Меню
Қашқадарё
ТУРКМАНИСТОНГА КЕТИШДА ТЎХТАТИБ ҚОЛИНГАН ТАБЛЕТКАЛАР
Божхона назорати
Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, психотроп моддалар истеъмоли инсон марказий асаб тизими ва ички органлари жиддий шикастланишига ҳамда ногирон фарзандлар туғилишига сабаб бўлади. Психотроп таблеткалар таъсири остида оғир жиноятлар содир этилмаслигига ҳам кафолат йўқ. Ўз-ўзидан аёнки, бундай моддаларнинг якка шахс ҳаёти ва жамият равнақига хавфи жуда катта.
Шу боис юртимизда психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланмасига қарши мунтазам кураш олиб борилади.
Шундай ҳолатлардан бири "Қарши-Керки" чегара божхона постида аниқланди. Мазкур чегара божхона пости орқали Туркманистон Республикасига кетаётган чет давлат фуқароси С.А.нинг ҳаракатлари божхона ходимларида шубҳа уйғотиб, унинг қўл юклари рентген аппарати ёрдамида божхона назоратидан ўтказилди. Натижада, юклар ичида декларацияланмаган ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, полиэтилен пакетга яширилган 50 дона "Циклодол" психотроп таблеткаси борлиги ва ноқонуний равишда олиб ўтилаётгани фош этилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
3 МИЛЛИОН СЎМЛИК СИГАРЕТ УЧУН ТЕГИШЛИ ҲУЖЖАТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛМАДИ
Тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора вакиллари иштирокида Қарши шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда бошқарма ахборот хизматидан хабар беришмоқда.
Маълум бўлишича, фуқаро Равшан Жумановнинг (исм-фамилия ўзгартирилган) ҳаракатлари шубҳа остига олиниб, унинг ўзи ва бошқарувидаги "Матиз" русумли автомашинаси белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автомашина юкхонасида умумий қиймати 2 миллион 923 минг сўмлик жами 165 қути турли номдаги акциз ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