Меню
Қашқадарё
ТУРОН ЙЎЛБАРСЛАРИ
Саёҳатчилар ва Туркистон тадқиқотчилари якдиллик билан таъкидлашларига кўра, тўқай подшоҳининг қаламравидаги ерларда ойлар бўйи яшаб ҳам уни пайқамаслик мумкин эди. Бу жонивор қойилмақом ниқобловчи тусга эга бўлиб, ҳеч қачон очиқ майдонга чиқмаган, ҳатто айрим асарларда жуда ваҳимали тарзда тасвирланадиган ҳайбатли ўкирик товушидан ҳам йўлбарс фақат фавқулодда ҳолатлардагина фойдаланган. Бунинг боиси эса унинг ҳеч қандай душмани бўлмаган, қолаверса, йўлбарс ҳақиқий паҳлавон бўлиб улғайган – унинг бўйи (мўйлови учидан думи учигача ҳисоблаганда) ўртача 3 метрни ташкил этган, вазни эса 200 килограммга тенг бўлган. Йўлбарс жуда кучли жонзот бўлган: масалан, деярли 3 метрлик девордан сакраб, тишида 100 килограммли ўлжасини тишлаганича Сирдарёдан сузиб ўта олган, панжасининг зарби билан сигир ёки отни ўлдирган.
Кучли ва улуғвор йўлбарс қадимда Ўзбекистонда яшаган халқларнинг муқаддас тимсоли саналган. Яна халқ орасида Турон йўлбарслари мусулмон авлиёлари мозорига яқин ерларда яшайди, деган эътиқод ҳам бўлган. Айниқса, Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий ва Тошкент вилоятидаги тоғли Заркент қишлоғидаги имом Муҳаммад мозори яқинидаги Турон йўлбарслари ҳақида гўё бу жониворларнинг ҳар йили кузда шу муқаддас қадамжоларга зиёратга келиши, қабрлар атрофида уч марта айланиши ва мақбара остонасига мўйловини суркаши ҳақида кўпгина нақллар юради.
Сомонийлар давлатининг қудратли амирларидан бири Наср ибн Аҳмадни қўлга ўргатилган Турон йўлбарси қўриқлаган. 914 йилнинг 23 январь тунида Амударё бўйида бу йўлбарс-қоровул кутилмаганда ҳукмдор чодиридаги ўз постини тарк этганида эса (ким билсин, у қўшни чакалакда йўлбарсойимнинг чорловчи ўкиригини эшитганми?!) фитначилар ухлаб ётган Наср ибн Аҳмадни қўлга олишган ва уни ўлдирганлар. Солномачиларнинг гувоҳлик беришларича, ўша воқеадан сўнг Сомонийларнинг буюк давлати заволга юз тута бошлайди.
1816 йилнинг қишида Қўқон хони Олимхон Қўйлиқ қишлоғи яқинидаги Чирчиқ тўқайида катта ов уюштиради. Овда учраган йўлбарслар ғазабланган ҳолда қаттиқ қаршилик кўрсатади. Бир нечта навкарлар йўлбарс ҳужумидан ўлади, овчилар бу қудратли жонзот қаршисида қаттиқ қўрқувга тушган бир пайтда хоннинг иккинчи ўғли – ёш шаҳзода Умар (машҳур шоира Нодирабегимнинг умр йўлдоши) ўзини кўрсатади. Қўлига милтиқ тутган шаҳзода улкан нар йўлбарсга ташланади ва бир ўқ билан жониворни қоқ юрагидан жароҳатлайди.
XIX асрнинг 30-йилларида Бешёғоч яқинидаги Бўрижар ҳудудини йўлбарслар жуфтлиги макон тутган. Жониворлар шаҳар аҳолисининг тинчини бузганича уй ҳайвонларига ҳужум қилган. Шунда Тошкент бекларбеги йўлбарсларни тутиш учун катта қуршов уюштиришга мажбур бўлади, бу ҳаракатда 2 мингга яқин шаҳарликлар иштирок этгани маълум.
Йўлбарслар учун озуқа манбаи камаядиган қиш пайтида бу жониворлар тез-тез аҳоли яшаш манзилларига яқин келишган ва пода ё итларга ҳужум қилишган. Баъзида бундай ҳужумлар маҳаллий аҳоли учун жуда катта зарар етказган. Сирдарё вилоятидаги Қурамин уездида (Чирчиқ тўқайининг катта қисми шу ерда жойлашган), расмий маълумотларга кўра, йўлбарслар 1876 йилда 388 бош, 1877 йилда эса 827 бош чорвага қирон келтирган.
