Меню
Қашқадарё
ТРАКТОРДАГИ ЁНҒИН ҚАНДАЙ ЮЗ БЕРДИ?
Маълумки, ҳар қандай транспорт воситаси энг аввало инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш учун мўлжалланган. Ундан ўз ўрнида ва хавфсизлик талабларига риоя этиб фойдаланилса, кундалик турмуш тарзимиздаги жуда кўп юмушларда асқатади. Аксинча, уни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик, фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига беписанд муносабатда бўлиш каби ҳолатлар эса транспорт воситасида ёнғин содир бўлиш хавфини оширади.
Мисол учун, транспорт воситасига ёнилғи қуйиш рухсат этилган махсус шохобчаларда, хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Бироқ Қарши туманида яшовчи Ф.Эшонқулов ўз бошқарувидаги “Т-28” русумли тракторга ёнилғи қуйишда бу қоидаларга парво қилмаган. Тўғрироғи, у ҳаракатланиб, қизиб келаётган тракторни йўл четида тўхтатиб, унинг бакига 20 литрли елим идишдан ёнилғи қуйишга уринган. Нефть маҳсулотининг қизиган ёнилғи бакига тушиши натижасида чақнаш юз бериб, ёнғин юзага келган. Бунинг оқибатида тракторнинг бир қисми ёниб кетган бўлса, фуқаро Ф.Эшонқулов оғир даражадаги куйиш жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ётқизилган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида унинг саломатлиги яхши томонга ўзгарди.
Ҳозирги пайтда кўпгина транспорт воситалари пропан ёки метан газлари воситасида ҳаракатланиши сир эмас. Бироқ, автомобилга газ баллонлари ўрнатишнинг ҳам ўзига яраша тартиб-тамойиллари бор. Ҳар йили газ баллони ва жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиб туриш, бундан ташқари, унинг созлигини, газ ҳиди чиқмаётганини доимий равишда назорат қилиб бориш, транспортни олов ёнаётган ёки ёниш эҳтимоли бўлган жойларга яқин олиб келмаслик, машина ичида, атрофида сигарет чекмаслик ёки бошқа ёнғин чиқариши мумкин бўлган воситалардан фойдаланмаслик талаб этилади.
Кундалик ҳаётимизда фойдаланиладиган газ баллонларини эса фақатгина белгиланган, махсус автомобилларда ташиш, хавфсизлик талаблари доирасида ишлатиш лозим. Қарши тумани Мирмирон маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Сафаров суюлтирилган газ билан тўлдирилган баллонни ўз бошқарувидаги “ВАЗ-2107” машинасининг юкхонасига ортиб йўлга тушган. Бироқ носоз баллондан газ сизиб чиқиб, машина салонини ҳам қоплаб олган. Буни пайқамаган ҳайдовчи эса машинани бошқариб бораётиб, тамаки чекмоқчи бўлган. У гугурт ёқиши билан машинада чақнаш юз бериб, ёнғин келиб чиққан. Натижада ушбу фуқаро куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатлар ҳар биримизни янада масъулиятли бўлишга, транспорт воситаларидан фойдаланишда, нефть маҳсулотлари билан муомалада бўлганда, белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этишга ундамоғи зарур.
Албатта, халқимиз “Ўт балосидан асрасин” деган гапни бежизга айтмаган. Чунки биргина бепарволик оқибатида юз берадиган ёнғин катта талафотларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолатлардан узоқ бўлиш учун эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишимиз, ўз ҳаётимиз, мулкимизни асраш учун энг аввало ўзимиз эътиборли бўлмоғимиз лозим.
Адҳам УЗОҚОВ,
Қарши тумани ИИБ ЁХБ бошлиғи ўринбосари, майор