Меню

Қашқадарё

03.06.2020 1232

ТУПРОҚҚА БЕЛАНИБ ЁТГАН КИМ ЭДИ?

Муносабат

Шу йилнинг 2 июнь куни телеграм ижтимоий тармоғида “Бир одам чанг-тупроққа беланиб ётибди. Ўликми, тирикми – номаълум...” сарлавҳали видеотасвир эълон қилиниб, унда Янги Нишон шаҳрида афтода бир ҳолда ётган кишига ҳеч ким эътибор қаратмаётгани, ҳудуд профилактика инспектори келиб ҳолатни ўрганмаётгани қайд этилган эди. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, воқеа ва унинг натижалари қуйидагича бўлган:

“1945 йилда Тожикистон Республикаси Қўрғонтепа вилоятида туғилган, миллати ўзбек, оилали, 8 нафар фарзанднинг отаси, фуқаролиги бўлмаган шахс, Нишон тумани Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.Қабулов 2020 йил 30 май куни Янги Нишон шаҳри Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида  жойлашган “Тошбоев Алишербек” хусусий корхонасига қарашли “Шарқ” номли спиртли ичимлик ва ун маҳсулотлари билан савдо-сотиқ қилувчи дўкондан 100 граммлик идишга қадоқланган спиртли ичимлик  харид қилган ва уни истеъмол қилиб, ҳимоя ниқобисиз маст ҳолда савдо дўкони ёнида ётиб қолган.

Бундан ташқари, савдо шохобчасида карантин талаблари бўйича барча шароитлар яратилган бўлса-да, сотувчи, 1991 йилда туғилган Б.Исмоилов бунга амал қилмаган.

Шу куннинг ўзида Н.Қабулов вилоят наркология диспансерига жойлаштирилди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 187-моддаси 1-қисми ва 54-моддаси 1-қисми ҳамда дўкон сотувчиси Б.Исмоиловга ушбу кодекс 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий ишлар бўйича Касби тумани судига чора кўриш учун юборилди”.

Албатта, ичиб кўчада юмалаб ётиш яхши эмас. Тилга олинган одам эса 75 га кириб қўйибди. Энди уни нақ 2 та модда бўйича суд қилишмоқчи. Табиийки, қонун олдида барча жавобгар. Бироқ жавобгарликка тортишдан осони бор эканми? Шу кекса одам биринчи марта ичиб, йиқилиб қолмагандир? Маҳалла-кўй, профилактика инспекторининг кўз тушгандир, балки яхшигина билар ҳам. Хўп, кекса бир одамни жазоладик ҳам, эртага ичадиганлар камайиб қоладими? Яна биттаси чиқиб турибди-да. Балки кўп муаммоларнинг илдизи уларга вақтида эътибор қаратилмагани, кўз юмиб келингани ва ҳолат шундайлигича давом этаётганидадир?!

Жиноятни фош этишдан кўра унинг олдини олган маъқул, деб кўп гапирамизу, амалда фақат қонунбузарликларни қоғозга тиркаш, қайд қилиш билан чекланаверамиз...

НАСРИДДИН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!