XIX аср 70-йиллари охирида Чирчиқ тўқайларидаги йўлбарслар сони сезиларли тарзда кўпая бошлаган - Қорасув дарёси қамишзорлари ва Чирчиқ дарёси этакларидан бир нечта йўлбарс аҳоли яшаш манзилига яқинроқ ерга келиб ўрнашади ва Тошкент яқинида ҳам кўзга чалина бошлайди. 1877 йилда бу жонзотлар Чирчиқнинг ўнг қирғоғига, Чаёнкўл деб аталадиган жойга ўтади ва Занги ота, Нўғайқўрғон қишлоқлари яқинида яшай бошлайди. 1878 йил баҳорида эса бир нар йўлбарс Занги ота қамишзорлари бўйлаб бориб, шаҳар ташқарисидаги боғларга оралайди ва анча вақтгача Эски шаҳарнинг Бешёғоч дарвозаси яқинида кезиб юради.
1879 йилнинг январида Тошкентда бир неча марта қор ёғади. Маҳаллий аҳоли бундан фойдаланиб, йўлбарснинг изидан тушади. Уч мерган овчи Занги ота бийи (қозиси) бошчилигида милтиқ билан қуролланиб, йиртқич билан яккама-якка олишув учун жўнайдилар. Ов тафсилотлари батафсил маълум эмас, фақат бу ҳаракатнинг аянчли тугаганини айтиш мумкин. Чилонзордаги боғлардан бирида йўлбарс ўзини пойлаб юрганларга ташланади ва жасур бийни оғир яралайди, икки овчини бурдалаб ташлайди, ўзи эса кўздан пана бўлади. Эртаси куни яраланган бий ўлади, йиртқични эса изидан тушишнинг ҳам, ўлдиришнинг ҳам имкони бўлмайди.
Бироқ Тошкент музофотидаги йўлбарс овлари доим ҳам муваффақиятсиз якунланган, дейиш нотўғри. Россия Фанлар Академиясининг Зоология институтида ҳозирга қадар баҳайбат Турон йўлбарсининг бош суяги сақланади, унга “Ташкент 1873” деб ёзилган ёрлиқ ёпиштирилган. Д. Ивановнинг Санкт-Петербургда 1875 йилда чоп этилган “Аскар бошпанаси. Туркистон ҳаётидан очерклар” китобида Чиноз туманида муваффақиятли кечган иккита йўлбарс ови ҳақида батафсил ёзилган. 1872 йилда бўлган бир овда йўлбарс кечаси Эски Чиноз қишлоғига кирган ва кимсасиз уйга қамалган, сўнг эса қуролланган одамлар тўдаси билан жангда ҳаётини бой берган. Тошкентдаги Оқ Уйда, Туркистон генерал-губернаторларининг қабулхонасида Чирчиқнинг юқори оқимида, Чотқол тоғи чўққиларида ўлдирилган каттагина йўлбарснинг тулуми турган. Иккинчи йўлбарс тулуми эса Сирдарё губернаторининг дала ҳовлисида сақланган. Бу тулум билан боғлиқ воқеа 1879 йилда барча рус газеталарида ёритилган. Хумсон қишлоғига тикка бостириб кирган йўлбарс йўлидан чиқиб қолган аёлни ҳалок қилади, кейин одамлар тўдалашиб, уни бир уйнинг ҳовлисига киргизадилар ва ўлдирадилар.
Умуман олганда, Турон йўлбарсининг одамга ҳужум қилиши жуда камдан-кам ҳолларда рўй берган. Бу ҳақида ўша даврнинг кўзга кўринган мутахассис ва овчилари - Н.А.Северцов, Е.Т.Смирнов, А.П.Семенов-Тян-Шанский ва бошқалар кўп ёзишган. Буюк рус рассоми, Марказий Осиёнинг билимдони Верещагин “Ён дафтардан саҳифалар” китобида шундай дейди: “...Туркистонда йўлбарс одамнинг мақсадини фарқлай олади, тасодифан учраган ёки қуш овлагани чиққан одамни унинг териси дардида юрганидан ажрата олади; биринчисига, ҳатто қўлида қуроли бўлса-да, тегмайди, иккинчисига эса баъзида ўзининг даҳшатли сапчиши билан ҳамла қилади...”
