Меню

Қашқадарё

18.05.2023 3937

Туризм қишлоғида - "Тарағай баҳори" фестивали

Қадрият

Бугун Чироқчи туманида Тарағай қишлоғи яқинидаги тоғлар ёнбағрида "Тарағай баҳори" фестивали ўтказилади.

Президентнинг 2022 йил 27 январдаги "Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган "йўл харитаси"га асосан ўтказилаётган бу оммавий тадбир доирасида халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси ва ҳудудга хос миллий таомлар намойиши, азалий қадриятларни ўзида мужассам этган халқ ўйинлари ва миллий спорт турлари бўйича беллашувлар, шунингдек, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда бахшилар, фольклор-этнографик гуруҳлар ва эстрада юлдузларининг чиқишларидан иборат катта гала-концерт уюштирилади. Бундан ташқари, "Тарағай баҳори" фестивалига ташриф буюрганлар бу ердаги Амир Темур ғори билан ёндош ҳудудда жойлашган ва Чироқчининг қадимги тарихидан дарак берадиган очиқ осмон остидаги ўзи хос музейни ҳам томоша қилиш имкониятига эга бўлади.

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, бундай фестивалнинг ташкил этилиши ва келажакда ҳар йили баҳор ойларида ўтказилиб, анъанавий тус олиши Тарағайнинг темурийлар даврига оид тарихини илмий асосда ўрганиш, мавжуд ёдгорликларни сақлаб қолиш, ҳудудда рекреацион, гастрономик ва ландшафт туризми, қолаверса, спелео-туризмни ривожлантириш, бу ерга келадиган маҳаллий ва хорижий туристлар сонини кўпайтириш ва қишлоқ аҳли даромадларини ошириш учун қулай замин ҳозирлайди.

Суратларда: Тарағай манзаралари.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.    

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!