Меню

Қашқадарё

17.03.2020 1768

ТРАМАДОЛ ТУТҚУНЛАРИ:

4 марта судланиб ақли кирмаган; ички ишлар тизимидан нафақага чиққан; депутат ва департамент ходими даражасига кўтарилган кимсалар бирлашиб, гиёҳванд воситалар савдосини авж олдирганди

Жиноятга жазо муқаррар

Асли Сурхондарёнинг Деновидан бўлган Олимжон Хурсанов 2 боланинг отаси бўлгани ҳолда ёши ўттизга етибди ҳамки тайинли бир ишнинг бошини тутмагани етмаганидай, шу вақтгача 4 марта суднинг қора курсисида ўтиришга ҳам улгурган.

Дастлаб 17 ёшида босқинчилик жиноятига қўл урган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судининг 2007 йил 5 январдаги ажримига асосан, унга нисбатан юритилган жиноят иши амнистия сабаб ҳаракатдан тугатилган. Орадан 2 йил ўтиб, талончилик қилгани учун Тошкент шаҳар Мирзо Улубек тумани судининг ҳукмига кўра, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Ўрганган кўнгилнинг ўртаниши сабабми, шу ҳукмдан етти ой ўтар-ўтмас ҳам босқинчилик, ҳам талончилик жиноятини содир этганликда айбланиб, жавобгарликка тортилган. Фақат бу сафар жазо ҳам қаттиқроқ бўлган - 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш.

Жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани судининг 2012 йил 2 майдаги ажримига асосан унга яна бир бор имкон берилган: қамоқда ўтиши керак бўлган қолган муддат ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Кейинги йил Денов тумани суди Олимжонни шу жазодан ҳам шартли озод этиб юборган.

Шунча жазо, шунча имкондан кейин Олимжон тўғри йўлга кириб, хатога йўл қўймаслиги керак эди. Қарангки, 2016 йилда юзи қора бу кимса яна қонун олдида жавоб беришига тўғри келди. Фақат бу сафар безорилик жиноятини содир қилгани учун. Бунинг учун ойлик иш ҳақининг 30 фоизи чегириб қолиниб, ахлоқи тузатиладиган бўлди.

Бўлди, етар, бир одамга бунча қилмиш кўплик қилади, кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади, Олимжон ҳам ёшлик қилгандир, мана, яхши-ёмонни, гуноҳ-савобни англайдиган ёшга етиб, ақли кириб қолгандир, деб ўйлаётгандирсиз.

Афсуски, бундай бўлмади.

Кўр кўрни қоронғида топади, деганларидек, Олимжон Хурсанов 2018 йилнинг январь ойи бошида таниши Бекзод Каримов билан учрашиб қолади. Ундан нима иш қилиб юрганини сўраганида, Тошкентдан Деновга трамадол гиёҳвандлик воситаси таблеткаларини келтириб, сотиш билан шуғулланаётганини айтади. Аввал бир неча бор оғзи куйган эмасми, бунинг учун жавобгарлик йўқми, деб сўрайди. Бекзод эса "Нари борса маъмурий жавобгарликка тортиласан", деган жавобни берганидан руҳланиб кетган Олимжон унга ҳам таблетка келтириб берса, сотиб пул қилишини айтади.

Шундан сўнг 5-6 марта 100-200 пачкадан ушбу таблеткаларни олиб тургач, вақт ўтиб катта "партия"даги маҳсулот таклиф қилинади: 5 минг пачка трамадол ва "Лирика" таблеткалари. Фақат бунинг учун 100 миллион сўм атрофида пул зарур эди. Бошидан 23 миллион сўм берса, қолганини кейин ҳам узиши мумкинлиги, фойдани Бекзод иккиси тенг бўлиб олишлари аён бўлгач, таблеткаларни олади ва турли кишиларга пуллай бошлайди. Қарайди, фаолият ноқонуний, бироқ даромад ҳам чакана эмас, боз устига ҳалича биров унинг   пишагини пишт деганича йўқ.

