Меню

Қашқадарё

31.05.2016 1976

ТУТАБ КЕТАЁТГАН УМР

Хўш, инсониятни ўзига ром этиб келаётган тамаки маҳсулотларининг сеҳрли кучи нимада? Нега  кишилар ўз соғлиқларини йўқотиш эвазига бўлса-да, бу жирканч иллатга боғланиб қоладилар?

Аслида, саломатликка путур етказувчи зарарли одатлардан бири – чекишнинг инсоният ҳаётига кўрсатаётган салбий таъсирини тасаввур ва ҳис қилиш қийин эмас.

- Кашандалар орасида тамаки меҳнат қобилиятини оширади, деган нотўғри қараш мавжуд, — дейди врач-нарколог Отабек Расулов. - Чекиш натижасида асаб ҳужайралари фаолияти қисқа вақтга қўзғалади ва бу ҳолат тезда тўхтайди. Оқибатда мия токсик қўзғалишга одатланади. Маълум давр ўтгандан сўнг эса организм никотин талаб қила бошлайди. Асаб ҳужайралари қўзғалавериши натижасида кашанданинг боши оғрийди, бўлар-бўлмасга жаҳли чиқади, тез чарчайди ва меҳнат қобилияти сусаяди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўсмирлар орасида, асосан 14, 17, 19 ёшларда чекишга қизиқиш кучаяди. Бу пайтда ота-оналар янада эътиборлироқ бўлишлари зарур. Масалан, болани кичиклигидан спорт билан шуғулланишга ўргатиш худди шундай босқичларда яхши самара беради.

Психологик ва тиббий таҳлиллар шуни кўрсатадики, онгли мавжудот – инсон ўз ақли билан ихтиро қилган ижобий ва салбий нарсаларни баъзан атайлаб, гоҳида эса оқибатини ўйламай татиб ёки фойдаланиб кўришга мойил бўлади. Дунёдаги барча мамлакатлар аҳолиси сингари Ўзбекистонда ҳам чекишга берилган, бунинг зиён-заҳматини тортаётган фуқаролар йўқ эмас. Шу боис бизда бу зарарли одатнинг қулоч ёйишининг олдини олиш, чекишга қарши тарғибот ишларини таъсирчан тарзда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилади. 2011 йилнинг 5 октябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуни эса бу борадаги ишлар самарадорлигини оширди. Қонунга кўра, ташкилот, корхона ва муассасаларда, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган шохобчаларда, жамоат жойларида, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш қатъий тақиқланади. Унда қайд қилинган тартиб-қоидалардан яна бири – 20 ёшга тўлмаганларга тамаки маҳсулотлари сотилмайди, кашандалик туфайли саломатлигига путур етган шахсларга эса соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.

- Тамакининг япроғи ва илдизида бўладиган никотин моддаси заҳарли ҳисобланади, - дейди Отабек Расулов. - Агар 100-200 миллиграмм никотин томир орқали танага юборилса, одам шу ондаёқ ҳалок бўлади. Ваҳоланки, шунча миқдордаги никотин икки қути сигарета таркибида мавжуд экан. Тамаки чекканда никотин тутун билан бирга нафас йўлига кириб, шиллиқ пардаларга тез сўрилади ва одамнинг нафас аъзоларига зиён етказади. Шу туфайли асаб тизимларининг фаолияти ўзгариб, бош миядаги нафас маркази заифлашади, ўпка томирлари ишдан чиқади, бронхлар ва ўпкада сурункали яллиғланишлар юзага келади. Бунинг оқибатида кўп ҳолларда организм аъзоларида ўсмалар ҳам пайдо бўлиши кузатилади.

Тамаки чекаётганда ҳосил бўлган тутун фақат ўпкани зарарлабгина қолмай, балки бошқа аъзолар тизимига ҳам салбий таъсир ўтказади. Оқибатда сурункали гастрит, лаб, тил, қизилўнгач саратони, сийдик йўллари, асаб ва юрак қон-томир хасталиклари юзага келади.  Шунингдек, тамаки чекиш 90 фоиз ҳолларда ўпка саратони, 15-20 фоиз ҳолатларда онкологик касалликлар, 75 фоиз ҳолларда бронхит ва ўпка эмфиземаси, 25 фоиз ҳолатда эса юрак қон-томир ва бошқа касалликларга олиб келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари огоҳлантиришича, агар кашандаликка чалинган киши чекишни тўхтатса, вақт билан боғлиқ даражасига кўра қуйидаги ижобий ҳолат кузатилар экан: 1 соатдан сўнг – артериал қон босими ва юракнинг қисқариш частотаси меъёрий даражани ҳосил қилади; 8 соатдан сўнг – қондаги никотин ва карбонат ангидрид моддаси ярмига  камайиб, кислород миқдори нормаллашади; 24 соатдан сўнг – юқори ва қуйи нафас олиш органлари фаолияти яхшиланади; 72 соатдан сўнг – бронхлар ретаксикацияси кузатилади, энергетик потенциал ошади; 1 ҳафтадан сўнг – юз териси тиниқлашади, тери ва сочдаги, нафас чиқаришдаги нохуш ҳидлар йўқолади; 1 ойдан сўнг мутлақо енгил нафас олиниб, эрталабки бош оғриғи йўқолади, йўтал азоби камаяди; 1 йилдан сўнг – ўпка ракининг ривожланиш хавфи тенг ярмига қисқаради. Миокард инфарктининг жадаллашиши сусайиб, юрак соғлом кишиникидек ура бошлайди; 5 йилдан сўнг эса... мўъжиза рўй беради – у мутлақо соғлом кишига  айланади. Шундай экан, узоқ умр кўришни истасангиз ҳозироқ чекишни ташланг!

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!