Меню

Қашқадарё

31.05.2018 1619

ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН БУРЧИНИ ҲАМ ЯХШИ АНГЛАЙДИ

Биламизки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда халқимизнинг ўзини оқлаган урф-одатлари, фикру таклифлари ва ривожланган давлатларнинг ижобий натижаларидан фойдаланилади. Ана шунда қонунлар давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этади, кўп вақтлар амалда бўлади. Қонунлар адолатли ва ижро этилган тақдирдагина фуқаролар томонидан тан олинади, қонунларга бўлган ишончу ҳурмат қарор топади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги "Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида қонунлар қабул қилингандан кейин ижросини ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари кўрсатилиши шартлиги белгиланди.

Назоратни амалга ошириш юклатилган масъул давлат органи тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқади. Қонунчилик палатасидан электрон ва қоғоз шаклда Адлия вазирлигига юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир кунлик муддатда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда юборилади.

Шунингдек, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш, вилоятларда адлия бош-қармалари бошлиқлари раҳбарлигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашларида ҳар йили тегишлича Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқарма ҳамда бўлимларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг аҳволи тўғрисидаги ахборотини эшитиш жорий қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш ва унинг ҳудудий комиссиялари тўғрисида низом тасдиқланиб, комиссиянинг функцияси, ишчи органи ва вазифалари белгилаб берилди. Унга асосан комиссия йиғилиши бир йилда камида икки марта ўтказилиши керак. Комиссия ярим йиллик ва йиллик режалар асосида ишини ташкил қилади.

Қайд этиш лозимки, фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқларини яхши билиши, ҳуқуқий саводхонлиги муаммоларни ҳал этиш ва турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим ўрин   тутади. Қолаверса, ҳуқуқини билганлар давлат ва жамият олдидаги бурчини ҳам яхши англайдилар.

Зеро, Конституциямизда фуқаролар қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга, Ўзбекистон  халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга, белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурлиги, Ўзбекистонни ҳимоя қилиш ҳар бир кишининг бурчи эканлиги белгилаб қўйилган. Демакки, ҳуқуқини талаб қилаётган инсон бурчини ҳам ҳис этиб турмоғи керак.

Қонунлар ижрочилар ва фуқароларга ўз вақтида етиб борса, мазмун-моҳияти етарли даражада тарғиб қилинса ва тушунтирилса, ижросини таъминлашга эришамиз. Ушбу вазифа вилоятимиздаги барча давлат органлари ва ташкилотлар юридик хизмат ходимларининг бевосита хизмат бурчидир. Тарғибот ишларида ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаол бўлмоғи керак. Ўшанда аҳолида қонунларга ишонч ва ҳурмат туйғусини оширган, давлат ва жамият тараққиётини такомиллаштиришга ҳисса қўшган бўламиз.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!