Меню

Қашқадарё

28.07.2018 1714

ТОПШИРИҚ БЎЛСА ЭГА ЧИҚИШ, МУАММО БЎЛГАНДА ЭСА ЧЕТДА ТУРИШ ЯРАМАЙДИ

Хўш, бу ислоҳотлар қачон ўзининг кутилган самарасини беради? Қачонки унинг моҳиятини жамиятнинг барча қатлами тўла-тўкис англаб етса. Бу борада оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин эгаллаши ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, бугун интернет, телевидение, радиоканаллар сингари босма оммавий ахборот воситалари ҳам аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришда асосий омил бўлмоқда.

Хусусан, туман нашрлари ҳам ўз ишини бугун кечаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг олиб боришга интилмоқда. Масалан, Шаҳрисабз туман ҳокимлиги муассислигидаги “Kesh” газетаси жамоаси бу борада ўзига хосликка эга. Аммо...

Шу ўринда бир масалага ойдинлик киритиш зарурати бор. Яъни гап шундаки, бугун Шаҳрисабз туман ва шаҳар сифатида икки алоҳида-алоҳида маъмурий бошқарувга ажратилган. Табиийки, иккита ҳокимият шакллантирилган. “Kesh” газетасида расман муассис сифатида туман ҳокимлиги кўрсатилган бўлса-да, нашр шаҳар ҳокимлигига ҳам бегона эмас.  

“Kesh” газетаси жорий йилнинг биринчи ярмида атиги 2800 нусхада чоп этиб келинганини ва айни пайтда Шаҳрисабзда 350 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилишини ҳисобга олсак (бу кўрсаткич республикамиздаги айрим вилоятлар аҳолисининг ярмини ташкил қилади), ҳудуддаги ягона нашрни ҳар 100 кишидан бири ўқиши ойдинлашади. Иккинчи ярим йилликда эса газета адади 1700 нусхага тушиб қолган. Боз устига обуна пуллари тарқатувчи корхоналар томонидан ўз вақтида ўтказиб берилмагани таҳририят иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатиб, бу газета икки ҳафтада бир марта чоп этилишига сабаб бўлган. Шу кетишда бўлса, тўртинчи чоракка бориб газета умуман чоп этилмай қолиши ҳам мумкин.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Икки ҳафтада бир марта чоп этиладиган нашр билан аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириб бўладими? Ахир, ахборот макони соат сайин, дақиқа сайин янгиланиб боради-ку. Хўш, бундай ҳолатнинг вужудга келишига сабаб нима?

Кимдир “Ҳа энди, ҳамма интернет сайтларига ўтиб кетди, керакли ахборотни ўша ердан олади” дейиши мумкин. Бу борада биргина Японияни олиб кўрсак, японларнинг 80 фоизи ҳамон холис ахборотга бўлган эҳтиёжни бевосита босма нашрлар орқали қондирар экан. Чунки улар айнан босма нашрлардангина аниқ, тўлиқ ва холис ахборотларни олиш мумкин, дея ҳисоблашади.

Шундай экан, электрон нашрларга талаб қанча кўпаймасин, босма ОАВнинг ҳам ўз ўқувчиси бўлаверади.

“Kesh” газетасининг чоп этила бошлаганига ҳадемай 87 йил тўлади. Шу йиллар оралиғида таҳририят қанчадан-қанча иқтидорли ижодкорларга маҳорат мактаби вазифасини ўтамаган дейсиз.

- Эсимда, 1990 йилларнинг бошида собиқ “Коммунизм байроғи” (ҳозирги “Kesh”) газетасини чоп этиш билан боғлиқ мураккаб муаммо юзага келганди, - дейди меҳнат фахрийси Фазлиддин Ҳатамов. – Ўшанда ушбу газетани сақлаб қолиш учун бутун жамоатчилик чин юракдан ҳаракат қилди. Ахир “Кўпдан қуён қутулмас” деган нақл бежиз айтилмаган. Ўшанда туман, шаҳар фаолларини бир жойга йиғиб, масаланинг моҳиятини ва аҳамиятини тушунтирганмиз. Ҳамма борича, имконият даражасида газетани қўллаб-қувватлади. Натижада нафақат газетани сақлаб қолдик, балки унинг ададини 13 минг нусхагача кўтаришга муваффақ бўлганмиз.

