Меню
Қашқадарё
ТУҲМАТГА ҚОЛГАН КЕЛИН
ёхуд ака нега укасига тиғ урди?
Нодир ишлагани хорижга кетгач, хотини Моҳира ҳақида турли бўлмағур гаплар тарқала бошлади. Эмишки, аёл қўшни маҳаллалик бир эркак билан яқин муносабатда бўлиб юрганмиш.
Икки болали келинининг бундай ишлари ҳақида эшитиб ғазабга минган қайнона-қайнота келинни ҳайдаб юбориб, сўнг бу ишлари ҳақида ўғлига телефон орқали хабар беришди.
- Оила меники, икки-уч кун ичида чипта олиб, етиб бораман, - деди Нодир. - Унгача келинингиз ва невараларингиз уйда бўлсин, акс ҳолда мени ҳам қайта кўрмайсизлар. Ҳамма гапга ўзим бориб аниқлик киритаман.
Нодир кенжа ўғил бўлса-да, гап-сўзи анча дадил, топиш-тутиш борасида ҳам акаларига ўрнак бўлаётганди. Уйидагилардан ҳеч бири унинг гапини икки қила олмасди. Шу боис ота-она чорасиз аҳволда қолди. Ноилож бориб келинни олиб келишди, аммо юрагидаги ғазаб алангасини ўчиришга куч топа билмадилар. Ўзини бу уйда қадрсиз сезган ота дардларини тўкиб сочиш учун катта ўғилга телефон қилди. Бор гапни айтиб, маҳаллада бош кўтариб юра олмаётганидан нолиди.
Мурод олий маълумотли, яхшигина жойда ишлайдиган, кўпни кўрган йигит эди. Отасининг гапини тинглаб, ҳақиқий вазиятни билиш, сўнг ақл билан қарор чиқариш унинг қўлидан келарди. Аммо ҳиссиётлар жўш урган паллада мулоҳаза қилиб ўтиришга у ҳам ожизлик қилди.
- Ўша ҳовлида ўғлингиз яшайверсин, сиз билан онамнинг у ерда яшашига йўл қўймайман, - деди у қатъий оҳангда. - Менинг уйимга келиб яшанг. Бугуноқ сизларни ўзим бориб олиб келаман.
Катта ўғил айтганини қилди. Шу куниёқ юк машинасини олиб бориб, ота-онасини кўчириб келди. Келини қанчалик зор йиғлаб-ёлвормасин, қайнона-қайнота унга ичидаги бор нафратларини сочганича, уйдан чиқиб кетишди.
Икки кундан сўнг Нодир уйига етиб келганида ота-онаси уйни ташлаб чиқиб кетган экан. Шунча кундан буён йиғлайвериб, кўзлари шишиб кетган хотинидан эшитган дастлабки хабари шу бўлди.
* * *
Аслида қўшни маҳаллалик Соҳиб аканинг уйига хотинини унинг ўзи жўнатганди. Соҳиб аканинг ҳовлисини сотишини эшитган Нодир бироз йиғиб қўйилган пули борлиги учун унга қизиқиб қолди. Шу боис хотинига телефон қилиб, ўша уйни бориб кўришини, шароитлари, нархи қанчалигини билгач, ўзига телефон қилишини сўраганди.
- Ота-онам, акаларимга бу ҳақда индамай қўя қол, - деди у телефонда. - Ҳали уйни олишга маблағимиз етадими-йўқми, билмайман. Аниқ қарорга келсак, кейин ўзим айтаман.
Хотини ўша куниёқ эри айтган уйни бориб кўрди. Шароитлари яхши эди. Аммо Соҳиб аканинг ўзи уйда йўқлиги учун хотини нарх борасида ҳеч нарса айта олмади.
- Хўжайин ишга эрталаб кетиб, кеч қайтадилар, - деди хотини. - У кишини ё эрталаб, ёки кечқурун келсангиз учратасиз-да…
Моҳира эртаси куни кечга келишини айтиб хайрлашди. Эртаси куни кечга яқин яна Соҳиб аканикига келди. Шу маҳалладаги цехда ишлайдиган, Моҳиранинг қўшниси бўлган бир аёл унинг кечки пайтда бегона ҳовлига кириб бораётганини кўриб қолганди. Кела солиб қайнона-қайнотасидан бу ҳақда "суюнчи" олди.