XIX асрнинг 80-йилларида йўлбарсларнинг одамларга ҳужумини жониворлар томонидан амалга оширилган жавоб зарбаси, дейиш мумкин. Чунки бу пайтга келиб, Тошкент атрофидаги ҳудудларда изғиб юрувчи йирик ўлжа овчилари сони тезлик билан ўсганини кузатасиз. Туркистон генерал-губернаторининг қарорига кўра, ҳар бир ўлдирилган йўлбарс учун каттагина мукофот берилган, ҳар қандай овчи орзу қилган ўлжа сифатидаги ҳайвон териси ҳам қиммат баҳоланган. Табиийки, бу ҳолда кўпчилик йўлбарсни овлашга уриниб кўрган. Бунинг учун заҳарланган хўраклардан фойдаланганлар, жонивор юрадиган сўқмоқларга қопқон қўйишган, баъзида яраланган жонивор қамишлар орасига кириб яширинган.
Чирчиқ водийсидаги ерларни ўзлаштириш вақтида эса тўқайларга ўт қўйилган, йўлбарсларнинг асосий ўлжаси бўлган тўнғизлар камайиб кетган. Буларнинг ҳаммаси, худди Ҳиндистон тажрибасидан маълум бўлгани каби, маҳаллий аҳоли учун ҳақиқий фалокат бўлган даҳшатли одамхўр йиртқичлар пайдо бўлишига олиб келади.
1882 йилнинг қишида Тошкентда ваҳимали гап-сўзлар тарқалади: қуйи Чирчиқда одамхўр йўлбарслар пайдо бўлганмиш. Мишмишларга ойдинлик киритиш мақсадида тўқайга тошкентлик овчи-спортчи Е.Т.Смирнов юборилади. У Садиркўл деган жойда, Хожақўрғон тепалиги яқинидаги Оққўрғон қишлоғига олиб борадиган сўқмоқда одамхўр йўлбарснинг изидан тушади. Йўлбарснинг одамларга ҳужуми қишда бошланган, ҳалок бўлганлар сони 8 нафардан кам эмасди, улар орасида қишлоқ оқсоқоли Хонмурод исмли киши ҳам бўлган. Ҳарбий ҳукумат одамхўрни йўқ қилиш учун ўша ерга 12-Туркистон мунтазам батальони ва 30 нафардан ортиқ кўнгилли овчи ва зобитларни юборади. Бу ов тафсилотини Е.Т.Смирнов “Табиат ва ов” журналининг 1883 йилги 6-сонида батафсил ёзиб, чоп эттирган. Кейинчалик ҳам йўлбарс овлари тез-тез ўтказилиб, бу борада катта тажрибага эга овчилар пайдо бўлади.
Бир неча ўн йилдан сўнг Тошкент яқинида бундай овларни ўтказиш имконсиз бўлиб қолади. Оренбургдан Тошкентгача темир йўл ўтказилиши оқибатида XX аср бошларида Сирдарё бўйларида яшовчи йиртқичлар бу ерлардан узоқлашади. 1924 йилда Оролбўйидаги охирги йўлбарслар ўлдирилади, 1927 йилда улар Қизил Ўрда туманидан ҳам ғойиб бўлади. Сирдарёдаги сўнгги Турон йўлбарси 1933 йилда ўлдирилади. Бу пайтда Ўрта Осиёнинг қайсидир жойларида йўлбарслар яшайдиган маконлар қолган бўлса-да, кейинроқ уларга ҳам навбат етади. Охирги марта Турон йўлбарсини Чу дарёсида 1940 йилда, Или дарёсида 1948 йилда, Туркманистонда 1954 йилда, Амударё дельтасида 1968 йилда кўришган. Энг охирги турон йўлбарси сифатида эса кузатувчилар Афғонистондан Панждаги “Йўлбарс тўсиғи” тожик қўриқхонасига 1971 йилда келтирилган жониворни тилга олишади. 50-йиллардаёқ бу жонивор Кавказорти ва Шимоли-Ғарбий Хитой ерларидан бош олиб кетган эди. 70-йилларда хорижда ўтказилган синчков тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Турон йўлбарсини бирор жойда учратишдан энди умидни узиш мумкин.
Борис Голендернинг “Менинг жаноб тошкентликларим” китобидан.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.