Меню
Қашқадарё
ТРЕНЕРЛАР ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ТАДБИРКОРЛИККА ЎРГАТАДИ
Одатда бу борада етарли кўникмаси йўқлиги боис айрим хотин-қизлар ишбилармонликка қўл уришга ҳайиқишади. Шу нуқтаи назардан мазкур йўналишда уларга тушунтиришлар бериш, шу орқали аёлларни тадбиркорликка кенгроқ жалб қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бизнесда юқори натижаларга эришган ишбилармон аёллар орасидан махсус тренерларни тайёрлашни кўзда тутувчи лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаяпти. Ушбу тренерларнинг вазифаси эса қишлоқ ҳудудларидаги хотин-қизларни тадбиркорликка ўргатишдан иборат бўлади.
Вилоят хотин-қизлар кўмитаси, "Микрокредитбанк" вилоят филиали ва "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинар ушбу лойиҳа тақдимотига бағишланди. Унда вилоятимизда фаолият юритаётган бир гуруҳ тадбиркор аёллар, шунингдек, коллежларнинг битирувчи қизлари иштирок этишди.
Маълумки, юртимизда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва интилишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга устувор аҳамият қаратилаяпти. Соҳа вакилларига солиқ ва бошқа тўловлардан кенг имтиёз ва преференциялар тақдим этилмоқда, тижорат банклари томонидан имтиёзли асосда кредит маблағлари ажратилиши таъминланаяпти. Бунинг самарасида ўз мустақил бизнесини йўлга қўйган аёл тадбиркорлар сафи тобора кенгаймоқда.
- Жамиятимизда аёлларнинг мавқеи тобора юксалаётгани ҳеч кимга сир эмас, бугун биз кўплаб соҳаларда, ҳатто тадбиркорликда ҳам ўзимизни кўрсатиш учун барча имкониятга эгамиз, - дейди Миришкор туманидаги "Чарос фариштаси" фермер хўжалиги раҳбари Зулфия Шодмонова. - Ўзимдан мисол олай. Фермер сифатида бир неча йилдан бери деҳқончилик, жумладан, ғалла ва пахта етиштириш билан шуғулланаман. Ушбу тармоқда мудом ўсишга эришаяпмиз. Ҳозирда чорвачилик йўналишини ривожлантираяпмиз. Хўжалигимизда сут йўналишидаги 15 бош қорамол боқилаяпти. Келгусида даромадимиз ҳисобидан ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишни ният қилганмиз.
Бугун қишлоқ жойларда тадбиркор, ишбилармон бўлишни, шу орқали оиласи бюджетига даромад келтиришни истайдиган хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ уларнинг аксарида тадбиркорлик кўникмаси йўқ. Ишни нимадан бошлашни, қандай ривожлантиришни билмайди. Ушбу лойиҳа асосида эса улар ишбилармонликка ўргатилади, зарур кўмак берилади.
Икки кунлик ўқув-семинар давомида қатнашчилар лойиҳа билан батафсил таништирилди, тадбиркорликка оид бирламчи билим ва малакага эга бўлишди. Тадбир якунида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ аёл тадбиркорлар, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган, тайёрланган маҳсулотлар, ижод намуналари намойиш этилди.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.