Уйга келиши билан сўроққа тутилган келин Соҳиб аканинг уйига бир иш билан борганини айтди, аммо эри тайинлагани учун нима ишлиги ҳақида лом-мим демади. Бу эса қайнона ва қайнотанинг юрагидаги гумон оловига ёғ пуркаганди. Камига, ҳалиги қўшни аёл ҳам Моҳиранинг қадамлари бежо эканлиги ҳақида қўшниларга лоф урди. Қарабсизки, гап ўз-ўзидан болалаб кетди. Аммо бу гаплардан ҳали Моҳира бехабар эди.
У ўша куни уйнинг нархини билиб келиб, эрига телефон орқали айтди. Нарх Нодир ўйлаганидан анча баланд экан. Пули етмаслигини билиб, индамай қўя қолди.
Орадан бир ҳафта ўтиб Соҳиб ака Моҳирани бозор ёнида учратиб қолди. У билан саломлашиб, эрининг қандай қарорга келганлиги ҳақида сўради.
Аёл уларнинг пули кичикроқ уйга етишини, шу боис нархни эшитиб, индамай қўйганини айтди. Соҳиб ака ҳам бу гапни маъқуллаб, уйни нима учун сотмоқчилиги, аслида бу маҳалладан кўчишни истамаслиги ҳақида гапириб қолди. Суҳбат бироз чўзилиб кетди. Бу орада эса Моҳирани яна бир-иккита қўшнилари кўриб қолишга улгурган эди. Келиннинг бозорга чиқиб кетганини билган уйидагиларга ундан аввал нима қилиб юргани ҳақидаги хабар етиб келди.
Моҳира қайнотаси ва қайнонасининг муомаласи ўзгариб бораётганини ҳис этар, аммо нима учунлигини билмагани боис индамай юраверарди.
Яна бир ҳафта ўтди ҳамки, Соҳиб аканинг уйига аниқ бир харидор чиқмади. У эса уйни тезроқ сотиши керак эди. Шу боис балки Нодир пулнинг бир қисмини бериб, қолганини кейинроқ берар деган хаёлга келди. Бироқ, уларнинг на телефони, на уйининг аниқ манзилини биларди. Ёдида кўчасининг номи қолганди, холос. Ишдан қайтаётиб, ўша кўча бошидаги дўкон олдига тўхтади. Шу ердаги болалардан Моҳираларнинг уйи ҳақида сўрагач, уни чақириб келишини илтимос қилди.
Қўшни бола югуриб бориб, Моҳирани айтиб келди. Соҳиб ака унга нима мақсадда келганини айтиб, эри билан боғланиб кўришини, агар маъқул бўлса уйни олишларини таклиф қилди. Моҳира эрига телефон қилиб, уни Соҳиб ака билан гаплаштирди. Нодир уйни қарзга ололмаслигини айтди. Аммо уларни узоқдан кўриб турган қўшнилар хаёлида эса мутлақо бошқа нарсалар айланарди Улар ҳатто Моҳиранинг қайнона-қайнотасини олиб чиқиб, воқеадан бохабар этишга ҳам улгуришганди.
Нодир жўралари ёрдамида бор гапни аниқлаштиргач, ота-онасини олиб келиш учун акасининг уйига борди. Уни дарвоза олдида жаҳлини қандай жиловлашни билмай турган акаси қарши олди.
Ўртада аввал оғзаки тортишув, сўнг ур-тўполон бошланди. Fазабдан кўзига ҳеч нарса кўринмаётган аканинг қўлига ерда ётган темир буюм тушиб қолди. У темирни олиши билан укага қаратиб силкиди. Бир томони учли темир Нодирнинг қорнига кириб, у инграганча ерга йиқилди.
Воқеани кўриб, ҳуши учиб кетган уйдагилар бақир-чақир қилиб, ёрдам сўраб қўшниларникига югуришди. Нодирни тезлик билан шифохонага етказиб келишди. Ўз вақтида кўрсатилган тезкор ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Акаси Мурод эса қилмишига яраша жазосини олди. Унинг ўз укаси танасига етказган жароҳат-ку битиб кетар, аммо қалбига етказган жароҳат ҳам битармикан?
Бу воқеанинг бош сабабчиси бўлган инсонларнинг қилмиши эса кишини ўйга толдиради. Наҳотки ёши олтмишдан ошган, ҳаётнинг паст-баландини кўрган ота-она ҳеч қандай асоссиз, кўчадаги ғийбатчиларнинг гапи билан ўз келинига нисбатан шундай туҳмат тошларини ёғдирган бўлса. Шунга айтсалар керак-да, "Гумон имондан айиради" деб.
Жиноят иши материаллари асосида ЖАҲОНГИР тайёрлади.