Меню
Қашқадарё
УЧ ЙИЛ ОЛДИН "ОБОД ҚИШЛОҚ" ДАСТУРИГА КИРИТИЛГАН ЧАНДИР
ҳақиқатда қачон обод бўлади?
Миришкор туманидаги Чандир қишлоғи вилоятимизнинг энг катта ва кўп миллатли қишлоқларидан бири саналади. Айни пайтда Чандир 4 та маҳаллани ўзида бирлаштирган бўлиб, уларда умумий ҳисобда 14 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.
- Чандир қишлоғи маркази шундай кўринишга келиши керак эди.
2018 йилда ана шу қишлоқ вилоят ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан "Обод қишлоқ" дастурига киритилиб, бу ерда ички имкониятлардан келиб чиқиб аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга, ҳудуд қиёфасини ўзгартиришга қаратилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши белгиланган эди.
Ўша пайтда катта ҳажмдаги ишлар режа қилиниб, уларни бажаришга киришилди. Бу саъй-ҳаракатлар учун вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўплаб мутахассислар ва техника воситалари жалб этилди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Чандирда дастур доирасида бир қатор ўзгаришлар бўлди. Масалан, ҳудуддаги тўртта мактаб, битта мактабгача таълим муассасаси ҳамда қишлоқ участка шифохонасида жорий ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Анча олдин носоз ҳолатга келиб қолган сув йиғиш ва тарқатиш иншооти таъмирланиб, қишлоққа яна оби-ҳаёт олиб келинди. Шунингдек, аҳоли томонидан ноқонуний қурилган ва ҳудуд чиройига, инфратузилмасига салбий таъсир этаяпти, деб ҳисобланган қўшимча бино ва иншоотлар бузилиб, ўрни текисланди. Қишлоқ марказида тадбиркорлар томонидан бир нечта савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, ишга туширилди.
Бўлди... Шу билан ишлар тўхтаб қолди, натижада Чандирда ободлик насимлари одамлар ўйлаганчалик сезилмади. Қишлоқ чирой очмади. Ахир бошида ваъдалар, режалар бошқача эди-да.
Мисол учун, "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилиши мўлжалланган асосий режалардан бири қишлоқ марказида замонавий тикувчилик цехини ишга тушириш эди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги маҳаллалардан 200 нафар хотин-қиз иш билан таъминланиши айтилганди. Аммо қишлоқ хотин-қизларининг қувончига сабаб бўлган бу ташаббус амалга ошмади. Тикувчилик цехи учун мўлжалланган эски бино эса ҳамон ташландиқ, таъмирталаб ҳолида турибди.
Олган маълумотларимизга кўра, Чандирда "Обод қишлоқ" дастурини амалга ошириш бўйича вазифалар тақсимланганидан сўнг, тикувчилик цехини ишга тушириши керак бўлган "Жейнов пахта тозалаш" акциядорлик жамияти ҳудуддаги кластер корхоналаридан бири тасарруфига ўтказилган. Кластер эса лойиҳага қизиқиш билдирмаган.
Хуллас, масъуллар учун ҳам баҳона бор-да. Йўқса, тайёр бинони таъмирлаб, шу ерда бирорта ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширадиган бошқа ташаббускор топиш қийин бўлмасди.
Қишлоқ марказидаги Мотамсаро она ҳайкали атрофини ободонлаштириш, у ерда замонавий дам олиш хиёбонини қуриб фойдаланишга топшириш бўйича бошланган ишлар ҳам ўз жойида қолиб кетган. Айни пайтда хиёбон учун мўлжалланган майдон чиқиндихона вазифасини ўтамоқда. Ваҳоланки, бу ер қишлоқ аҳли келиб, соя-салқинда дам оладиган, маданий ҳордиқ чиқарадиган гўзал мажмуага айланиши лозим эди.
Қишлоқдаги энг асосий муаммо эса йўлларнинг ачинарли ҳолатидир. Қишда лой, ёзда тупроқ кўпчийдиган бу йўллар аслида 2018 йилдаёқ таъмирланиб, тош-шағал ётқизилган ёки асфальт қопламали равон кўчаларга айлантирилиши белгиланганди. Лекин "Обод қишлоқ" дастуридан сўнг қишлоқдаги йўлларнинг аҳволи янада ёмонлашса ёмонлашдики, асло яхшилангани йўқ.
- Тўғри, йўлларимизнинг ҳолати анча ёмон, - дейди Янги ҳаёт маҳалласи раиси Бобомурод Хўжамуродов. - Айниқса, қишлоқ марказини кесиб ўтган асосий автомобиль йўли жуда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. У таъмирланса, бутун қишлоқ қиёфаси анча ўзгариб қоларди. Биз ҳам шунинг ҳаракатидамиз.
Қишлоқ одамларининг таъкидлашича, дастур доирасида 4 К278 автомобиль йўлининг 2 километрлик қисми тўлиқ қайта асфальт қилиниши, қолган 16 километр қисмида эса таъмирлаш ишлари амалга оширилиши, қолаверса, қишлоқ марказидаги асосий йўлнинг ҳар икки томонидан пиёдалар йўлакчалари қурилиб, тунда ёритиш чироқлари ўрнатилиши белгиланган. Аммо бу ишларнинг бирортаси ҳам амалга ошгани йўқ.
- Ҳатто, йўлни тунда ёритиш тизимини ишга тушириш учун зарур бўлган темир қувурлар ҳам олиб келинганди, - дейди ҳудуд аҳли. - Негадир ҳамма иш жой-жойида қолиб кетди. Яқинда "райгаз"дан одамлар келиб, уларни олиб кетмоқчи ҳам бўлди. Бироқ биз қаршилик кўрсатиб, бунга йўл қўймадик. Ҳали ҳам қишлоғимизда чала қолган ишлар битишидан умидимиз бор. Шунинг учун бу борадаги муаммолар ҳал этилишини сўраб турли идораларга мурожаат этишдан тўхтамаяпмиз.
Энди ўз-ўзидан савол пайдо бўлади. Хўш, Чандирда "Обод қишлоқ" дастури доирасида катта ишлар мақсад қилиндию, нега уларнинг аксари бажарилмади? Аҳолининг асосий норозилигига сабаб бўлаётган ички йўллар таъмирланадими ёки йўқ?
Шу мазмундаги саволлар билан Миришкор тумани қурилиш бўлими бошлиғи Шавкат Тошматовга мурожаат қилдик.
- Бу йил Чандирда катта ишлар бўлади, - дейди у. - Хусусан, йўл масаласига келадиган бўлсак, жорий йилда туман миқёсида 100 километр ички йўллар таъмирланиши тегишли дастурга киритилган. Шунинг ичида Чандир қишлоғидаги 6 километр ички хўжалик йўллари ҳам бор. Бу ишлар учун республика бюджетидан маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Қишлоқ марказидан ўтган умумфойдаланувдаги автомобиль йўлининг 2 километр қисмини асфальт қилиш эса ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу ишни тадбиркорларимиздан бири ўз зиммасига олган. Хуллас, шу йил сўнгига қадар Чандирда йўл билан боғлиқ муаммо қолмайди.
Нима ҳам дердик. Агар масъул айтаётган гаплар рост бўлса, кеч бўлса-да, Чандирда кутилган ободлик насимлари эса бошлайди. Фақат гап айтилаётган ваъданинг амалга ошишида. Зеро, 2019 йил бошида ҳам туман ҳокимлиги масъуллари "Обод қишлоқ" дастури учун яна маблағ ажратилиши ва бир йил ичида Чандирда чала қолиб кетган ишлар ниҳоясига етказилишини айтишганди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.