Меню

Қашқадарё

03.03.2023 7401

Туризм маҳаллаларида йўллар ҳолати, сув ва электр таъминоти, алоқа сифати яхшиланади

Юртимизда туризм маҳаллаларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга 2024-2025 йилларда жами 205 миллиард сўм ажратилиши белгиланган бўлса, шунинг салмоқли  қисми (17,6 фоизи) Қашқадарёдаги туризм маҳаллаларига тўғри келади.

Республика ҳукуматининг шу йил 27 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган йиғма параметрларга кўра, воҳамиздаги туризм маҳаллаларида ички автомобиль йўллари ва кўприкларни, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга 36 миллиард сўм йўналтирилади. Бу мамлакат ҳудудлари кесимида Тошкент вилояти (36,6 миллиард сўм)дан кейин энг йирик кўрсаткичдир.

Қарорга асосан вилоятимиз туризм маҳаллаларида 41,4 километр ички хўжалик йўлларини барпо этиш ва таъмирлашга 13 миллиард сўм, 24 километр ичимлик суви тармоғи ва 7 та сув иншоотини қуриш ва тиклашга 17,7 миллиард сўм, 12,5 километр электр узатиш тармоғи ва 22 та трансформатор пунктини реконструкция қилиш ва янгилашга 3,3 миллиард сўм ҳамда 29 километр алоқа тармоғи қуриш ва 2 та мобиль алоқа база станциясини кенгайтиришга 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарф қилинади.

Ҳужжат билан тасдиқланган манзилли рўйхатларда Шаҳрисабз туманидаги Улоч, Сарчашма, Кўл, Ҳисорак, Ғелон, Сайёд, Мираки, Амир Темур, Қамаши туманидаги Кўкбулоқ ва Катта ўра ҳамда Китоб туманидаги Паландара, Аёқчи, Қайнар, Кўхсор, Ҳазрати Башир, Хўжаилмкони, Макрид, Чармгар ва Оқсув маҳаллаларида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари келтирилган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!