Хўш, бугун туман нашрини қўллаб-қувватлашда жамоатчиликнинг бир ёқадан бош чиқаришига нима халал бераяпти? Маълумотларга кўра, айни дамда Шаҳрисабз шаҳри ва туманида 9 мингга яқин юридик мақомга эга ташкилот бор. Уларнинг ҳар бири бир донадан обуна бўлса ҳам газетанинг тиражи кўтарилмайдими? Шунда ўз-ўзидан газета даврийлиги ошади, балки ҳафтада икки-уч марта чоп этиладиган бўлади, ўзини иқтисодий жиҳатдан тутиб олади. Ваҳоланки, таҳририятнинг ҳозирги биноси талабга жавоб бермайди ҳисоб. Ўтган асрнинг 70-йилларида лойиҳасиз қурилиб, кейин қаровсизликдан ташландиқ ҳолатга келиб қолган бинони таҳририят туман ҳокимининг қарори билан фойдаланишга олиб, уни ўз маблағи ҳисобидан қайта таъмирлаган. Бино қишда иситилмайди, ёзда эса совитилмайди. Қарангки, энди мана шу ташландиқ бинонинг ҳам эгаси топилибди. Шаҳрисабз туман халқ таълими бўлими маъмурияти шу жойга даъво қилаётган экан.

Бундай вазиятда газета фаолиятида ижобий ўзгаришни кутиб бўладими? Шу ўринда яқин тарихни эсга олайлик. Ўз гастроллари билан туман, вилоят ва республика хизматида бўлган Қори Зокиров номидаги халқ театри, қатор ҳофиз ва ҳофизаларни республика даражасида танитган “Шаҳрисабз мақом ансамбли”, шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли “Қўғирчоқ театри”, собиқ иттифоқ республикалараро кубоги соҳиби, футбол бўйича республика биринчи лигаси иштирокчиси “Ҳисор” футбол клуби, “Оқсарой ВИА” дастаси, хиёбон ичида жойлашган “Ёшлар маркази”, бундан ташқари, Шаҳрисабз бокс мактаби, “Энг яхши кулол ва кандакор”, “Энг яхши заргар, наққош ва дурадгор” Шаҳрисабз шаҳар ва туман кўрик-танловлари, “Кеш мусаввирлар нигоҳида” галереяси...

Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин ва бежиз эсламадик. Айнан улар Шаҳрисабз довруғини дунёга тарат(аёт)ган эди. Агар вақтида озгина эътиборли бўлганимизда, уларнинг аксарияти бугун ўз фаолиятини давом эттираётган бўларди. Афсуски, эътибор ҳам бўлмади ва маънавиятимизнинг шунча хазинаси буткул тугади.

Шундан келиб чиқсак, бугун Шаҳрисабз тумани ва шаҳрининг ягона  нашри бўлган “Kesh” ҳам яқин орада мана шу рўйхатга тушиб қолмасмикан, деган хавотирга боради киши.

Албатта, кўп гап муассисга – туман ҳокимлигига боғлиқ. Агар улар ўз    нашри тақдирига бефарқ бўлишмаса, албатта, газета ишини кучайтириш мумкин. Бундан нафақат таҳририят, балки ҳокимиятнинг ўзи ҳам, шунинг баробарида муштарийлар ҳам фақат ютади. Қолаверса, Шаҳрисабз бир эмас, икки ҳокимлик: шаҳар ва туман ҳокимлиги томонидан бошқарилади. Кўринаяптики, эга кўп. Унда нега нашр фаолияти ривожланиш ўрнига орқага қараб кетаяпти? Ё эга кўплиги учунми?

Гап муассис ва таҳририят ҳақида бораркан, вилоятдаги бошқа нашрларда ҳам аҳвол яхши эмаслигини таъкидлаш ўринли. Айрим туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталар бор-йўғи 400-500 нусхада чоп этилаяпти ва аҳволни яхшилаш учун бирор чора кўрилмаяпти. Бунинг сабаблари хусусида эса кейинги мақолаларимизда бафуржа сўз юритамиз.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!