Меню

Қашқадарё

17.09.2016 2148

“ТОЗА ҲАВО ФАБРИКАСИ”ДАГИ ФАОЛИЯТ

Шундай ҳудудларда бўлганингизда бу ерда яшовчилар ҳақида беихтиёр ўйлай бошлайсиз: ҳавас қилса, арзийди уларга, хушманзара жойда тоза ҳаводан баҳраманд бўлиб, табиат билан ошнолашиб яшашади. Шундай хаёллар билан турганингизда ёнингизга табиатдан ранг олган либоси ўзига ярашган киши келиб, саломлашади ва сиздан бу ерга нега келганингиз ҳақида суриштира бошлайди. Ташрифингиз боисини айтиб, ўз навбатида, унинг кимлигига қизиқсангиз, бу одам – ўрмон назоратчиси бўлиб чиқади. Унинг вазифаси – сиз маҳлиё бўлиб турган табиатнинг бир парчасини кўз қорачиғидек асраш...

Ўрмон хўжалиги ходимлари ҳақида сўз кетганида, ёдимга болалик манзаралари тушади. Қишлоғимиз ҳудудида ўрмон хўжалиги бўлиб, унда ҳамма “Эшон бува” дейдиган бир киши назоратчи эди. Ҳар доим эгнига махсус иш формаси кийиб олиб, от минганича қишлоқ гирдидаги дарахтзорларни айланиб юрар, биз болалар уни кўришимиз билан дарров дарахтлардан узоқлашар ё қўлимизда гулми, ўт-ўланми тутиб турган бўлсак, яширишга уринардик. Чунки Эшон бува дарахт шохини синдираётган, кўчатзорга оёқ босганларни кўрса, дарров танбеҳ берарди.

- Ўрмончининг энг асосий вазифаси атрофидагиларда табиатга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш, деб биламан, - дейди вилоят марказий давлат ўрмон хўжалигининг Жейнов бўлими бошлиғи Муқимбой Оллобердиев. – Бунинг учун энг аввал унинг ўзи табиатни севиши керак. Шу билан бирга, у ҳам боғбон, ҳам эколог, ҳам инспектор вазифасини бир пайтда бажара олиши шарт, акс ҳолда ҳақиқий ўрмончи бўла олмайди.

Муқимбой аканинг ўзи шу соҳада суяги қотганлардан. Асли касби асаларичилик бўлган суҳбатдошимиз қарийб 30 йилдан бери ўрмон хўжалигида фаолият кўрсатиб келаяпти. 2004 йилда ташкил қилинган бўлим томонидан амалга оширилаётган барча ишларда бош-қош бўлиб келмоқда. Хўжаликда меҳнат қилаётган 20 нафар ходимнинг аксарияти унинг шогирди. Ўзи айтганидай, уларга боғдорчиликдан тортиб, атроф-муҳит муҳофазасига қадар билганларини ўргатиб келаяпти. Айниқса, шогирдларида табиатга тўғри муносабатни шакллантиришга қаттиқ эътибор беради.

- Мен азалдан жониворларга қизиқаман, - дейди Муқимбой Оллобердиев. – Асаларичиликни ҳам бежиз танламаганман. Бу соҳада чет элда уч ойлик малака ошириш курсини ҳам ўтаб келдим. Ҳозиргача ҳам бўлимимизда асалари парваришлаймиз, ҳам уйда фарзандларим билан асалари тутамиз. Бундан ташқари, қуёнчиликни йўлга қўйдик, 5 та товусимиз ҳам бор. Келгусида уларни кўпайтирсак, бўлим таркибида кичикроқ бўлса ҳам қўриқхона очсак, туяқуш фермаси ташкил қилсак, деб режа қилаяпмиз. Бу эса катта масъулият, дегани.

Ўрмончилик шунчаки касб эмас. Бунинг тагида катта жавобгарлик, масъулият ётади. Шунинг баробарида бу иш ўз эгасига ғурур ҳам бахш этади. Узоқ йиллар мобайнида ўрмон хўжалигида ишлаган Тоштемир Холдоровнинг айтишича, “тоза ҳаво фабрикаси” – ўрмон хўжалигидаги фаолиятидан мамнун.

- Қарши шаҳрига ёки туманлар марказларига борсам, йўллар ёқаси, кўчаларда биз каби ўрмончилар етиштирган турли хилдаги ноёб дарахт ва гулларни кўраман, - дейди у. – Шунда кўнглимда ифтихор уйғонади: мен атрофни яшилликка бурканиши, юртимнинг хушманзара қиёфа касб этишига ўз ҳиссамни қўшаяпман.

Вилоят марказий ўрмон хўжалигига қарашли “Шўртан” махсус ўрмон хўжалигида 30 йилдан ошиқроқ вақт давомида ишлаган Тоштемир Холдоров ўрмончиликнинг деярли барча сир-асрорларини пухта ўзлаштирди. Айниқса, у чет элдан келтирилиб, бизнинг иқлимга мослаштирилаётган ноёб дов-дарахтларни парваришлаш бўйича етук мутахассисга айланди. Қрим қарағайи, япон софораси, лола дарахти кабиларни қачон, қандай экиш кераклигидан тортиб, ўстиришдаги ўзига хос қоидаларгача ундан сўрашади, унинг тавсияларига амал қилишади. Шу соҳадаги фаолияти сабабми, хонадонида ҳам дарахту гул кўчатларини парвариш қилиб келади. Фарзандларининг бари ота изидан бораяпти. Қизи Наргиза бугунги кунда хўжаликнинг кўзга кўринган пайвандчиларидан. Катта ўғли Норбой – асаларичи, Жамшид ҳамда Мақсуд эса томорқада турли ноёб кўчатларни етиштиришади.

Бугунги кунда вилоятимизда 8 та ўрмон хўжалиги фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда Муқимбой Оллобердиев ҳамда Тоштемир Холдоров сингари ўз ишининг моҳири бўлганлар кўпчиликни ташкил қилади. Вилоят марказий давлат ўрмон хўжалигидан олинган маълумотларга қараганда, ҳудудда ўрмон хўжаликларининг умумий ер майдони 287,7 минг гектарни ташкил этади.

- Ҳар йили бу хўжаликларнинг 1600 гектар майдонида ўрмон дов-дарахтлари экилади, – дейди вилоят марказий давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмончиси Ўткир Хуррамов. – 90 гектардан ошиқроқ майдонда кўчатзорлар ташкил қилинган. Уларда йилига 5 миллион тупдан ошиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатларини етиштираяпмиз. Кейинги йилларда ўрмон хўжаликларида шифобахш ўсимликлар етиштириш ишларига катта аҳамият қаратилаяпти. Вилоятимиз ҳудудида ўсадиган дориворларнинг 30 га яқин тури экилаяпти.

Наъматак, кийик ўти, равоч, дўлана, тирноқгул сингари шифобахш гиёҳлар билан биргаликда “Қизил китоб” саҳифаларидан ўрин олган камёб ўсимликларни кўпайтиришда ҳам яшил сарҳадлар ва уларнинг жонкуярлари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Кейинги йилларда ўрмон хўжаликлари таркибида паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш ҳисобидан янги иш ўринлари яратилаётгани қувонарли.

Хулоса ўрнида айтганда, ўрмон хўжаликлари ҳамда уларда ишлаётган ўрмончилар меҳнати ҳар қанча таҳсинга арзийди. Зеро, улар диёримизни боғу бўстонга айлантиришни мақсад қилганлар.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!