Меню
Қашқадарё
У БУТУН БОРЛИҚНИ ЎЗ ИЗМИГА БЎЙСУНДИРМОҚЧИ
Сараланган сатрлар
Китоб туманидаги Ҳазрати Башир қишлоғида яшовчи бир чўпон ўлдириб кетилади. Сирли жиноят изларини очиш учун эса республика прокуратурасидан терговчилар жалб қилинади. Маълум бўлишича, чўпон тилла топган, шу билан бирга, қадимий қўлёзмаларни ҳам пуллаб анча-мунча даромад орттирган. Бир қарашда суиқасд сабаби шунга боғлиқдай. Аммо қилни қирқ ёриш натижасидаги қидирувлар чўпон пуллаган китоблар Темурийлар кутубхонасига тегишли эканини кўрсатмоқда.
Тарихга қизиқувчилар яхши билади: Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида катта кутубхона ташкил қилган. Унинг кутубхонасида даставвал Турон замин алломаларининг кўп асрлик ижодий мероси жамланган, сўнг узоқ йиллар давомида кутубхона забт этилган давлатлардан келтирилган манбалар ҳисобига тўлдириб борилган. Шунга кўра Ҳиндистон, Ироқ, Эрон, Сурия, Ассирия, Бобил, Арманистон, Туркиянинг йирик кутубхоналарида сақланаётган грек, лотин, араб, арман, форс ва бошқа тилларда яратилган нодир китоблар, битиклар, қўлёзмалар Самарқандга олиб келинган. Ривоятларга кўра, Туркиянинг Брусс шаҳридаги машҳур "Антик Пергам" кутубхонасидан антик даврнинг буюк олимлари Аполлон, Антигон Каристекий, кичик Ненаф ва бошқа машҳур олимларнинг асарлари юртимизга келтирилган. Китобларнинг кўпи ўта ноёб ва ягона нусхада бўлган. Жумладан, кутубхона фондида VII асрнинг биринчи чорагида куфий хати билан кўчирилган Қуръони каримнинг фанда "Усмоний Қуръон" номи билан машҳур нусхаси сақланган. Амир Темурнинг машҳур кутубхонасидан бизгача етиб келган оз сонли китоблар орасида "Усмоний Қуръон" ҳам бор.
Кейин ушбу кутубхона Мирзо Улуғбек даврида янада бойитилган.
Бироқ мазкур улкан кутубхона изсиз йўқолган. Тахминларга кўра, кутубхона Кўксарой остидаги ёхуд Амир Темур саройларидан бирининг тагидаги махсус ертўлага яширилган ва унга кириш йўли фақат Улуғбекка маълум бўлган. Бу тахминни илгари сурувчи олимлар Мирзо Улуғбек кутубхонаси жуда катта эканлиги, бундай улкан карвонни ҳеч кимга билдирмасдан шаҳардан олиб чиқиб кетиш мумкин эмаслиги билан изоҳлашади. Бундан ташқари, кўпгина манбаларда Самарқанд шаҳридаги муҳим объектларни бир-бири билан туташтирувчи ер ости йўллари бўлганлиги қайд этилган. Ушбу ер ости йўлларининг харитаси қаттиқ сир сақланган. Мазкур тахмин тарафдорларининг фикрига кўра, махсус ясалган сандиқларда китоблар ҳамон сақланмоқда. Афсуски, ҳали бу борада изланишлар ўтказилмаган, шаҳар остидаги йўлларда қазиш ишлари деярли олиб борилмаган. Иккинчи тахминга кўра, Али Қушчи кутубхонани вақтинча бирор жойга яширган ва кейинчалик уларни ўзи билан Туркияга олиб кетган. Учинчи тахмин - кутубхона Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг талон-торож қилинган ёки ёндириб юборилган.
Айтилишича, Мирзо Улуғбек 1449 йилда ўлдирилгач, Али Қушчи Самарқанддан кетиб 1456 йилга қадар Китоб туманидаги Ҳазрати Башир қишлоғида яшаган. Эҳтимол ноёб кутубхона шу қишлоқда бўлиши ҳам мумкин.
Ёзувчи Комил Синдаров қаламига мансуб "Темурийлар кутубхонасининг сири" детектив қиссасида чўпон ўлдирилиши сабаб олиб борилган тергов ҳаракатлари фонида ғойиб бўлган кутубхона ҳақидаги фикрлар, фактлар, далилларни учратамиз. Ўзаро боғлиқлик, тергов жараёнлари, воқеаларнинг Китоб, Самарқанд, Москва ҳамда Ереванда кечиши ўқувчи қизиқишини оширади. Шунга монанд қуйида асардан эътиборга молик лавҳаларни ҳукмингизга ҳавола этяпмизки, китобни ўқиб, кўп янги билимлар олишингизга ишончимиз бор.
