Меню

Қашқадарё

16.02.2023 6612

Туркия: ВАЙРОНАЛАР ОСТИДАН БОҚҚАН НИГОҲЛАР

Ўн кун аввал Туркиянинг жануби-шарқида содир бўлган вайронкор зилзила оқибатларини ифодаловчи хабарлар оқими ҳамон бир зум бўлсада тингани йўқ. 6 февраль эрта тонгда мамлакатда рўй берган 7,7 балли зилзила 65 сония, унинг ортидан кузатилган такрорий ер силкиниши эса 45 сония давомийлик касб этгани айтилади. Эпимаркази Қаҳрамонмараш вилояти Пазаржик тумани бўлган зилзила кучи Адана, Анқара, Анталья, Газиантеп, Қайсари, Мерсин, Трабзон, Хатай ва Урфада ҳам сезилган.

500 та атом бомбаси кучига тенг 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатда рўй берган мазкур зилзила 1939 йилдан буёнги энг кучлиси бўлганини таъкидлади. Шунингдек, уни 24 йил аввал Мармар денгизи ҳудудида содир бўлган ер ости силкиниши билан таққослади.

"6 февралда кузатилган зилзила бутун мамлакат яхши эслайдиган 1999 йилги офатдан уч карра кучлироқ бўлди. Вайронкорлиги ҳам шунча кўп", деди Эрдўғон.

Унинг сўзларига кўра, ушбу "аср офати" ҳатто эпимарказидан 500 километр узоқ масофаларда ҳам вайронкорликни келтириб чиқарди.

Ҳукумат мамлакат жануби-шарқида содир бўлган вайронкор зилзила кучини 500 атом бомбаси портлашига тенг дея баҳолади.

"Биз тахмин қилганимиздан ҳам анча кучлироқ фалокатга дуч келдик. Таҳлилларимизга кўра, ўша кунги ҳалокатли таъсир кучига эга биринчи зилзила 65 сония, иккинчиси эса 45 сония давом этган. Яъни ҳудуд қарийб 2 дақиқа давомида силкиниб турган", дейди Туркия фавқулодда вазиятлар бошқармаси хавфларни камайтириш бўлими бош директори Орхан Татар.

Офат тахминан 84 миллиард долларлик зарар келтирди

Зилзиладан сўнг унинг таъсири кузатилган ҳудудлардаги бинолар ҳолатини баҳолашга киришилди. Кўринишидан минглаб иморатларни бузиб олишга тўғри келади. 

Туркия шаҳарсозлик ва атроф-муҳит вазирлиги хабарига кўра, мамлакатдаги ер силкиниши таъсир қилган ўн вилоятдаги 132 мингдан ортиқ бино ҳолати баҳоланганидан кейин биринчи навбатда қарийб 8 мингта иморат бузиб олиниши кераклиги маълум бўлган. Айни вақтда идоранинг олти минг нафар ходими барча бинолар ҳолатини ўрганиш билан шуғулланаяпти.

"Ҳозирга қадар ўн вилоятдаги 132 минг 898 та иморат кўздан кечирилди, улардан 7 минг 584 таси қулаган ёки шошилинч бузиб олиниши керак. 12 минг 617 та бино зилзила етказган зарар туфайли яшаш учун яроқсиз ҳолатга келган", дейилади вазирлик хабарида. 

Яна 31 мингдан кўпроқ иморат қисман шикастлангани, 60 мингдан ортиқ бинога эса умуман зарар етмагани маълум қилинган.

Идора ушбу вилоятлардаги бинолар ҳолатини ўрганиш ва баҳолаш ишлари 3-4 кунда якунланишини билдирди.

Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра,  ушбу офат Туркия халқ хўжалиги инфратузилмасига тахминан 84 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар келтирди.

Зилзила фош қилган виждонсиз қурувчилар ва сифатсиз уйлар

Сифатсиз қурилган ҳар қандай иморатда доимо инсон ҳаёти учун хавф сақланиб туради. Шунга мувофиқ қурилишда халқаро ва давлат даражасидаги муайян меъзонлар белгиланган. Чўнтакни қаппайтириш масадида ёки тажрибасизлик сабаб ушбу тартиб-қоидаларни бузиш  қандай оқибатларга олиб келишини Туркия жануби-шарқида содир бўлган зилзила яна бир бор кўрсатди.  

Мамлакат адлия вазирлиги ер силкиниши натижасида қулаган уйларни барпо қилган қурилиш компанияларининг юзлаб ходимларини қўлга олиш бўйича ордер берди. Шунингдек, идора далиллар тўплаш ва виждонсиз пудратчиларни аниқлаш билан шуғулланувчи махсус гуруҳ тузиш режаси ҳақида маълум қилди.

