Меню

Қашқадарё

08.02.2024 6315

ТУРИЗМ МАРКАЗЛАРИДА НАФАҚАТ ОТЕЛЬ ВА РЕСТОРАНЛАР,

балки "duty free" дўконлари ва "олтин йўлак" савдо қаторлари ҳам бўлади

 

 Туризм истиқболлари

Юртимизда туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда, шу жумладан, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида замонавий меҳмонхоналар ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат туризм марказлари барпо қилиниши лозим.

Мазкур вазифа мамлакат Президентининг жорий йил 12 январдаги фармонида республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирларидан бири сифатида белгиланган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, туризм марказлари ҳудудидаги меҳмонхоналарда туну кун ишлайдиган ресторан, кафе ва умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда    соғломлаштириш ва "SPA" хизматлари, сузиш ҳавзалари (бассейнлар) фаолияти йўлга қўйилади. Савдо-кўнгилочар мажмуаларда эса бож олинмайдиган савдо дўконлари ("duty free") ва қўшилган қиймат солиғи билан сотилган айрим турдаги товарларга "tax free" (ҚҚСни қайтариш)  тизими қўлланиладиган чакана савдо шохобчалари очилиб, миллий ипак матолари ҳамда ҳунармандчилик (сувенир) буюмлари ва йирик халқаро брендларнинг сифатли маҳсулотлари савдоси ташкиллаштирилади. Шу билан бирга бундай мажмуаларда миллий заргарлик маҳсулотлари ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли қуймалар (хусусан, оғирлиги 10 граммдан 1 килограммгача бўлган олтин қуймалар) чакана савдосидан иборат "олтин йўлак" савдо қаторлари ҳамда тўй маросими тадбирларини ташкил этиш учун ҳудуд ва кинотеатрлар фаолият кўрсатади.

Фармонга биноан туризм марказлари мастер режаларининг лойиҳалари лойиҳалаштириш ва консалтинг компаниялари, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда бошқарувчи компаниялар томонидан ишлаб чиқилади ва ушбу хизматлар учун ҳақ тўлаш Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

"Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси эса туризм марказлари ҳудудидаги савдо-кўнгилочар мажмуаларининг "олтин йўлак" савдо қаторларида заргарлик буюмларининг чакана савдо дўконларини қуриш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни ҳамда заргарлик буюмларини сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини жалб этади.

Туризм марказлари ва йирик савдо комплексларини барпо қилиш учун ер участкаларини аниқлаш бўйича республика Бош вазири раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилиб, унинг зиммасига икки ой муддатда туман ва шаҳарларда туризм марказлари ва йирик савдо комплекслари ("Luxury tourism village") учун ер участкалари ҳудудини аниқлаш ва белгиланган тартибда савдога чиқарилишини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги "Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Шаҳрисабз туманининг Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон ҳамда Қамаши туманининг Катта ўра маҳаллалари ҳудудида турли хил сайёҳлик объектларидан иборат туризм марказлари ташкил этилиши белгиланганди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги потенциал инвесторлар учун ушбу туризм марказлари ҳақида батафсил маълумотлар эълон қилди.

Темур НИЗОМОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!