Меню
Қашқадарё
ТУЯҚУШ ГЎШТИ ҲАЛОЛМИ?
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати Телеграмдаги каналида бу саволга қуйидагича жавоб берди:
- Туяқуш - истеъмол қилиш шаръан мумкин бўлган қушлардан саналади. Бу борада барча мазҳаб фуқаҳолари иттифоқ қилишган. Аллоҳ таоло барча покиза нарсаларни инсонларга ҳалол қилган бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди" (Моида сураси, 4-оят).
Ушбу умумий ҳалол қилинган ҳайвонлардан шариатда истисно қилинганларини истеъмол қилиш жоиз эмас. Буни қуйидаги каби ривоятлардан билиб оламиз:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Набий алайҳиссолату вассалом йиртқич ҳайвонлардан озиқ тиши борлари ва ўткир тирноқли қушлар(нинг гўштини ейиш)дан қайтардилар" (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз мазкур ҳадисдаги: "ўткир тирноқли қушлар"дан мурод - тирноқлари билан ов қилиб, унинг гўшти билан озиқланадиган бургут, лочин, қирғий каби қушлар тушунилади, дейишган.
Туяқуш мазкур ривоятда зикр қилинган ўткир тирноқли қушлар турига кирмайди. Фақат уни сўйишда Аллоҳнинг номини зикр қилиш шарт ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг номи зикр қилиб сўйилган ҳайвоннинггина гўштини ейишга амр қилган.