Ўтган шанба куни Урфа вилоятида зилзила оқибатида қулаган бинолар қурилишида йўл қўйган камчиликлари учун саккиз киши ҳибсга олинди. Ундан олдин Хатай вилоятида уй-жой мажмуи пудратчиси ва меъмори қўлга олинганди. Полиция Газиантепдаги вайронага айланган Ayşe-Mehmet Polat турар жой комплекси қурилиши пудратчиси Меҳмет  Эртан Акайни ҳам Истанбулда ҳибсга олди.

Бироқ, ҳаммасига энди жуда кеч бўлган кўринади, зилзила қурбонлари учун чекилаётган оҳ-воҳлар, бор-будидан айрилган минглаб инсонлар    фарёди шу билан тин олмаслиги аниқ. 

Дунё яна бир бор инсонийлик намунасини кўраяпти

Зилзиладан жабр кўрган ҳудудлардаги қутқарув-қидирув ишларида кўмаклашиш учун Туркияга     етмишга яқин давлатдан ёрдам гуруҳлари жўнатилди. Шунингдек, кўплаб мамлакатларда у ердаги омон қолган аҳолига юбориш учун маблағ, озиқ-овқат, иссиқ кийимлар, дори-дармон, гигиена воситалари, чодир ва кўрпа-тўшаклар кўринишидаги беғараз мурувват ёрдамлари тўпланиши йўлга қўйилди.   

Айни вақтда турли давлатлардан Туркияга жўнатилаётган саховат юклари оқими тўхтагани йўқ. Ҳатто икки орада дипломатик алоқалар узилган Арманистондан ҳам гуманитар ёрдам келди. Кўмак юкларини ўтказиш учун 1993 йилдан буён ёпиқ қолаётган икки мамлакат ўртасидаги қуруқлик чегараларидан ўтишга рухсат берилгани аҳамиятга молик.

"Арманистондан Туркияга жўнатилган гуманитар ёрдам ортилган юк машиналари (чегарадаги) Маргара кўпригидан ўтди ва зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга йўл олди", деб ёзди мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ваан Унанян.

Худди шундай воқеа 1988 йилда ҳам бўлган. Яъни ўша йили Арманистонда 25 минг кишининг умрига зомин бўлган зилзиладан жабр кўрганларга Туркия томонидан гуманитар ёрдам жўнатиш учун айнан шу йўл очилганди.

Хулоса шуки, оғир вазиятни бошдан кечираётган кимсага, халққа ёрдам қўлини чўзиш инсонлик, инсонийлик намунаси ўлароқ олқишларга муносиб. 

Кимда жон қайғуси, кимда эса...

Афсуски, нафс бандаларида қалб бўлмайди, инсонийлик, инсонпарварлик ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларида кимдир жони, қурбон бўлган яқинлари, яна кимдир бир зумда йўққа айланган мол-мулки қайғусида турган айни кезларда ушбу вазиятдан ҳам фойдаланиб қолишга уринаётган мунофиқ каслар учраётгани ачинарли.  

Бу ўринда гап мародёрлик (ҳалок бўлганлар ёки ярадорларнинг буюмларини эгаллаш) ва талончилик ҳақида бораяпти. Вайронага айланган дўконлардаги маҳсулотларни, офат ҳудудидаги хонадонлар ва турли бинолар қолдиқлари уюмларидан топилган буюмларни ўзлаштираётганларни шунчаки инсофга чақириш камлик қилаётган кўринади.

Энди турли давлатлардан келган ёрдам кучлари, кўнгиллилар гуруҳларига талончилик ҳужумлари бўлаётгани ҳақида ҳам айтилаяпти. Ҳатто айрим давлатлардан Туркияга ёрдам кўрсатиш учун юборилган қутқарув-қидирув гуруҳлари ўзларига нисбатан туғилган бундай хавф туфайли офат ҳудудидаги ишларини тўхтатиб,  ортга қайтиш тараддудига тушган.

Адлия вазири Бекир Боздағ ўтган ҳафта охирида журналистларга зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда мародёрлик ва талончиликка қўл ургани айблови билан 57 киши ҳибсга олинганини билдирганди. Жами 64 киши 75 ҳолатда ўзгалар буюмларини ноқонуний эгаллашда гумонланиб, жавобгарликка тортилган. Улар сони ҳозирда юздан ошгани аниқ, бинобарин, мамлакат ҳукумати мародёрлар ва талончиларга шунчаки йўл очиб қўймайди. Бу давлатга ҳам, миллатга ҳам уят келтирадиган қалби сўқир кимсалар жиноятидир.   

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия жануби-шарқида содир бўлган вайронкор зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 30 минг нафардан ошди. Миллионлаб одамлар бошпанасиз қолган. Бедарак ҳисобланаётганлар қанча?!

Бугун-эрта қутқарув-қидирув амалиётлари ҳам тўлиқ якунланиши кутилаяпти. Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларни тиклаш ишлари эса ҳали узоқ вақт давом этади.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!