Меню
Қашқадарё
ТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ СИФАТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.
- Мазкур қарор транспорт хизмати кўрсатиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради, - деди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги раҳбари Воҳиджон Исмоилов. – Унда йўловчилар ташиш хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатининг юқори даражаси, жамоат транспорти йўналишларидаги транспорт воситалари ҳаракатининг белгиланган жадваллари ва оралиқлари маромига риоя этилиши, автотранспортда йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилиниши ҳамда ташувчиларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ қатор янгиликлар, хусусан, йўловчи ташишга мўлжалланган транспорт воситаларида онлайн масофадан кузатиш - GPS хизматини жорий этиш кўзда тутилган. Мазкур хизмат транспорт воситаси қатнови вақти ва жойини аниқ белгилаш имконини беради. Шунингдек, йўловчи ташиш транспортида йўлкира учун нақдсиз ҳақ тўлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади. Бундан ташқари, бошқа жойларда бўлгани каби вилоятимизда ҳам кўплаб янги йўналишлар ташкил этилади, янги автовокзал ва автостанциялар қурилади ҳамда мавжудлари реконструкция қилинади.
Тадбирда қарорда кўзда тутилган мақсад-вазифалар атрофида фикрлашилиб, иштирокчиларни қизиқтирган масалалар юзасидан масъул мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.
Азизбек НОРОВ