Меню

Қашқадарё

17.11.2016 2435

ТУРОН ЙЎЛБАРСИ: НОЁБ ЖОНИВОР ПОПУЛЯЦИЯСИНИ ТИКЛАШ ЙЎЛИДА

 

Бу жониворни яна Каспий йўлбарси, баъзида Форс йўлбарси ҳам дейишади. Унинг тарқалиш ва яшаш ареали Туронзамин, яъни Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистонни ўз ичига олган улкан ҳудудни, бундан ташқари, Афғонистон ва Кавказ сарҳадларини ташкил этган бўлиб, Озарбайжоннинг нам ҳаволи субтропик ўрмонларида ҳам учраган. Ўтмишда Марказий Осиёдаги Сирдарё, Амударё, Мурғоб ҳамда Панж дарёлари яқинидаги қалин чакалакзорлар, шунингдек, Каспий денгизи бўйларида Турон йўлбарсини тез-тез учратиш мумкин эди. ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида, Марказий Осиё ўлкаларига руслар босқини бошлангач, Турон йўлбарси оммавий равишда қирила бошлайди.

ХХ асрнинг 60-йилларига қадар шу ҳудудда эркин яшаган кам сонли Турон йўлбарслари кейинчалик сув манбаларидан экин мақсадларида фаол фойдаланилиши оқибатида ёввойи табиатдаги ҳудудини бой бера бошлайди. Шунингдек, ерларнинг ўзлаштирилиши ҳам йўлбарсларнинг яшаш ҳудуди тўхтовсиз равишда қисқариб боришига сабаб бўлди. Қолаверса, йўлбарс учун ўлжа бўладиган жониворларнинг камайиши эвазига ҳам уларнинг табиий кўпайиши нисбатан тезроқ барҳам топган. Охирги марта Турон йўлбарси 1968 йилда Амударё дельтасида учрагани қайд этилган.

Марказий Осиё аҳолиси қадимданоқ Турон йўлбарсини хавфсиз жонивор сифатида эъзозлаган: йўлбарс, агар унга хавф таҳдид солмаса, одамларга ҳеч қачон ҳужум қилмаган. Қолаверса, халқона қарашларда йўлбарс – куч-қудрат ва ишонч рамзи саналган. Шу сабабли, одамлар яшайдиган манзиллар яқинида ҳам бу жониворларни кўриш мумкин бўлган. Аммо юқорида айтилганидай, бора-бора турли сабабларга кўра, уларнинг табиий яшаш шароити ёмонлаша бошлади.

Турон йўлбарсининг вазни 200 килограммгача тош босади. Эркак йўлбарснинг бўйи 2 метрга етади. Модасининг бўйи эса ундан бироз пастроқ. Ранги ёрқин сариқ рангда бўлиб, бошқа турлардан фарқли ўлароқ терисидаги малла чизиқлар зич ва энсиз, аммо узунроқ бўлади. Жонивор бир сакрашда 6 метрлик маррага ета олади. Асосан, тўнғиз, сайғоқ, Бухоро кийиги – хонгул билан озиқланади. Турон йўлбарси сувда яхши сузади ҳамда айрим ҳолларда балиқ ҳам овлайди. Ўтмишда йўлбарслар тўнғизлар изидан бориб, Шарқий Қозоғистон ҳамда Олтойгача кезиб юрган. Табиат қўйнида Турон йўлбарси 50 йилгача яшаши мумкин.

Дунё эколог ва табиатшунослари бу турнинг буткул йўқолиб кетиши у яшайдиган ҳудудлар экотизимига катта салбий таъсир ўтказаётганини аниқлашди. Айрим жониворларнинг кескин кўпайиб, бошқаларининг эса аксинча – сезиларли даражада камайиб кетиши экомуҳит мувозанатини бузмай қолмайди, албатта. Зеро, табиатдаги ҳар бир аъзо бир-бирига узвий боғланган, улардан қай биригадир зиён етса, бошқалари ҳам бундан азият чекади. Худди шу омил Турон йўлбарсининг табиий популяциясини қайта тиклаш учун туртки бўлди. Бутунжаҳон Ёввойи табиат жамғармаси ташаббуси билан Турон йўлбарси популяциясини тиклаш, бу ноёб жониворни асраб-авайлаб кўпайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. 2014 йилда мазкур турни тиклаш ишлари бошланди. Бунинг  учун Қозоғистон ҳудуди танланиб, 15 йилга мўлжалланган лойиҳа ишлаб чиқилди. Мутахассислар томонидан турни қайта тиклаш ва унинг яшаб кетиши учун зарур шароитлар яратишга киришилди. Маълум бўлишича, Турон йўлбарсига тур бўйича энг яқин саналган мушуксимон жонивор Оссурия (Амур) йўлбарси экан. Ҳозирги кунда Эрон ва бошқа ҳудудларда яшайдиган бу турга мансуб бўлган жониворлар оилаларини Қозоғистонга кўчиришга қарор қилинган бўлиб, мутахассислар эътирофича, энг мушкул юмуш – йўлбарс яшаб-кўпайиши учун талаб қилинадиган экотизимни шакллантиришдир. Бундай экотизим Или дарёси дельтаси ҳамда Балхаш кўлининг жанубий қирғоғида шакллантирилиши мўлжалланган. Бу ерда улкан сарҳадли – 437 минг гектарлик боғ-қўриқхона яратилиши кўзда тутилган бўлиб, боғдаги табиий шароит йўлбарсларнинг яшаши учун қулайлик туғдириши, яъни энг кераги – ов қилиши учун мос келиши шарт. Демак, боғ ҳудудида кийик, тўнғиз, сайғоқ каби жониворлар, кемирувчилар синфи вакиллари, қушлар ва йўлбарслар озиқланадиган зайтун сингари ўсимликлар ҳам бўлиши талаб этилади. Боғни ҳудуддан кескин ажратадиган девор бўлмайди. Мутахассислар “йўлбарс макони” шу ҳудудда яшовчи аҳолига халал бермаслиги, аксинча, одамларнинг яхшироқ яшашларига кўмаклашишини таъкидлашмоқда. “Бу ердаги ландшафт қанчалик бой бўлса, ҳаёт кечириш шунчалик қулай бўлади”, дейди улар. Йўлбарслар эса қўриқхона ҳудудидан ташқарига чиқиб кетмайди, чунки ташқарида улар учун озуқа манбаи йўқ. Лойиҳа ташкилотчилари мазкур ҳудудда ташкил этилаётган қўриқхонага йўлбарсларни 2020 йилда келтиришни режалаштиришаяпти.

Хуллас, насиб этса, 2020 йилга бориб, бу ҳудудда Турон йўлбарслари яна яшаши мумкин. Ажаб эмас, яқин келажакда бу жонивор тарихий яшаш манзилларида ҳам кўпайиб, “Қизил китоб” саҳифаларидан чиқарилса...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!