Меню
Қашқадарё
ТУРДИ ТЎҚСАБО — ОЗОДЛИК КУРАШЧИСИ
Ҳеч кимга сир эмас, юртимиз ҳудудида миллий озодлик курашига бошчилик қилган Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Абдужаббор махдум каби ўнлаб қўрбошиларни ҳисобга олмаганда, биргина Қашқа воҳасида ҳаракат қилган Турди тўқсабо, Гул оқсоқол, Даврон оқсоқол, мулла Жума, Эшонқул Турсун, Жума қоровулбеги, Шерқул, Саидхўжа, Чори ясовулбоши, Бўри тўқсабо, Шараф ўзбек, Баҳромбек, Хўжамқул ва бошқа қўрбошилар ҳақида деярли билмасдик. Билганларимиз ҳам элас-элас гап-сўзлар эди. Қуйида улардан бири - Турди тўқсабо ҳақида сўзлашсак.
Маълумки, шўролар ҳокимият тепасига келганда, маҳаллий халқ орасида обрў топган, илм-маърифатли одамларни ўз томонларига оғдириш мақсадида уларга турли мансабларини бера бошлайди. Косоннинг Арабхона қишлоғидан етишиб чиққан Турди тўқсабо 1920 йилгача амирлик хизматида бўлиб, уни ҳам 1921 йил охирларида Косон тумани ижроқўм раисининг муовинлигига қўйишади. Ижроқўм раислигига эса Оброн қишлоғилик Гул оқсоқол тайинланади.
Орадан озроқ вақт ўтиб, юқори мансабларда фаолият кўрсатаётган маҳаллий оқсоқоллар шўроларнинг асл ниятларини тушуниб қолишади ва советларга қарши чиқиб, озодлик кучлари сафига қўшилиб кетадилар. Ҳатто вилоят милиция бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаётган Дониёрбек ўз қўл остидаги 180 нафардан ошиқ қуролланган ходимлари билан озодлик байроғини кўтаради. Бу орада Гул оқсоқол, Турди тўқсабо, мулла Жума қоровулбеги сингари ўнлаб қўрбошилар Косонга яқин Майманоқ тоғи этакларида ўрнашиб олиб, босқинчиларга қарши курашга киришганди.
Довюраклиги ва чавандозлиги билан донғи чиққан Турди тўқсабо атрофида дастлаб қирққа яқин йигит бириккан бўлса, кейинроқ уларнинг сони 600 нафарга етади. Атроф қишлоқлардан тўпланган йигитларнинг шахсий оти бўлса-да, қурол ва ўқ-дори масаласида етишмовчилик юзага келади. Бунинг учун Туркманистон орқали Эрондан қурол-яроғлар келтирилади. Қўшни Афғонистон билан борди-келди қилиниб, амир қароргоҳидан, шунингдек, туркиялик Анвар пошодан йўл-йўриқлар олиб турилади. 1922 йилга келиб, Турди тўқсабо шўролар тузумига қарши курашчиларнинг яловбардорига айланади. Арабхона қишлоғи эса курашчилар марказига айланади.
Турди тўқсабо ўз кураши давомида амирлик даври маъмуриятини тиклашни мақсад қилганди. Баъзида бунга муваффақ ҳам бўлди. Аммо бу вақтинчалик бўлиб, умри жуда қисқа кечди. Бунга сабаб ўша йилларда Турди тўқсабо сингари қизилларга қарши курашаётганларнинг бирлашмагани, бир-бирларини қўллаб-қувватламагани эди. Улар қизилларга қарши курашаётгандек бўлардилару, амалда тарқоқ ҳолда эдилар. Ягона раҳбар измида бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қилинмагани якуний мақсадга эришишга халақит берарди.
Биргина Турди тўқсабо атрофида тўпланган маҳаллий йигитларни оладиган бўлсак, уларнинг ёши ҳар хил бўлганидек, дунёқараши, фикрлаш доираси, ақл-идроклари ҳам бирдек эмасди. Бу эса улар орасидаги бирликка, ягона мақсад сари ҳаракат қилишга анча путур етказаётган эди. Боз устига аввал унинг тўдасида бўлган баъзи нопок йигитлар Турди тўқсабо номини сотиб, шўролар жамиятига ўзларини яхши кўрсатиш ҳаракатида ҳам бўлаётганди. Амал ва ерли-сувли бўлиш ваъдасига учган маҳаллий йигитлар, имкон бўлди дегунча шўролар томонга ўтишга, ихтиёрий таслим бўлишга ҳаракат қила бошладилар. Улар шўро раҳбарларини Турди тўқсабо ва унинг сафдошлари, уларга моддий кўмак бериб турган косонлик бойлар тўғрисидаги бор сирдан хабардор қиладилар.