Кейин билса, таблетка "бозор"ида якка ўзи эмас экан. "Савдо" асносида 1965 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ички ишлар органлари тизимидан нафақага чиққан, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти сабаб муқаддам 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган Кабул Пўлатов билан танишиб, у билан ишлай бошлайди. Чунки таблетканинг ҳар пачкасини аввал 15 минг сўмдан олиб юрган бўлса, К.Пўлатов унга 11 мингдан топиб бераётганди. Бу ҳақда Бекзодга айтганда, Бекзод тошкентликлар уни аввал алдаб кетганини, трамадол ўрнига бошқа таблетка бергани, ишончли бўлса, ишлаши мумкинлигини билдиради.

Шу тарзда энди К.Пўлатовдан 500-1000 пачкадан қилиб трамадол таблеткаларини олиб туришади.

2018 йил декабрь ойида эса Бекзод 3 минг дона трамадол гиёҳвандлик воситасини Деновга етказиши учун таниши А.Раҳмановга элтиб беради. А.Раҳманов эса ушбу гиёҳвандлик воситасини олиб, "Isuzu" русумли автомашинаси салонига яшириб, Тошкент шаҳридан келаётган вақтида Чироқчи тумани Умакай ЙПХ масканида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланади.

Олимжон шериклари қўлга тушганидан хабар топса-да, мазахўрак бўлган эмасми, мўмай даромад келиб турган ишини ташлагиси келмайди. Агар бу ишни ташласа, сал аввалроқ укаси 100 пачка трамадол таблеткасини сотгани учун қўлга олингани, ушбу ҳолат бўйича отаси А.Шодиевга нисбатан қидирув эълон қилинганидан тўғри хулоса чиқарарди. Нима дейсиз, эгри йўлдан юришга мойиллик қон билан кирган экан чоғи...

Шундан сўнг у Кабул Пўлатов, 1987 йил Деновда туғилган Акрам Джуракулов ва унинг укаси, 1991 йилда туғилган Адҳамжон Жўрақулов билан бирга "фаолият"ини давом эттиради.

Шу ўринда деновлик икки ака-ука ҳақида ҳам бир оғиз сўз юритсак.

Акрам Джуракулов 2006-2010 йилларда Тошкент молия институтида ўқиб, кейинги йил муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Сўнг Халқ банки Денов тумани бўлимида бош мутахассис, 2015-2016 йилларда Денов ва Сариосиё туманлари пенсия   жамғармаларида инспектор лавозимида ишлаган. 2016 йилда эса ишдан бўшаб, бир муддат автомашина олди-сотдиси билан шуғулланади.

2018 йил апрелида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Денов тумани бўлимига ишга кириш учун ҳужжат топширади. Тест ва суҳбатлардан ўтиб, ноябрда иш ўрганишга чақирилади. Ўзининг судда таъкидлашича, бу ерда иш ўрганиб юрган чоғида унга ойлик маош тўланмаган, моддий томондан қийналгани учун таниши Бекзод Каримов ва турмуш ўртоғининг акаси Олимжон Хурсанов трамадол савдосидан яхшигина даромад кўраётганини эшитиб, шу ишга бош қўшади.

Укаси Адҳамжон Жўрақулов эса Тошкент аграр университетида ўқиб, 2014-2017 йилларда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Сергели тумани кенгашида етакчи мутахассис, 2017-2018 йилларда Ёшлар иттифоқи Сергели тумани кенгаши раиси, 2018 йил октябрдан Яккасарой тумани кенгаши раиси лавозимида ишлаган. 2017 йил декабрда халқ депутатлари Сергели тумани Кенгаши депутатлигига сайланган.

Бу йигитнинг хизмат ва мансаб пиллапояларидан нақадар юксалиб борганини кўриб, ҳар қандай кишининг ҳаваси келиши табиий. Боз устига, қинғир ишнинг қийиғига бир сафар у яқин ҳам келганди.

Олимжон Хурсановнинг укаси Одилжон наркотик моддалар савдосига аралашиб, қамалган вақтда, акаси телефон қилиб, қайнукасини Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида озодликка чиқаришда ёрдам беришини сўрайди. Аммо унинг ҳаракатлари бесамар кетади, маҳкум пойтахтда доимий рўйхатда бўлмагани сабабли ёрдам беришнинг имкони топилмайди.

