бу иш бир зумда ўз-ўзидан катта жамоавий ҳашарга айланиб кетди!..

Мен навбатдаги саволимни бир мунча босиқ табиатли, камгап инсон бўлгани сабабли суҳбатимиздан четда қолаётгандай туюлаётган Эркин бобога бераман.

- Эркин бобо, бугунги кунда меҳр ва оқибат камайиб бораяпти, одамлар бир-биридан олислашаяпти, деган гаплар ҳам қулоққа чалинади. Ростми шу гаплар?

- Яхши билан ёмон кеча ҳам бор эди, бугун ҳам бор, - дейди Эркин бобо одатига хос вазминлик билан. – Лекин бундай тўкинликка, бундай тинч юрт одамига фақат эзгуликларга эш бўлиб яшаш ярашади. Ўзингнинг топганинг ўзингга, бошингни ҳукумат қўриб турибди. Болаларимга айтаман: камбағалчиликнинг кеча айби йўқ эди, бугун яратилаётган шунча имкониятлардан кейин камбағал бўлиш - айб! Ишла, топ, ўзингга ол, орттирсанг элга бер – элда яхши деган от чиқар!

- Айтмоқчи, ўзи кўп савол бериб қолдинг, нима биз ҳақимизда мақола ёзмоқчимисан? – тағин луқма ташлайди Давлат бобо.

- Эй, биз ҳақимизда ниманиям ёзарди? - Бобомурод ҳожи бобо кулади. – Нима, биз лангарлик Сафар чавандозга ўхшаб етмишга яқинлашганда кўпкарида зот айириб қаҳрамонлик кўрсатибмизми?! Нимайди, “Чавандоз ҳақиқатлари”миди, “Чавандоз ҳикматлари”миди, газетада ўқиб қолувдим...

Ўзига хос эътирофдан руҳим кўтарилиб кетади.

- Агар-мабодо мақола ёзиб қолсам, сарлавҳасини нима деб қўяй? - сўрайман жилмайиб. - Ўзларингиз айтинглар-чи?

- “Шу кунларга шукрона”, деб қўй, - дейди Эркин бобо.

- Сен билан менинг шукурлилигимизни шундоғам ҳамма билади, - Давлат бобо дўстини беозоргина қилиб койиб бераркан, менга қараб амри овозда айтади. – Улим, яхшиси мақолангни “Уч оғайни боболарим” деб қўй! Чунки ҳозир, билсанг, бизга ўхшаб бир-бирининг ҳазил-ҳузулини кўтара оладиган, қийин-ташвишида елкама-елка тура оладиган чин дўстлар айниқса, сен тенгилар орасида кам...

...Боболарим билан хайрлашиб уйга қайтар эканман, уларни нима бунчалик яқин дўст, дилдош-маслакдошга айлантира олганлиги ҳақидаги ўз-ўзимга берган саволимга жавоб топгандай эдим. Аммо бу жавоб – бу хулоса меники, танҳо ўзим учун. Келинг, сиз ҳам бу саволга ўзингизча жавоблар ахтариб кўринг.

Байрам АЛИ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!