Меню

Қашқадарё

13.08.2019 1856

УЧ БОСҚИЧ, ҚАРИЙБ 2500 ИШ ЎРНИ, 100 ФОИЗ ЭКСПОРТ

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда нафақат пахта етиштириш, балки уни шу ернинг ўзида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолида сотишга устувор аҳамият берилмоқда. Мисол учун, 1991 йилда юртимизда тайёрланган пахта толасининг атиги 7 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, ҳозирги  кунда бу кўрсаткич 40 фоиздан ошиқни ташкил этади. 2020 йилга бориб эса мамлакатимизда етиштирилган пахтани хом ашё кўринишида экспорт қилишга чек қўйилади.  Бунинг учун соҳага ихтисослашган 120 та замонавий корхона ташкил этиш, ўндан ортиқ субъектни модернизация қилиш режалаштирилган.

Қарши тумани Қоратепа қишлоғи ҳудудида фаолият кўрсатаётган "LT Textile International" корхонаси юз фоиз хорижий сармоя иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири саналади. Унинг қурилиш ишлари 2015 йилда бошланган бўлса, 2017 йилнинг июль ойига келиб ишлаб чиқаришга киришилди. Бу 3 босқичли лойиҳанинг дастлабки натижаси эди. Бунинг учун хорижий инвестор томонидан 109 миллион АҚШ доллари сарфланди ва келтирилган энг замонавий технологиялар асосида жиҳозланган мажмуада пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш бошланди. Шу баҳонада 730 нафар маҳаллий йигит-қиз доимий иш билан таъминланди.

Таъкидлаш жоиз, вилоятимизда етиштириладиган пахта толаси пишиқ ва чўзилувчан эканлиги, қолаверса, мазкур енгил саноат мажмуасида хом ашёга замонавий технологиялар асосида сифатли ишлов берилаётгани субъектда тайёрланаётган ип-калаванинг хорижда рақобатбардош ва харидоргир бўлишини таъминлаяпти. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ҳам, экспорт географияси ҳам кенгайиб, корхонанинг иқтисодий салоҳияти юксалиб бормоқда.

- 2018 йилда қиймати 43 миллион 507 минг АҚШ долларига тенг ҳажмда  маҳсулот экспорт қилган бўлсак, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида бу кўрсаткич 30 миллион 922 минг АҚШ долларига етди, - дейди корхона раҳбарининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Йао Йoухонг. - Кўплаб Осиё ва Европа давлатлари бизда ишлаб чиқарилаётган ип-калаванинг асосий харидорлари ҳисобланади.

Айни пайтда инвесторлар томонидан лойиҳанинг 2-босқичини ишга тушириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам қизғин кечмоқда. Бунда 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя эвазига тайёр мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилганди. Ҳозирги кунда шу мақсад учун бунёд этилаётган бино қурилиши ишлари якунланай деб қолган. Унга хориждан зарур технологик ускуналар олиб келиб ўрнатилади ва келгуси йил қувват ишга туширилади. Аҳамиятли томони, лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилиши натижасида яна 700 та янги иш ўрни ташкил этилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, корхона мулкдорлари келгуси йилдан бошлаб кластер тизимида ишлашга ўтишни режа қилишган. Бу лойиҳанинг 3-босқичи саналади.

Бунда хорижий инвесторлар вилоятимиз ҳудудидан 40 минг гектар ер олиб, 300 миллион АҚШ доллари эвазига илғор қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, зарур инфратузилмани шакллантириш ҳамда кучли мутахассисларни жалб этиш орқали ўзлари олий навли пахта хом ашёси етиштиришни йўлга қўйишни кўзлашган. Шунда яна 1000 нафар ишчи кучига эҳтиёж туғилади. Маҳаллий ишсиз йигит-қизлар учун эса бу айни муддао.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!