* * *
Тўғри ҳар қандай жиноятнинг туб сабаби мол-дунёга бориб тақалади. Лекин одам очарчиликдан, йўқчиликдан, камбағалликдан, имконсизликдан жиноят содир этмайди. Ёки сиз ўз тажрибангизда қорнини тўйдириш учун жиноят содир этган шахсни учратганмисиз? Жиноятчилик асосан тўқликка шўхликдан келиб чиқади. Бой одам янада бойигиси келади. Агар у ўз бойлигини ҳаромдан топган бўлса, яна ҳаром луқма егиси келаверади. Бу йўлда ҳеч нарсадан тоймайди. Улар содда, гўл ва айни пайтда пулга муҳтож одамларни топиб, уларни ўз жиноятларига шерик қиладилар. Баъзан жиноятни шундай инсонларнинг қўли билан содир этадилар.
* * *
Қорнинг оч бўлса, қаттиқ нон еб кун кўрсанг ҳам бўлади. Аммо инсон таҳқирлашларга, камситишларга, хўрлашларга чидаши мушкул бўларкан.
* * *
Аёл зотини тушуниш қийин! Бир қарасанг мусичадай беозор, бир қарасанг рашк уларни аждарга айлантириши мумкин. Бу нозик хилқат вакиллари икки ҳолатда, биринчидан, боласига хавф рахна солганда, иккинчидан, эрини тортиб олмоқчи бўлганларида йиртқич шерга ҳам ташланиши мумкин.
* * *
Бойлик одамнинг калласини ҳам ишлатиб юборади.
* * *
Бир киши билган сир - сир, икки киши билган сир - сир эмас.
* * *
Инсонни айблаш осон, аммо айбни исботлаш мураккаб масала.
* * *
Жиноятчи парвонага ўхшайди. Содир этган жинояти атрофидан кета олмай қолади ва натижада оловга ўзини тутиб беради.
* * *
Ҳеч ким пулни супуриб олмайди. Бадавлат одам аксинча хасис бўлади.
* * *
Ҳатто энг кичик ҳашаротлар ҳам ҳаёт отлиқ улкан машинанинг бир бўлагини ташкил этади. Инсон эса ўша машинанинг бошқарувчиси. У бутун борлиқни ўз измига бўйсундирмоқчи. Бу йўлда ҳеч нарсадан тоймаяпти. Юлдузларга қўл чўзмоқда, қуёшга талпинмоқда, ойни ўзлаштирмоқчи, дарёларни жиловлаб, ўрмонларни каллакламоқчи, ҳайвонларни қафасга тиқиб, ҳашаротларни қирмоқчи... Наҳотки инсон ҳаёт машинасини жарлик томон бошқариб кетаётганлигини билмаса! Бу кетишда эрта-индин ер юзи бир уюм темир-терсаклар маконига айланиб қолмайдими?
* * *
- Тарихдан маълумки, Темур 1392-1396 йилларда Арманистон ва Гуржистонга бир неча бор юриш қилган. Қалъа ҳимоячилари шу қозонда ёғ қайнатиб, қайноқ мойни тепадан туриб қалъа деворларига чирмашиб келаётган аскарларнинг устидан қуйишда фойдаланилган. Шунда темурийлар қалъа деворини қулатиш учун порохдан фойдаланишга мажбур бўлган. Портлаш зарби шунчалик кучли бўлганки, қозонни ўқдай тешиб юборган...
- Ўша даврда порох ишлатилганмикан? - деди Фахриддин ҳайрати ортиб. - Бизга порохни 1888 йилда швед олими Альфред Нобель ихтиро қилган деб ўргатишган.
- Гапингизда жон бор. Расман баллистик порох ихтирочиси Нобель ҳисобланади. Аммо кўриб турганингиздек буюк бобонгиз бу ишни ўн тўртинчи асрда уддалаган.
* * *
Терговчи тушкунликка тушмаслиги лозим! Бир қарашда икир-чикирдек туюлган майда деталлар ҳам унинг синчков нигоҳидан четда қолмаслиги зарур.
* * *
Қочаётган ўғрида бир йўл бор, уни қуваётганда эса - мингта.
* * *
Амир Темур ҳақида бир ривоят юради. Унинг қўшинлари Арман заминидан ўтиб кетаётганда бир монастирга дуч келишибди. Темур қўшинлари дарвозаларни очишни талаб қилибди. Монастирдагилар бунга рози бўлишмасдан ўрнига катта миқдорда олтин ваъда қилишибди. Ўша пайтларда уруш қоидаларига биноан ҳаёти сақлаб қолинган мағлуб томон ғолиб томонга омонлик солиғини тўлашган... Монастирдагиларнинг таклифи Амирга маъқул келмапти. Анча ўйланиб туриб келган элчиларга "Майли, кимки омонлик истаса, ўз оғирлигига тенг китоб келтирсин!" деб шарт қўйибди. Монастир аҳли бу талабни узоқ муҳокама қилиб, ўлимга рози эканликларини изҳор қилибдилар. Бундай қарордан таъсирланган ҳоқон "халқнинг маънавий меросини ўз жонидан афзал кўрган эл яшашга ҳақли" деган фармон берган экан.
* * *
Тутқунлик, эрксизлик ёмон нарса! Ҳар қандай ўзига бино қўйган одамни ҳам синдириб қўяди.
* * *
"Нима, уриб бўйнига қўймоқчимисиз? Сиз терговчимисиз ёки кўчада юрган зўравонми? Бўйнига қўярмиш... Унда қонун, прокуратура, суд нимага керак!"
НАСРИДДИН тайёрлади.