Меню
Қашқадарё
ТУСМОЛИЙ ТИМСОЛЛАР
Бироқ, тасаввур қилиб кўринг: бир давлат ҳудудида байроқ ёки герб икки, уч хил кўринишда бўлиши, мадҳия бир жойда бошқачаю бошқа ерда ўзгача айтилиши мумкинми? Ҳамма ўзи билганича иш тутаверса, унинг давлат рамзи сифатидаги улуғлиги қаерда қолади?
Бундай деяётганимизнинг боиси бор. Биласиз, юртимизнинг барча ҳудудларида Мотамсаро она ҳайкаллари қад ростлаган. Улар қандай рамзий маъно касб этиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Яъни Мотамсаро она ҳайкали халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида ҳалок бўлган ўғлонлари хотирасига ўзига хос ҳурматини акс эттиради.
Маълумки, ўзбек халқи ўтган асрда инсоният бошига мислсиз кулфат келтирган Иккинчи жаҳон урушидан четда турмади. Дунё тарихидаги энг қирғинбарот урушда юртимиздан 1,5 миллион киши қатнашган бўлса, уларнинг 500 мингга яқини жангларда ҳалок бўлди, қанчаси бедарак кетиб, яна қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Биргина вилоятимизнинг ўзидан 47 мингдан ортиқ киши урушга бориб, уларнинг ярмидан кўпи ҳалок бўлди.
Бугун эса халқимизнинг Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиши, ҳурмат бажо келтириши ибратли анъанага айланди. Чунки Мотамсаро онанинг маҳзун қиёфаси ҳар биримизни мушоҳадага чорлайди. Уруш ва қирғинларга йўл қўймасликка, тинчликнинг қадрига етиб яшашга даъват этади. Ҳайкал пойига битилган “Сен доимо қалбимдасан, жигарим” сўзлари шу йўлда қурбон бўлган зотларга ҳурмат ифодасидир.
Демак, Мотамсаро она ҳайкали ўзида қандай рамзни мужассам этгани маълум. Бироқ у юртимизнинг ҳар бир ҳудудида турлича эканини нима билан изоҳласа бўлади? Маъно-мазмун – биру, шакл-шамойил турлича? Нега?
Мисол учун, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги Мотамсаро она ҳайкаллари ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ишлаган кўринишдаю, туманлардаги ҳайкаллар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Айримлари эса нўноқ ҳайкалтарошнинг ҳаваскорлик ишидай тасаввур уйғотади.
Қуйидаги суратда кўриб турганингиз – Қарши туманидаги Мотамсаро она ҳайкали.
Тўғри, бир қарашда тасдиқланган намунага ўхшаб кетади. Бироқ айнан ўзи эмаслиги ҳам кўриниб турибди. Бунинг устига бу ҳайкал тилларанг тусда. Биламизки, пойтахтдаги ва вилоят марказларидаги ҳайкаллар қорамтир рангда. Нега? Чунки у онанинг ўғлига тутган мотами ҳақида. Мотамни ёрқин рангларда, дейлик, тилларанг тусда ифодалаш мумкинми ва бу қанчалик тўғри?
Ёки шу тумандаги Ўзбекистон мустақиллиги қўрғонида ҳайкал ўрнига оқ либосдаги она сурати қўйилганини қандай тушунса бўлади? У бугунги кун кишиларида мотамсаро она сиймосини эмас, кўпроқ ҳожи она қиёфасини эсга солади.
Миришкор туманидаги ҳайкал ҳам ўз мазмунидан бироз чекинган. “Сен доимо қалбимдасан, жигарим” сўзлари ўрнига биринчи “план”га “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, “Она Ватан учун, муқаддас замин учун” шиорлари чиқиб олган. Аслида мазкур шиорларни хоҳлаган жойга ўрнатиш мумкин. Мантиқан олиб қараганда эса, мотамсаро она жигарбандини кутаяпти. Ёнидаги шиорлардан келиб чиқсак, хўш, у тарихий хотира учун мотам тутаяптими, ё она Ватан, муқаддас замин учунми? Бундай шиорни юрт ҳимоясига отланган йигит айтиши мумкин, бироқ мотамсаро она эмас.
Деҳқонобод туманидаги ушбу ҳайкални эса мутлақо Мотамсаро она ҳайкали деб бўлмайди. Уни кўпроқ Деҳқонобод момоларининг тимсоли дейиш мумкин.
Қолаверса, унда момо жуда ўраб-чирмаб ташланганки, билмаган одам ҳудуд либослари кўрсатилган, деб ўйлайди.
Ғузор туманидаги ҳайкал қиёфаси ҳам ўзгача. Унда урушга кетган боласини кутаётган она сиймоси эмас, турмуш қийинчиликларидан, хусусан, йўқчиликдан қийналган аёл гавдалантирилгандай гўё (бир қарасанг, совқотиб турган аёлдай ҳам кўринади).
Ҳаммасидан Муборакдагиси бошқача. Бу ҳайкалнинг умуман Иккинчи жаҳон урушига алоқаси йўқ, дейиш мумкин. Унда шунчаки аёл акс эттирилган. Нимагадир, кимгадир, эҳтимол, меҳмонга пешвоз чиқаяпти. Агар аёлнинг шу чеҳрасига сал очиқлик берилса ва қўлини озгина ёйиб турса, уни бемалол кўп миллатли аҳолига эга Муборак меҳмондўстлиги тимсоли, деб аташ мумкин.
Нишон туманидаги ҳувиллаган майдонда жойлашган ҳайкал, тан олиш керак, асл намунага ўхшаб кетади. Бироқ атроф-муҳитни Мотамсаро она хиёбони ҳолатига келтириш ҳақида ўйлаб кўриш керак.
Шаҳрисабзда эса мавзуга янгича ёндашишга ҳаракат қилингани кўриниб турибди. Аскар бюсти қуйисида урушда қатнашганлар ҳақида маълумотлар берилиши бошқа жойда учрамаса керак. Бироқ айни дамда Мотамсаро она ҳайкали ҳақида гап кетаётган экан, бу ердаги ҳайкалнинг ҳам аслиятдан узоқлашганини айта оламиз.
Яккабоғда эса ўзимизча қиёфа яратиб, балога қолмайлик, дейишганми, бундай ҳайкалдан умуман воз кеча қолишибди. Бунинг ўрнига узоқ йиллардан бери урушга кузатилаётган аскар ҳайкали қўр тўкиб турибди.
Юқорида кўрганимиздек, Мотамсаро она ҳайкаллари вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида турлича кўринишга эга. Улар орасида асл мазмундан узоқлашиб кетганлари ҳам кўп. Мазкур масалага ижодий ёндашилгани яхши, бироқ аслият, асл маъно сақланиб қолиши, бунинг учун ҳар бир туманда пойтахтдаги ва вилоят марказларидаги ҳайкал нусхаларидан кўчирма олиниши лозим. Мотамсаро она ҳайкали халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида ҳалок бўлган ўғлонлари хотирасига ҳурмати рамзи экан, шу ҳурматни бир хилда, мантиқий асосда ифода қилайлик.
Бекзод ЎКТАМ