Эси бор одам шу ҳолатнинг ўзидан этагини йиғиштириб оларди. Аммо у ҳам наркотик моддалар олди-бердисида фаол қатнаша бошлайди.

Хусусан, А.Джуракулов 2019 йилнинг 7-11 январь кунлари Денов шаҳридан уч маротаба бўлиб-бўлиб 57 миллион сўмни укаси орқали Олимжон Хурсановга бериб юборади. Олимжон эса бу пулларнинг 40 миллион 500 минг сўмига Кабул Пўлатовдан соф оғирлиги 1500 граммга тенг 3 минг пачка трамадол гиёҳвандлик воситасини сотиб олади ва Адҳамжонга етказади. У эса таблеткаларни юк сумкасига жойлаб, 2019 йилнинг 11 январь куни Тошкент шаҳридаги "Бек Тўпи" савдо мажмуаси автотураргоҳига келади. Деновга кетаётган юк машинаси ҳайдовчиси билан гаплашиб, кийим-кечаклар бор, дея "юк"ни акаси А.Джуракуловга элтиб беришини сўрайди. Ҳайдовчи кўнгилни кенг қилиб, Сурхон диёри томон йўл оларкан, Чироқчи туманидаги Умакай ЙПХ масканида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинади ва қулоч ёя бошлаган гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноий фаолиятга чек қўйилади.

Айбдорлар судда ўз қилмишларини баён қилишаркан, мансаб пиллапояларидан дадил илдамлаган Адҳамжоннинг кейинги тақдирини ўйлабми, уни сувдан қуруқ чиқаришга уринишди.

Қолаверса, бир оиладан икки кишининг қамалиши ҳам оила шаъни учун каттагина иснод. Унинг бу ишга алоқаси йўқлиги, ўзи билмаган ҳолда аралашиб қолгани, усти скоч билан ўралган полиэтилен пакетлар ичида трамадол таблеткалари борлигини билмагани, акасининг гапига ишониб, бу пакетларда автомашина фаралари бўлса керак, деб ўйлаганини маълум қилишди.

Аммо бу важлар А.Жўрақуловни жавобгарликдан қутқариб қолиш мақсадида ўйлаб топилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган уйдирма деб баҳоланди. Ушбу важлар дастлабки терговда берилган кўрсатмалар, воқеа жойини, юкхонадан топилган сумкани кўздан кечириш, телефон сўзлашувларини эшитиб кўриш, экспертиза хулосалари ва бошқа далиллар асосида тўлиқ рад этилди.

Бир ҳолат ака-укаларга енгиллик бериши мумкин эдики, у ҳам бўлса, жиноятнинг тугалланмагани, яъни гиёҳвандлик воситалари ўз манзилига етиб бормай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушлангани сабабли улар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда жиноий ҳаракатини охирига етказа олмаганлар.

Суд Олимжон Хурсанов бўйича якуний қарорга келишда жиноят ишлари бўйича Денов тумани судининг 2016 йил 22 февралдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини ҳам инобатга олиб, 10 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади, жазо қаттиқ тартибдаги колонияда ўталиши белгиланди.

Кабул Пўлатовга 11 йил, Акрам Джуракуловга 7, Адҳамжон Жўрақуловга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 Кўриб турибсиз, жазога тортилганларнинг ҳеч бирини билмасдан жиноят кўчасига кириб қолган, деб бўлмайди. Олимжон Хурсанов аввал 4 карра судланиб, боши тошга тегавериб, қонун-қоидани унча-мунча ҳуқуқбондан кўра яхши билиб кетган. Кабул Пўлатов эса ички ишлар идораларида нақ 27 йил ишлаган. Ака-ука - Акрам ва Адҳамжон эса олий маълумотли, бири департамент ходими, бири депутат даражасига кўтарилган. Уларнинг осон ва ифлос йўллар билан даромад топишга интилгани қандай ачинарли. Минглаб, миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритаётган гиёҳвандлик моддалари савдосини авж олдиришдаги хизматларини эса ҳар қанча лаънатласанг арзийди. Улар нимага ё кимга ишонишди, билмайсан: ёшликнинг, умрнинг энг бебаҳо дамларини ортга қайтариш учун энди кеч...

НАСРИДДИН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!