Меню

Қашқадарё

25.10.2019 1675

"TOURIST POLICE": САЙЁҲЛАР ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ, МАМЛАКАТ ИМИДЖИНИ ОШИРАДИ

Бугун - Ички ишлар идоралари ходимлари куни

Жорий йил бир гуруҳ чет эллик сайёҳлар сафида юртимизга келиб, Шаҳрисабздаги тарихий обидаларни томоша қилиб юрган вақтда тўсатдан Лориан Деко исмли Австралия фуқаросининг тоби қочиб қолади. Улар яқин атрофда тиббиёт муассасалари бор-йўқлиги ёки унга қандай бориш мумкинлиги ҳақида етарли ахборотга эга эмасди. Шу боис бу ерда ўз хизмат вазифасини ўтаётган вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига мурожаат этишади. Дарҳол воқеа жойида ҳозир бўлган ходимлар ўзларида мавжуд махсус тиббиёт қутисидаги зарур дори-дармонлардан фойдаланган ҳолда сайёҳга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиб, сўнг яқин орадаги тиббиёт пунктига олиб боришади. Лориан Декога иссиқ уриши ташхиси қўйилиб, керакли тиббий муолажа ўтказилгач, соғлиғи яхшиланади.  "Tourist police" ходимлари унинг илтимосига биноан темир йўл вокзалига қадар кузатиб қўйишган. Лориан Деко манзилга жўнаб кетар экан, мамлакатимизда туристларнинг  хавфсизлиги ҳар томонлама ишончли таъминланганига яна бир бора амин бўлганини қайта-қайта таъкидлаб, "Tourist police" ходимларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ишлар тизимини осойишталикни сақлаш, жиноятларнинг олдини олишда муҳим ўринга эга, ҳар жиҳатдан профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ўзгаришлар жараёнида тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда янги тузилмаларни шакллантириш бўйича ишлар амалга оширилаяпти.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги тегишли қарори билан Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланиши ҳам мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган ҳар бир сайёҳнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу ҳужжатга асосан вилоят ички ишлар бошқармаси таркибида ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилиб, шахсий таркиб танлов асосида, биринчи навбатда, чет тилларини биладиган ходимлар жумласидан шакллантирилди. Улар замонавий техника воситалари, автомашиналар, мотоцикллар, сегвей ва скутерлар билан таъминланган.

Айни пайтда "Tourist police" ходимлари Шаҳрисабз шаҳрига келган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга ўз вақтида ва сифатли зарур ёрдамлар кўрсатиш бўйича иш олиб бормоқда. Ҳар куни кўплаб сайёҳлар уларга турли масалаларда мурожаат этади, ходимлар эса керакли ёрдамни кўрсатишга ҳозиру нозир.

2019 йилнинг 12 октябрь куни Амир Темур хиёбонида сайр қилган Исроил фуқароси Сара Штелзер (Sarah Shtelzer) ўзи жойлашган меҳмонхонани топа олмаган. Чиндан ҳам, маҳаллий тилни билмаган, ёлғиз сайёҳ учун кеч тушаётган бир пайтда меҳмонхонани топа олмаслик жиддий муаммо. Шу боис у бу масалада ёрдам сўраб, ҳудудда хизмат ўтаётган "Tourist police" ходимларига мурожаат қилади. Ходимлар хизмат автомашинасида Сара Штелзерни меҳмонхонага олиб бориб қўйишди.

Шунингдек, 18 октябрь куни бошқарма ходимларига Чехия Республикаси фуқароси Томас Прей мурожаат қилади. У Самарқанд шаҳридан Шаҳрисабзга туристик гуруҳ билан келиб, адашиб қолган. Натижада ҳамроҳларидан қолиб кетган. Ходимлар томонидан олиб борилган амалий тадбирлар натижасида у бирга келган гуруҳ Китоб тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётганлиги аниқланди ва Томас Прей ўзининг ҳамроҳларига етказилди.

"Сизлардан жуда миннатдорман, бу ерда биргина турист учун шунча ходимнинг жон куйдириши мени лол қолдирди", деб ўзининг ҳайратини яширолмади Томас Прей.

- Сир эмаски, ҳар қандай сайёҳ энг аввало хавфсизлиги ишончли таъминланган жойга боришни истайди, - дейди вилоят ИИБ бошлиғининг туризм бўйича ўринбосари, подполковник Азизжон Саидхўжаев. - Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудудига келаётган чет эл ва маҳаллий туристларнинг шахсий ва мулкий хавфсизлиги таъминланиши билан бир қаторда, уларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Мисол учун, яқинда вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жойлашган маъмурий бино манзили, алоқа телефони рақамлари, иш вақти ва бошқа маълумотлар "Tourist Police of Kashkadarya" номи остида "Google харита"га жойлаштирилди.

Масъулнинг таъкидлашича, эндиликда Шаҳрисабз шаҳрига келган чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларини гид-таржимонлар ва маҳаллий аҳоли ёрдамисиз бевосита интернет тармоғидаги "Google Maps" электрон харитасидаги маълумотлар ёрдамида топиши ва мурожаат қилиши мумкин. Бундан ташқари, "Facebook" ижтимоий тармоғи ва "Telegram" мессенжерида вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг саҳифаси ва канали очилган бўлиб, унга доимий равишда янгиланган маълумотлар киритиб борилмоқда. Чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар ушбу тармоқлар орқали нафақат соҳа ходимларига мурожаат этиши, балки мамлакатимизнинг туристик жозибадорлиги ва буюк ўтмиши, диққатга сазовор жойлар, сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, қолаверса, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, мавжуд тартиб-тамойиллар ҳақида ҳам керакли маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Маълумки, жаҳоннинг юқори туристик салоҳиятга эга давлатлари, айниқса, Европа мамлакатларида саёҳатга отланмоқчи бўлган фуқаролар танловни тўғри амалга ошириши учун даврий равишда саёҳат учун хавфсиз дунё мамлакатлари рейтингини эълон қилиб бориш амалиёти мавжуд. Шундай экан, юртимизга ташриф буюрган ҳар бир хорижлик меҳмон нафақат туризм намойиши объектлари ҳудудида, балки транспортда ҳам, меҳмонхона ёки дам олиш масканларида ҳам ўзининг хавфсиз ва меҳмондўст мамлакатда эканлигини тўлақонли ҳис қилиши муҳим аҳамиятга эга.   Бунда эса Ички ишлар вазирлиги тизимидаги хавфсиз туризмни таъминлаш хизматининг муносиб ўрни бор.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратларда: вилоят ИИБ хавфсиз туризмни  таъминлаш бошқармаси фаолиятидан лавҳалар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!