1925 йилнинг бошига келиб, Турди тўқсабони орадан кўтариш Қашқадарё округи фирқа, совет ташкилотлари, қизил армия қисмлари ва умуман, жазо органларининг асосий муаммосига айланади. Ўша дамда Турди тўқсабо тўдасининг сафи анча сийраклашиб, юрт мустақиллиги учун ўлимини бўйнига олган садоқатли йигитларгина қолган эди. Буям етмагандай совет ташвиқот қуроли билан Турди тўқсабо тўдаси халққа ёмонотлиқ қилиб кўрсатила бошланганди. Вилоят босмачиликка қарши кураш кенгаши қишлоқларнинг шўроларга майли бўлган аҳоли вакилларидан кўнгилли гуруҳ тузишга қарор қилади.
Хўш, аҳоли ўртасида шўроларга майл қаердан келиб чиқди? Масалан, 1925 йилнинг октябрь ойида Олатўн қишлоғининг 12 та уйи ёқиб юборилган ва аҳолига "Буни Турди тўқсабо йигитлари қилди, улар қишлоқнинг қолган уйларини ҳам ёқиб юборади" деган шов-шув тарқатилган. Натижада аҳолининг Турди тўқсабо йигитларига нисбатан нафрати қўзғатилган ва кўнгилли гуруҳнинг аксар аъзолари Олатўн қишлоғи ҳисобидан тўлдирилган. Шу қишлоқлик мулла Тоғай ва унинг тўпари Турди тўқсабога қарши советларга, қизил армия қисмларига кўнгилли гуруҳ аъзолари сифатида фаол ёрдам беришган.
1925 йилнинг 7 ноябри Турди тўқсабо учун ҳалокатли кун бўлади. Қамаши туманидаги Сартулди қишлоғида қизил армия қисмлари 24 йигитдан иборат Турди тўқсабо тўдасини аниқлаб, жангга киришади ва соат 17 да уларни ўраб олишга муваффақ бўлади. Қаттиқ отишув чоғида Турди тўқсабо ва унинг оти ўлдирилади.
Тўқсабо Чимдан ғарброқда жойлашган Қоратикан қишлоғи қабристонига дафн қилинади. Орадан икки кун ўтиб, унинг қабри очилади. Совет ҳокимиятининг ашаддий душмани сифатида қўрбошининг хоки таҳқирланади - боши танасидан жудо этилади ва ишонч ҳосил қилиш учун Қаршига олиб келинади.
Тарихчи Поён Равшанов ёзганидек, "Қўрбоши Турди тўқсабо ҳалокати Қашқа воҳасида ўтган асрнинг 20-йиллари бошларида вужудга келган, совет ҳокимиятига қарши катта кучга айланган озодлик ҳаракати учун катта йўқотиш, мағлубиятнинг ибтидоси эди".
Совет мафкурасининг таъсири ўлароқ, бундай шахсларга нисбатан яқин-яқинларгача нотўғри, адолатсиз муносабатда бўлиб келинди. Озодлик кураши билан босмачилик қориштириб юборилди. Масалан, 1997 йил "Насаф" нашриёти томонидан "Косон: тарих саҳифаларида" номли китоб чоп этилган бўлиб, унда "Босмачилар" ҳаракати ва унинг тугатилиши" номли бўлим келтирилган. Китобнинг 14-саҳифасида шундай ёзилади: "Босмачи"ларнинг хуружи кучайди. Аҳмад оқсоқол "босмачи"ларнинг талабларини бажармаганлиги учун уни кечаси уйидан олиб чиқишади ва тоғ орасида тириклайин улоқ қилиб чопишади. Бундай ҳаракатлар оммани ғазабга келтирмай қолмасди..."
Бу аслида юқорида айтганимиздек, озодлик ҳаракати иштирокчиларини ёмонотлиқ қилиш мақсадида ташкил қилинган кирдикорлар экани энди-энди аён бўлаяпти.
Бундан ташқари, китобда Турди тўқсабо 1922 йилнинг бошларида тор-мор қилингани айтилади. Бироқ манба келтирилмайди. Аслида Турди тўқсабонинг ўз тўдасига 1925 йил 7 ноябрь кунигача бош бўлгани ҳақида аниқ ҳужжатлар бор.
Шу сабаб профессор Поён Равшанов ўзининг "Қамоқ салтанати" асарида вақт ва тарих ҳақида фикр юритар экан, "Юрт бошига кулфат келганда фидойи ўғлонлар, мард баҳодирлар, эрксеварлар кўксини қалқон қилади. Миллий туйғудан йироқ номардлар, худбинлар, бетайинлар, нафс бандалари, қора юраклар уларни сотади. Тарих, аслида оқ ва қорани жуда аниқ ажратиб берадиган донишманд фандир. Чунки, унинг таянчи, тамали вақтдир. Вақт ҳамма нарсанинг аслини юзага чиқаради", деган тўхтамга келганди.
Шундай экан, ҳамма нарсани ўз номи билан, қаҳрамонни қаҳрамон, босқинчини босқинчи, деб аташ бизнинг бурчимиз эканини, шунда тарих ҳақиқати бузилмаслигини унутмаслигимиз даркор.
Шомурод ШАРАПОВ