Меню

Қашқадарё

25.06.2019 1768

ТУЯҚУШ, ЎРДАК, ҚУЁН ГЎШТИ ТАЙЁРЛАНАДИ

- Яқинда четдан 40 та туяқуш жўжасини сотиб олиб келтирдик, - дейди корхона раҳбари Ўдали Нурбердиев. - Яна 70 та харид қилишга шартнома тузганмиз. Тўғри, юртимизда бу янги соҳа, бироқ келажаги бор. Чунки ўзининг фойдали хусусияти боис туяқуш гўштига талаб юқори. Нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам сотиш имконияти мавжуд бу тансиқ маҳсулотни. Мақсадимиз ҳам ўзи шу - туяқуш сонини ошириб, кўпроқ гўшт ишлаб чиқаришга эришмоқчимиз. Керак бўлса, экспортга ҳам чиқарамиз. Маълум бўлишича, бу жонзот 100 килограммгача вазн қиларкан. Ҳозир парваришда муаммо йўқ, улар иқлим шароитимизга мос. Бозорга тезроқ гўшт чиқариш ҳаракатидамиз.

Ишбилармон қуёнчиликни ҳам истиқболли тармоқ деб билади. Йўлга қўйилганига ҳеч қанча вақт ўтмаган бўлса-да, у аллақачон самарасини бераяпти. Қуёнлар асосан  наслли бўлиб, тез кўпайиши ва семириши билан ажралиб туради. Бугунги кунда субъектда улар сони 600 га етказилган. Ҳозирча тадбиркор аҳолига товар гўшт эмас, балки тирик қуён таклиф эта олаяпти, холос. Негаки, одамлар шалпанг қулоқларни ўзлари сотиб олиб, уй шароитида боқиб кўпайтиришга қизиқиш билдиришган.

- Паррандачиликда ҳам тажрибамиз яхши, шунга саноат усулида ўрдак боқишга киришиб кетдик, - дейди тадбиркор. - Ҳозирги вақтда 300 ўрдакни ҳам гўшти учун парваришлаяпмиз. Ҳали салмоқни оширамиз, шу билан чекланмаймиз. Қўшимча бино қураяпмиз. Синов тариқасида корхонамизда балиқчиликка ҳам қўл урдик. Кичикроқ ҳавзага чавоқ ташлаб луқмаи ҳалол етиштираяпмиз. Кейинги йилда натижасини кўрсак керак. Ўзини оқласа, ушбу тармоқни ҳам ривожлантириш ниятидамиз.

Ўдали Нурбердиев гўшт беришда эчкичилик имкониятини ҳам юқори баҳоламоқда. Айниқса, бу йўналишда наслдор эчкилар парваришини ташкил этиш мақсад қилинган. Уларни хориждан олиб келиш кўзда тутилган. Келишув мавжуд. Айни саъй-ҳаракатларга мутаносиб равишда тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳақида ҳам бош қотираётир. Бусиз фаолият олға силжимайди, албатта. Ер олиб, тўйимли, озуқабоп экинлар етиштиришни кенгайтириш мўлжал қилинган. Ҳар ҳолда мақсад эзгу - аҳоли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан мунтазам таъминланади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!