Меню

Қашқадарё

12.01.2017 3027

ТОЗАЛИК – ЭНГ ЯХШИ ҲИМОЯ

- Вирусли гепатит қўзғатувчилари соғлом киши танасига сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўтади, - дейди Жамшид Раҳмонов. - Ичаклардан сўрилган вируслар қонга тушиб, асосан жигар тўқимасини зарарлайди, натижада жигар шишади. Кўз оқи ҳамда тери сарғаяди. Шу белгисига кўра халқимиз уни “сариқ касаллиги” деб атайди.

Вирусли гепатитнинг 5 та асосий тури аниқланган бўлиб, А ва Е турлари ошқозон-ичак йўли билан, яъни касаллик вируслари ичак йўлларига оғиз орқали тушганда, гепатит В, С ҳамда Д турлари эса қон орқали юқади. Вирусли гепатитнинг А тури билан касалланиш бошқа турларга нисбатан кўпроқ учрайди. Бу тур болалар инфекцияси деб ҳам юритилади. Чунки касалланганларнинг асосий қисмини 4-15 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Гепатитнинг бу тури умумий фойдаланилган идиш-товоқлар ва ўйинчоқлар, қайнатилмаган сув ичиш, мева-сабзавотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали юзага келади. Энг ёмони, вирус организмга тушгандан кейин унинг аломатлари тезда пайдо бўлмайди. Яширин давр давомийлиги 14-50 кунни ташкил қилади.

Бу касаллик одатда аста-секин ривожланади. Кўпчилик беморларда хасталик худди гриппга ўхшаш таъсир этади, яъни беморнинг аъзойи бадани зирқирайди, лоҳас бўлади, боши оғрийди, тумов бўлади, томоғи қуриб, ачишади. Тана ҳарорати 39-40 градусгача кўтарилади, ҳолсизланади. Иштаҳаси пасайиб, кўнгли айнийди, қабзият кузатилади ёки аксинча, баъзан ичи суради. Бундан ташқари, меъда ва жигар соҳасида оғирлик сезилади, жигар катталашади.

Касалликни уй шароитида аниқлаш учун беморнинг эрталабки пешоби кўрилади. Пешоб ранги тўқ жигар, чайқатилганда тиниқ, сариқ  кўпик ҳосил бўлса тезда мутахассис кўригига бориш лозим. Вирусли гепатит А га эртароқ ташхис қўйишда биохимик лаборатория текширувини ўтказиш энг маъқул усул ҳисобланади. Агар болада касаллик аниқланса, албатта шифокор назорати остида даво муолажалари олиб борилиши керак. Ўзбошимчалик билан, дори воситаларидан нотўғри фойдаланиш жигар фаолиятининг бузилишига,    бошқа оғир асоратларга олиб келиши мумкин. 

Гепатит билан оғриган беморда нафақат жигар, балки талоқ ҳам катталашади, тил усти оқариб қолади, боғлайди, қорин бироз дам бўлади. Юрак-қон томир тизимида бўладиган ўзгаришлар, бемор терисининг мармарсимон тус олиши, қон босимининг тушиши ҳамда юрак уришининг секинлашиши ҳам кузатилади.

Бу юқумли касалликнинг ол­дини олиш учун биринчи навбатда, соғлом турмуш тарзи ҳамда шахсий ги­гиена қоидала­рига риоя қи­лиш талаб этилади. Ай­ниқ­са, ёш болалар овқатланишдан ол­­дин қўл­ла­рини совунлаб ювишлари зарур. Шу­нингдек, мева-сабзавотларни истеъ­мол қилишдан олдин, албатта, то­за­лаб ювиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулот­ларини тайёрлаш ва сақлаш жараён­ларида сани­та­рия-гигиена қоидаларига риоя қи­лиш, қайна­тил­маган сув ич­мас­лик лозим. Касаллик аниқланганда, беморнинг идиш-товоқлари, ўйинчоқлари ва бошқа маиший буюмларини зарарсизлантирувчи воситалар билан мунтазам тозалаб туриш талаб этилади. Касаллик вақтида аниқланиб, шифокор назорати остида даволанса, 90 фоиз бемор асоратсиз тузалади.

Вирусли гепатитга қарши курашнинг самарали усулларидан яна бири – касалликка қарши эмланишдир. Эмлаш ишлари вакцинация марказларида амалга оширилади ва бу билан боғлиқ маълумотларни ҚВП, шаҳар ҳамда туман марказларида жойлашган оилавий поликлиникалардан олиш мумкин.

C.АЛЛАЯРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!