Меню
Қашқадарё
ТОВАР КОД РАҚАМЛАРИ НЕГА ЎЗГАРТИРИБ КЎРСАТИЛГАН ЭДИ?
Маълумки, Божхона кодексининг 21-моддасида божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари божхона назорати ҳамда расмийлаштирувидан ўтказилиши белгиланган. Бунинг учун албатта божхона юк декларацияси тақдим этилади. Декларация Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 6 апрелда 2773-рақами билан рўйхатдан ўтказилган “Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда белгиланган талаблар асосида, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан тўлдирилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги “Товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинишига қадар божхона юк декларациялари қоғоз шаклда расмийлаштирилар эди. Янги қарор билан мазкур декларациялар электрон тарзда масофадан туриб тўлдириладиган бўлди. Ўз навбатида электрон декларациялаш ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан ҳам тўла қўллаб-қувватланди. 2013 йилда бу борада ҳужжатлаштириш вилоятда жами ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг 41,8 фоизи ёки 4 минг 252 тани ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг ўтган даврида расмийлаштирилган 8 минг 467 та божхона юк декларациясининг барчаси интернет портали орқали электрон тарзда расмийлаштирилди. Натижада товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жараёни 8,5 кундан 1,8 кунга қисқаришига эришилди.
Бироқ яратилган имконият ва қулайликларга қарамасдан божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан божхона юк декларацияларини тўлдиришда хато-камчиликларга йўл қўйилаётгани тушунарсиз.
Хусусан, вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 43 та ҳолатда божхона юк декларацияларини нотўғри тўлдирган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга нисбатан белгиланган тартибда божхона қонунбузарлик ҳолатлари юритилди.
Мисол учун, Хитой давлатидан “Ҳосил оперейтинг компани” МЧЖ номига олиб келинган “лампа 200W” товарини “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириш учун “New logistic” МЧЖ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси Р.Паянов (барча исм-фамилия ва номлар ўзгартирилган) томонидан тўлдирилиб тақдим этилган божхона юк декларациясининг 33-графасида товарнинг ТИФ ТН коди 8539299200 дея қайд этилиши ўрнига 9405109109 кўринишида тўлдирилган.
Яна бир ҳолатда, Хитой халқ республикасидан “Textile Qarshiplyus” МЖЧ номига олиб келинган “соединительные части профиля” товари божхона тўловларидан имтиёзли равишда расмийлаштириш учун “Umumiy xizmat” хусусий корхонасининг божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси Б.Илҳомов томонидан рақамли божхона юк декларацияси тўлдиришда, ушбу божхона юк декларациясининг 44-графаси 6-бандида божхона тўловларидан имтиёз қўллашни назарда тутувчи ҳужжат санаси ва рақами нотўғри қайд этилиб, қонунбузарликка йўл қўйилган.
Якунда мазкур ҳолатлар бўйича Р.Паянов ҳамда Б.Илҳомовга тегишли суд органларининг қарорлари билан 449 минг 325 сўмдан жарима жазолари тайинланди.
Давлатимиз томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш лозим. Бунга амал қилиш нафақат ташқи иқтисодий фаолият субъектлари учун манфаатли, қолаверса, мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шербек ВАҲОБОВ, вилоят божхона бошқармаси бўлинма бошлиғи