Меню
Қашқадарё
ТУХУМ ЭКСПОРТИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
Биргина паррандачиликни олайлик. 2016 йилда вилоятимиз миқёсида мазкур тармоқда 160 дан ортиқ истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Шу жойларда тухум ва товуқ гўшти етиштиришга ихтисослашган янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилиши, ишлаб турганларининг қуввати кенгайтирилиши ва модернизация қилиниши самарасида тармоқда маҳсулдорлик янада ошаяпти, таннарх арзонлашаяпти. Натижада истеъмолдан ортган маҳсулотни четга экспорт қилиш имкони юзага келмоқда. Ўтган йили вилоятимиз ишбилармонлари томонидан илк бор ташқи бозорга қарийб 200 минг долларлик тухум экспорти амалга оширилгани фикримизнинг тасдиғидир.
- Хорижий харидорлар билан ҳамкорлик қилиш давомида шунга ишонч ҳосил қилдикки, ташқи бозорда ҳам тухумга талаб юқори, - дейди Яккабоғ туманидаги “Кумуш куз файзи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мақсуд Камолов. – Шу вақтга қадар маҳсулотимизни ички бозорга сотган бўлсак, эндиликда унинг бир қисмини экспортга йўналтириш имконига эгамиз. Ўтган йили афғонистонлик ҳамкорларимизга 60 минг долларликдан зиёд тухум етказиб бердик. Ушбу ҳамкорлигимиз жорий йилда ҳам давом эттирилади. Шунингдек, бошқа мамлакатларда ҳам маҳсулотимизни сотиб олиш истагидаги харидорлар бор.
Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган “Эко парранда” масъулияти чекланган жамияти бундан 5 йил аввал ташкил этилган. Тадбиркорлик субъекти ўтган даврда сезиларли ўсишга эришди. Айни пайтда корхона фабрикасида боқилаётган товуқлар сони 80 минг бошга етган. “Хай-лайн” зотига мансуб бу товуқлар касалликка чидамлилиги ва маҳсулдорлиги билан ажралиб туради.
- Фабрикамизда товуқларни озиқлантиришдан тортиб тухумларни йиғиб олишгача бўлган барча жараён автоматлаштирилган ҳолда бажарилади, - дейди жамият раҳбари Муҳиддин Умидов. – Кунига ўртача 10 минг дона тухум олинади. Маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини ошириш бўйича иш олиб бораяпмиз. Тез орада қиймати 1 миллион долларликдан ортиқ қўшимча лойиҳани амалга ошириш бўйича ишларни якунлаймиз. Натижада фабрикамизда боқиладиган товуқлар сони 120 минг бошга ортади, 30 та янги иш ўрни яратилади. Асосийси, олинадиган тухум салмоғи кўпаяди.
Тадбиркорнинг қайд этишича, ушбу корхона ҳам ўтган йилдан бошлаб четга тухум экспорт қилишга киришган. Қўшни Афғонистон давлатидаги “Ixlos ltd” фирмаси томонидан 107 минг долларлик маҳсулот харид қилинган. Эътиборлиси, томонлар жорий йилда ҳам 7 миллион дона тухум етказиб бериш бўйича келишув имзолашган.
М.ЖЎРАЕВ